Қирқ ҳадис: Еттинчи ҳадис: Дин насиҳатдир

0

Абу Руқайя Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дин насиҳат (яъни насиҳат қилинувчига яхшиликни раво кўриш)дир». Биз айтдик: «Кимга насиҳат, ё Расулуллоҳ?». У зот айтдилар: «Аллоҳга, китобига, расулига, мусулмонлар раҳбарларига ва омма мусулмонларга (насиҳатдир)» [Муслим ривояти].

Шарҳ

Абу Руқайя:

Бу аёл кишининг исмига қўйилган кунядир. Аксар ҳолатларда куня эркаклар исмига қўйилади. Шунга қарамай гоҳида (ва айниқса, шахс шу куня билан машҳур бўлган пайтда) куня аёл кишининг исмига қўйилади. Баъзан куня ҳайвонлар ва ундан бошқа нарсаларнинг исмига ҳам қўйилади. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни мисол қилиш мумкин. Бу саҳобанинг қўлга ўрганган мушукчаси бўлгани учун унга Абу Ҳурайра (мушукча отаси) деб куня қўйилган.

Дин насиҳатдир:

Мазкур гапдаги эга ва кесимнинг ҳар иккиси арабча жумлада аниқлик артикли (алиф лом) билан бирга келган. Араб тили балоғат фани (араб риторикаси) уламоларининг айтишича, эга ва кесимнинг аниқлик артикли билан бирга келиши «ҳаср» – чекловни ифода этади. Бинобарин, «дин насиҳатдир» деган гап «дин фақат насиҳатдир» деган гап билан баробардир.

Ҳадисдаги «дин» сўзидан мақсад амал динидир. Чунки дин икки қисмга: амал дини ва жазо-мукофот динига бўлинади. Аллоҳ таолонинг «Молики явмид-дин» [Фотиҳа: 4], яъни «дин кунининг подшоҳи» оятидаги диндан мақсад жазо-мукофот динидир. Бинобарин, оят «жазо ва мукофот кунининг подшоҳи» деган маънони ифода этади. Аммо Аллоҳ таолонинг «Ва сизларга исломни дин сифатида рози бўлдим» [Моида: 3] деган оятидаги диндан эса амал дини назарда тутилган.

Демак, ҳадисдаги дин сўзидан амал дини кўзда тутилган. Насиҳат сўзининг асл луғавий маъноси «холислик, софлик, беғуборлик» маъноларидан иборатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошиданоқ кимга насиҳат қилинишини баён қилмай, саҳобаларнинг ўзлари бу ҳақда савол сўрашларини хоҳладилар. Чунки бирон маълумот аввалига мужмал айтилиб, сўнг батафсил баён қилинса, эсда қоларли бўлади. Зеро, мужмал гапни эшитган инсон уни баён қилинишига ошиқади. Тафсилотларни билишга ошиқиб турган кишига келган баён унинг зеҳнида чуқурроқ ўрнашади.

Ҳадиснинг баъзи ривоятларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Дин насиҳатдир» деган гапни уч бор такрорлаганлар, яъни «Дин насиҳатдир, дин насиҳатдир, дин насиҳатдир» деганлар.

«Биз айтдик: «Кимга насиҳат, ё Расулуллоҳ?». У зот айтдилар: «Аллоҳга, китобига, расулига, мусулмонлар раҳбарларига ва омма мусулмонларга (насиҳатдир)»:

Аллоҳга насиҳат қилиш иккита ишни ўз ичига олади:

Биринчидан, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш.

Иккинчидан, Аллоҳнинг ягона Илоҳ, ягона Раб, ҳамда гўзал ва мукаммал исм ва сифатлар соҳиби эканига гувоҳлик бериш.

Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш бир қанча нарсаларни ўз ичига олади. Жумладан:

Биринчидан, Аллоҳнинг китобини ҳимоя қилиш, дин душманларининг Қуръони Каримни ўзгартиришига йўл қўймаслик, унинг маъноларини бурмоқчи бўлганларнинг нотўғри талқинларини фош қилиш.

Иккинчидан, Қуръони Каримда келган хабарларни ҳеч иккиланмасдан кескин равишда тасдиқлаш. Агар инсон ундаги бирон хабарни ёлғон деса, унга шак қилса ёхуд унинг ҳақ эканига иккиланса, Қуръонга насиҳат қилмаган бўлади.

