Соғлом эътиқодга йўлланма: Фаришталарга иймон келтириш

0

Иккинчи асос

Фаришталарга иймон келтириш

Аллоҳга ҳамд-санолар, охирги пайғамбар Муҳаммад, у зотнинг оилалари ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

Исломий ақида тўғрисидаги сўзимизни давом эттирамиз. Собиқ мақолаларимизда ақида асосларининг биринчиси бўлмиш Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтириш тўғрисида гапирдик. Энди эса иймон асосларининг иккинчиси – фаришталарга иймон келтириш тўғрисида сўз юритамиз.

Фаришталарга иймон келтириш Жаброил алайҳиссалом ҳадисида келганидек, олти иймон рукнидан биридир. Жаброил ҳадисида шундай дейилади: «(Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир»[1]. Дарҳақиқат, фаришталарга иймон келтириш Қуръони Каримнинг кўп оятларида Аллоҳга иймон келтириш билан ёнма-ён зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Улардан ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирдилар» [Бақара: 285], «Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтиришдир…» [Бақара: 177].

Фаришталарга иймон келтириш уларнинг борлигини, мукаррам бандалар эканини, Аллоҳ уларни Ўзига ибодат қилиш ва буйруқларини бажариш учун яратганини тасдиқлашни, Қуръон ва суннатда келганидек, уларнинг турларига, сифатларига, бажарадиган ишларига иймон келтиришни, шунингдек, уларнинг Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридаги фазли ва мартабасига иймон келтиришни ўз ичига олади.

«Саҳиҳи Муслим»да келишича, Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган.

Аллоҳ таоло фаришталарни Ўзига нисбат бериши уларнинг нечоғлик фазилатли ва шарафли бандалар эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтади» [Аҳзоб: 56], «Улардан ҳар бири Аллоҳга, Унинг фаришталарига… иймон келтирдилар» [Бақара: 285], «Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига кофир бўлса…» [Нисо: 136], «Кимда ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига… душман бўлса…» [Бақара: 98].

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг ягона илоҳлигига гувоҳлик беришини ва пайғамбарига салавот айтишини фаришталарнинг гувоҳлиги ва салавоти билан бирга зикр қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ Ўзидан бошқа (ҳақ) илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди ва фаришталар ҳам (гувоҳлик бердилар)» [Оли Имрон: 18], «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтади» [Аҳзоб: 56].

Аллоҳ таоло фаришталарни улуғ, итоаткор ва мукаррам бандалар деб сифатлаб шундай дейди: «(Бу азиз ва мукаррам саҳифалар) улуғ ва итоаткор котиблар (яъни фаришталар) қўлларидадир» [Абаса: 15], «Ҳолбуки, аниқ сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир» [Инфитор: 11], «Аксинча, улар мукаррам бандалардир» [Анбиё: 26].

Шунингдек, Аллоҳ таоло фаришталарни юксаклик билан, шунингдек, уларни Ўзига яқин муқарраб бандалар деб сифатлайди: «У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар» [Соффот: 8], «Унга (Аллоҳнинг) яқин (фаришта)лари гувоҳ бўлурлар» [Мутаффифийн: 21].

   Аллоҳ таоло фаришталар аршни кўтариб ва уни ўраб туришини зикр қилиб шундай дейди: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар)» [Ғофир: 7], «(Эй Муҳаммад), сиз (ўша кунда) фаришталарни арш атрофини ўраб олган ҳолларида кўрурсиз» [Зумар: 75].

Аллоҳ таоло фаришталарни Ўзининг ҳузурида экани, Унга ибодат қилиб, тасбеҳ айтишини зикр қилиб шундай дейди: «Албатта, Раббингизнинг ҳузуридагилар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан ўзларини катта олмайдилар, Унга ибодат қиладилар ва тасбеҳ айтадилар (яъни Уни барча айб-нуқсонлардан поклайдилар)» [Аъроф: 296], «Агар (кофирлар Аллоҳга сажда қилишдан) кибр-ҳаво қилсалар, (билингки), Раббингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) кеча-ю кундуз ҳеч зерикмасдан-малолланмасдан У зотга тасбеҳ айтурлар — сажда қилурлар» [Фуссилат: 38].

