Намоз: Иқоматни «совутиш» ва азон айтган иқомат айтиши

0

Иқоматни «совутиш»

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи»да «Иқоматдан сўнг имомнинг бирон иши чиқиб қолиши тўғрисидаги боб» деб сарлавҳа қўйиб, сўнг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтиради: «Намозга иқомат (такбир) айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эсалар масжиднинг бир чеккасида бир киши билан ўзаро гаплашиб турардилар. Одамларни мудроқ тутмагунча намозга турмадилар»[1].

Аллома Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадисдан агар бирон ҳожат учун бўлса, иқомат билан такбири таҳрима ўртасида бир муддат ўтиши жоизлиги келиб чиқади. Аммо бирон ҳожатсиз бўлса, бундай қилиш макруҳдир»[2].

  • Азон айтган иқомат айтиши шартми?

Азон айтган инсон иқомат айтиши афзалдир. Чунки муаззин Билолнинг ўзи иқомат айтар эди. Шунингдек, муаззиндан бошқа киши иқомат айтса ҳам жоиз. Зеро, фақат муаззин иқомат айтиши мустаҳаб эканига далолат қиладиган бирон далил йўқ. Бу борада ривоят қилинган «Ким азон айтса, ўша иқомат айтади»[3] деган ҳадис заиф ҳадисдир.

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадис Ифриқий ривоят қилган ҳадислардан. У ҳадис аҳли наздида заиф ровий саналади. Бироқ аксар уламолар азон айтган иқомат айтишига амал қилиб келишган»[4].

Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким азон айтса, иқоматни ҳам ўша айтишини яхши кўрдим»[5].

Албатта, юқоридаги фикрлар азон айтган кишининг иқомат айтиши афзал эканини ифода этади. Негаки, Билол розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам азон, ҳам иқомат айтгани собит бўлган. Бироқ азон айтган кишидан бошқанинг иқомат айтиши макруҳ эмас. Айниқса, муаззин бирон сабабга кўра кечикса, ундан бошқанинг иқомат айтиши жоиздир. Бу ўринда эътибор қаратиш лозим бўлган ишлардан яна бири, муаззин то имом изн бермагунча иқомат айтмаслиги керак.

[1] Бухорий (642), Муслим (376), Термизий (518), Насоий (2/81) ривояти.
[2] «Фатҳул Борий» (2/124).
[3] Абу Довуд (514), Термизий (199), Ибн Можа (717) ривояти. Ҳадис санади заиф, чунки унда Абдураҳмон ибн Зиёд ибн Анъум Ифриқий мавжуд бўлиб, у заиф ровийдир.
[4] «Сунани Термизий» (1/384).
[5] «Ал-ум» (1/175).

Изоҳ қолдиринг