Учинчидан, Қуръон буйруқларига бўйсуниш. Қуръонда қайси бир бўйруқ келса, албатта унга бўйсунинг, агар бўйсунмасангиз, Қуръонга насиҳат қилмаган бўласиз.

Тўртинчидан, Қуръон қайтарган ишдан тийилиш. Инсон Қуръон қайтарган ишдан тийилмаса, унга насиҳат қилмаган бўлади.

Бешинчидан, Қуръони Карим ўз ичига олган ҳукмларни энг яхши ҳукмлар деб, улардан кўра яхшироқ ҳукм йўқ, деб иймон келтириш.

Олтинчидан, Қуръони Каримни, унинг ҳарфларини ҳам, маъноларини ҳам Аллоҳнинг каломи деб, Аллоҳ таоло уни ҳақиқатда гапирган, уни Жаброил Аллоҳдан қабул қилиб олиб, бутун оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун очиқ араб тилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбига нозил қилган, деб иймон келтириш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат қилиш ҳам бир қанча нарсаларни ўз ичига олади. Жумладан:

Биринчидан, у зотга холис ва чинакам эргашиш, у зотдан бошқага эргашмаслик. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, сизлар учун: Аллоҳни ва охират кунини умид қилган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда чиройли ўрнак бор» [Аҳзоб: 21].

Иккинчидан, у зотнинг ҳақиқатдан Аллоҳнинг расули эканига, асло ёлғон сўзламаган ва у зотга ёлғон ваҳий қилинмаган эканига, аксинча, у зотнинг ростгўй экани ва унга нозил қилинган ваҳийнинг ҳам рост эканига иймон келтириш.

Учинчидан, у зот хабар берган ўтмишга, ҳозирга ва келажакка доир барча хабарларга иймон келтириш.

Тўртинчидан, у зотнинг бўйруқларига бўйсуниш.

Бешинчидан, у зот қайтарган ишлардан тийилиш.

Олтинчидан, у зотнинг шариатини ҳимоя қилиш.

Еттинчидан, амал қилиш шартлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари худди Қуръонда келган Аллоҳнинг сўзлари билан баробар деб эътиқод қилиш. Зеро, бу борада суннатда собит бўлган нарса Қуръонда келган нарса билан баробардир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга итоат қилингалар» [Нисо: 59], «Кимда ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди» [Нисо: 80], «Расул неки келтирса, уни олинглар, у нимадан қайтарса, тийилинглар» [Ҳашр: 7].

Саккизинчидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклигида у зотга ёрдам бериш, у зот билан ёнма-ён туриш, ўлганларидан кейин суннатларига амал қилиш ва уни ёйиш.

«мусулмонлар имомларига (раҳбарларига):

Имом дегани ўрнак деганидир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Иброҳим Аллоҳга бўйсунувчи уммат (имом) бўлган эди» [Наҳл: 120]. Яъни Иброҳим имом – ўрнак бўлган эди. Раҳмон бандаларининг қуйидаги сўзи ҳам шу қабилдан: «…Бизларни тақводорларга имом (ўрнак) қилгин» [Фурқон: 74].

Мусулмонлар имомлари икки синфдан иборат:

Биринчиси, уламолар. Уламолардан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илм, ибодат, ахлоқ ва даъватни мерос олган раббоний уламолардир. Ана ўшалар чинакам раҳбарлардир. Негаки, улар омма халқ билан ҳам, амирлар билан ҳам мулоқот қиладилар, Аллоҳнинг динини баён қилиб, унга одамларни даъват қиладилар.

Иккинчиси, Аллоҳнинг шариатини ижро этувчи амирлар. Шунинг учун уламолар шариатни баён қилувчилар дейилса, амирлар шариатни ижро этувчилар дейилади. Улар Аллоҳнинг шариатини ўзларида ва Аллоҳнинг бандаларида амалий татбиқ қилишлари вожибдир.

Уламоларга насиҳат қилиш бир қанча ишларни ўз ичига олади. Жумладан:

Биринчидан, уларни яхши кўриш. Зеро, инсон яхши кўрмаган кишисига эргашиши, ундан ўрнак олиши имконсиз.

Иккинчидан, ҳақни баён қилишда уларга ёрдам бериш. Бинобарин, инсон ҳар бир замон ва маконга муносиб матбуот воситалари орқали уларнинг китобларини ёйиши лозим.