Фаришталар бажарадиган ишларга келсак, улар бу жиҳатдан бир неча синфга бўлинадилар. Улардан аршни кўтариб турадиганлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар)» [Ғофир: 7], «Уларнинг устида Раббингизнинг аршини у кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» [Ҳааққа: 17].

Фаришталардан муқарраб, яъни Аллоҳга яқин фаришталар бор. Аллоҳ таоло айтади: «Масиҳ (Исо ибн Марям) ҳам, Аллоҳга яқин муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар» [Нисо: 172].

Улардан жаннатлардаги ишлар, жаннат аҳлига неъматларни тайёрлаш иши топширилганлари бор. Шунингдек, улардан дўзах ишлари, дўзах аҳлини азоблаш вазифаси юклатилганлари бор. Уларга «забониялар» дейилиб, энг катталари ўн тўққизтадир. Дўзах қўриқчиларининг раҳбари фаришта Моликдир. Аллоҳ таоло айтади: «Унда (жаҳаннамда) ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик қилур)» [Муддассир: 30], «Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик,  Парвардигоринг бизларга ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик»), дейдилар» [Зухруф: 77], «(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», дедилар» [Ғофир: 49], «Унда (яъни дўзахда) тошбағир ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган ишга итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган ишни қиладиган фаришталар (қўриқчилик қилиб) турур» [Таҳрим: 6].

Фаришталардан дунёда одамларни турли офат ва азиятлардан сақлаш вазифаси юклатилганлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» [Раъд: 11]. Бу фаришталар Аллоҳнинг амри билан бандани тўрт томонидан турли бало-кулфатлардан асраб турадилар. Агар бандага тақдирда ёзилган иш содир бўлса, тақдирга йўл бўшатадилар.

Фаришталардан бандаларнинг амалларини сақлаб қўядиган, ёзиб борадиганлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (яъни ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб – ёзиб турурлар. У бирон сўз талаффуз қилмасин, албатта унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» [Қоф: 17-18], «Ҳолбуки, аниқ сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир» [Инфитор: 11]. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларнинг ичингизда кечаси ва кундузи фаришталар алмашиб туради»[2]. Демак, инсонга уни азиятлардан сақловчи фаришталар, шунингдек, ундан содир бўлган барча сўз ва хатти-ҳаракатларни ёзиб борувчи фаришталар ҳамроҳлик қиладилар.

Шунингдек, фаришталардан бачадонга ва ундаги уруққа бош-қош бўлиш вазифаси топширилганлари бор. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Содиқ ва масдуқ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қуйидагиларни айтиб бердилар: “(Эй Одам болалари, ота-оналардан ажралиб чиққан ва ундан) ҳар бир инсон яратиладиган сув инсон онасининг бачадонида қирқ кун муддатда нутфа (яъни сперма) ҳолида жамланиб туради. Сўнг яна шунча муддатда (яъни қирқ кун мобайнида) лахта қонга айланади. Сўнг яна шунча муддатда бир парча гўштга айланади. Сўнгра (бир юз йигирма кунлик ҳомилага айлангач), унга бир фаришта юборилади ва унга руҳ пуркайди. Фаришта тўрт калимани: унинг (дунёдаги) ризқини, ажалини (яъни ҳаёт муддатини), амалини ва (охиратда) саодатли ёки бадбахт бўлишини ёзишга буюрилади»[3].

Фаришталардан одамларнинг руҳини қабз қилиш вазифаси юклатилганлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз (яъни ўлим фаришталари), сусткашлик қилмаган ҳолларида унинг жонини олурлар» [Анъом: 61], «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» [Сажда: 11]. Ўлим фариштасининг ёрдамчи фаришталари бор. Улар банданинг жонини – руҳини танасидан чиқариб олурлар. Руҳ банданинг ҳалқумига келганида уни ўлим фариштаси олур.

 Умуман олганда, Аллоҳ таоло юқори ва пастки оламга алоҳида фаришталарни тайинлаган бўлиб, улар Аллоҳнинг изни ва амри ила улардаги ишларни бошқариб турадилар. Аллоҳ таоло айтади: «(Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина иш юритурлар» [Анбиё: 27], «Улар Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган ишни қиладиган фаришталардир» [Таҳрим: 6]

Шунинг учун Аллоҳ таоло фаришталар ишларни бевосита бажарувчи бўлганлиги сабаб баъзан тадбир – ишларни бошқариб туришни уларга нисбат беради: «Ишнинг тадбирини қилувчи (фаришта)ларга қасамки…» [Нозиот: 5]. Бошқа бир ўринда эса Аллоҳ таоло тадбирни Ўзига нисбат беради: «У ишни тадбир қилади» [Сажда: 5].

Фаришталар Аллоҳ билан махлуқотлари ўртасидаги ҳамда борлиқда Унинг ишларини бажарувчи элчиларидир. Зеро, малак (фаришта) исми расул (элчи) деган маънони ўз ичига олади. Чунки бу сўз рисолат маъносини англатувчи «ал-алука» сўзидан ясалган. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳамд-сано осмонлар ва ерни илк яратган ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилган Аллоҳга хосдир» [Фотир: 1], «Кетма-кет юборилувчи фаришталарга қасам» [Мурсалот: 1]. Демак, фаришталар Аллоҳнинг еру осмонлар ишини бошқарувчи коинотга оид буйруқларини ижро этувчи, шунингдек, Аллоҳнинг диний буйруқларини ҳам тадбир этувчи, уларни башар жинсидан бўлган пайғамбарларга нозил қилувчи элчиларидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳ) Ўз амри билан Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, бандаларимни) Мендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканидан огоҳлантирингиз. Шундай экан,  (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!» [Наҳл: 2], «Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир» [Ҳаж: 75].

Фаришталарнинг энг улуғи Жаброил алайҳиссалом бўлиб, у ваҳий фариштасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» [Шуаро: 192-195], «(Эй Муҳаммад) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудс (яъни Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан ҳақ билан нозил қилганини айтинг» [Наҳл: 102].

Аллоҳ таоло фаришталарга турли хил сурат ва шаклларга кириш имкониятини берди. Дарҳақиқат, фаришталар Иброҳим ва Лут алайҳимассаломнинг ҳузурига одам суратида келишган эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига турли суратларда келар эди. Гоҳида Диҳятул Калбий деган одам суратида, гоҳида бир аъробий суратида, баъзан ўзининг асл хилқати кўринишида келарди. Жаброил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки бор асл суратида кўринганди. Негаки, инсонлар фаришталарни асл суратида кўришга қодир эмаслар. Мушриклар Аллоҳ таоло уларга фаришталардан пайғамбар юборишини талаб қилишганида Аллоҳ таоло шундай деган эди: «Унга (яъни Муҳаммадга пайғамбарлигини тасдиқ этадиган) бирон фаришта тушса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш тугатилган бўлур эди. Сўнгра уларга қараб турилмас. Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни инсон суратида) қилган ва уларга чигал бўлиб турган нарсани янада чигаллаштирган бўлур эдик» [Анъом: 8]. Яъни, агар инсонларга фаришта пайғамбар юборганимизда, одамлар у билан юзма-юз гаплашиши, ундан ваҳийни ўрганиб, муомала қилишлари учун уни инсон суратида юборган бўлур эдик. Негаки, инсон жинси фақат ўз жинсидан бўлган пайғамбар билан алоқа қилади, бегона жинсдан эса қочади.

[1] Муслим ривояти, «Иймон китоби», «Иймон, ислом, эҳсон ва Аллоҳнинг тақдирини исботлашга иймон келтириш вожиблиги тўғрисидаги боб», 1, 8-ҳадислар.
[2] Бухорий (530, 3051, 6992), Муслим (632), Насоий (485) ривояти.
[3] Бухорий (3208), Муслим (2643) ривояти.

Изоҳ қолдиринг