Учинчидан, уларнинг обрў-эътиборини ҳимоя қилиш. Борди-ю, раббоний уламолардан бирига ноўрин ва ножўя бирон нарса нисбат берилса, сиз қуйидаги ишларни босқичма-босқич амалга оширишингиз вожиб бўлади:

Биринчи босқич: аввало бу сўз ёки ишнинг олимга нисбати тўғрими ёки йўқлигини аниқлаш лозим. Негаки, олимларга қанчадан-қанча гап-сўзлар нисбат берилади, ҳолбуки, барчаси ёлғондан иборат бўлади. Бинобарин, аниқлик киритиш лозим. Агар чиндан ҳам бу сўзни олим айтгани аниқ бўлса, у ҳолда навбатдаги босқичга ўтинг.

Иккинчи босқич: олимга нисбат берилган сўзни мушоҳада қилиб кўринг: бу сўз учун олимни танқид қилиш тўғрими, йўқми? Зеро, баъзан бирон бир сўз бир қарашда танқидга яроқли бўлиб кўринади-ю, озроқ ўйлаб кўрилса, унинг ҳақлиги ошкор бўлади. Шунинг учун олимларга нисбат берилган гап-сўзлар тўғрисида ўйлаб кўриш керак, чиндан ҳам танқидга яроқлими ёки йўқми?

Учинчи босқич: мушоҳада қилиб кўрилгач, олимга қаратилган танқидлар асоссизлиги маълум бўлса, у ҳолда олимни ҳимоя қилиш ва буни одамлар ўртасида ёйиш, гарчи одамларнинг фикри ёки урфига хилоф бўлса-да,  олимнинг гапи ҳақ эканини баён қилиш лозим.

Тўртинчи босқич: агар сиз олимга нисбат берилган фикрни чиндан ҳам ундан содир бўлган ва танқидга яроқли деб топсангиз, у ҳолда иложини қилиб, олим билан алоқага чиқишингиз ва айтайлик, унга одоб билан шундай дейишингиз лозим: «Сиз ҳақингизда шундай-шундай фикрларни эшитдим. Илтимос, менга бу фикрингизни шарҳлаб берсангиз. Албатта, сиз бизлардан илмлисиз». Олим сизга ўз фикрини баён қилгач, сиз унинг фикрини муҳокама қилишга ҳаққингиз бор. Бироқ мурожаат ва муҳокама одоб, ҳурмат-эҳтиром доирасида, олимнинг мавқеи ва нуфузига муносиб услубда бўлиши зарур.

Аммо баъзи жоҳиллар борки, бирон олимнинг унинг фикрларига тескари бирон фикр билдирганини кўришса, унинг ҳузурига бориб, қўполлик ва шиддат билан муомала қиладилар, ҳатто олимнинг юзига қўлларини силкитиб, ўдағайлайдилар, «Бу қанақаси, бу фикрни қаердан топдингиз, Аллоҳдан қўрқмайсизми?!» каби иборалар билан унга танбеҳ берадилар. Ҳолбуки, чуқурроқ ўйлаб кўрилса, олимнинг фикри ҳадисга мувофиқлигини, уларнинг фикри эса ҳадисга зид эканини кўрасиз. Аксар ҳолларда бунга улардаги манманлик, ортиқча ўзига бино қўйиш сабаб бўлади. Улар фақат ўзларини аҳли суннат ва салафлар йўлида деб биладилар. Ваҳоланки, улар салафлар йўлидан ҳам, суннатдан ҳам энг узоқ инсонлардир.

Инсон қачон ўзига бино қўйса, фикри билан мағрурланса (Аллоҳ паноҳ берсин), ўзгаларни заррадек кўради. Бундан эҳтиёт бўлинг!

Тўртинчидан, уламоларнинг хато қилганини билсангиз, жим туриб, «мендан кўра билими кўпроқ», деманг, аксинча, одоб-эҳтиром билан фикрини муҳокама қилинг. Зеро, инсон баъзан шаръий ҳукмда хатоликка йўл қўйиши, ундан кўра билими пастроқ кишининг танбеҳи сабаб бўлиб, хатосини тўғрилаши мумкин. Бу ҳам уламоларга насиҳат қилишнинг бир кўринишидир.

Бешинчидан, одамларни даъват қилиш соҳасида олимларни самаралироқ йўлларга бошлаш. Баъзи уламолар борки, илмга ва илмни ёйишга бўлган муҳаббати ўта кучли, одамлар йиғилган ҳар қандай жойда уларга ваъз қилади. Бироқ бу баъзи ҳолларда одамларга малол келади, улар олимнинг гапидан зерикиб қоладилар, «Бу киши бизларни жуда қийнаб қўйди-да, қаерда бўлса, гапираверади!» дея шикоят қила бошлайдилар. Бундай пайтларда олимга танбеҳ бериш, ваъз-насиҳат учун муносиб вақтларни танлашни маслаҳат бериш ҳам унга насиҳат қилиш қабилидан саналади. Бу каби ҳолатларда танбеҳ берувчи «танбеҳ берсам, олимни илм ёйишдан тўсиб қўйган бўламан» демаслиги керак. Аксинча, бу илмни авайлаб-асраш ҳисобланади. Чунки ваъздан зериккан халқ олимнинг ўзидан ҳам, унинг гапларидан ҳам безиб қоладилар.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар зерикиб қолмасликлари учун уларга ора-чорада ваъз қилар эдилар[1]. Ҳолбуки, у зотнинг ўзлари ҳам, сўзлари ҳам суюкли эди. Бинобарин, чўпон қўйларга энг унумдор ва фойдали яйловларни танлагани каби олим киши ҳам одамларга энг фойдали ва энг муносиб услубда муомала қилиши лозим.

Амирларга насиҳат қилиш бир қанча ишларни ўз ичига олади. Жумладан:

Биринчидан, уларни имом ва амир деб эътиқод қилиш. Кимда ким уларни амир деб эътиқод қилмаса, уларга насиҳат қилмаган бўлади. Негаки, у уларни амир деб тан олмаса, уларнинг бўйруғига бўйсунмайди, улар қайтарган ишлардан тийилмайди. Бинобарин, уларни ё имом, ё амир деб эътиқод қилиш лозим. Кимда ким бирон амирга байъат қилмаган ҳолда ўлим топса, жоҳилона ўлим топган бўлади. Кимда ким Қурайш қабиласидан бўладими ёки бошқасиданми, гарчи зўравонлик йўли билан бўлса-да, мусулмонлар устидан раҳбар бўлса, у имомдир.

Иккинчидан, амирларнинг яхши ишларини, хислатларини халқ ичида ёйиш. Чунки бу халқнинг амирларни яхши кўришига олиб боради. Халқ амирларини яхши кўрса, уларнинг бўйруқларига бўйсуниши осон бўлади.

Баъзи инсонлар бунинг ғирт тескарисини қиладилар, амирларнинг хатоларини ёйиб, яхши ишларини яширадилар. Албатта, бундай қилиш жабр ва зулмдир.

Масалан, амирларнинг танқидга арзигулик биргина ишини гапириб, уларнинг талай яхшиликларини унутиб қўядилар. Бу айни зулмдир.

Учинчидан, улар буюрган ишларни бажариш ва қайтарган ишлардан тийилиш. Албатта, уларнинг гуноҳ ишларга буюриши бундан мустасно, зеро, банданинг гуноҳ ишларда бировга итоат қилиши жоиз эмас. Амирларга итоат қилиш шунчаки сиёсат учун бўлмай, балки уларга итоат қилиш ибодатдир. Чунки Аллоҳ таоло уларга итоат қилишга буюради. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларга (ҳам итоат қилинглар)» [Нисо: 59]. Кўриб турганингиздек, амирларга итоат қилиш Аллоҳ буюрган ишлар жумласидандир. Маълумки, Аллоҳ буюрган ишлар ибодатдир.

Амирларга итоат этиш учун уларнинг гуноҳ ишлар қилмаслиги шарт қилинмайди. Улар гарчи Аллоҳга осий бўлсалар ҳам сиз уларнинг бўйруқларига итоат қилаверинг. Чунки амирлар ўзлари билан Аллоҳнинг ўртасида гуноҳ ишлар қилсалар-да, биз мусулмонлар уларга итоат қилишга буюрилганмиз. Муҳими улар буюрган ишлар гуноҳ ишлар бўлмаса бас.

Тўртинчидан, имкон қадар уларнинг камчиликларини яшириш. Зеро, уларнинг хато-камчиликларини ёйиш уларга насиҳат қилиш саналмайди. Чунки амирларнинг айбларини ёйиш халқда уларга нисбатан адоват, нафрат ва ғазаб уйғотади. Қалблар ғазабга тўлса, исёнкорлик бошланади, эҳтимол амирларга қарши уруш бошланиб кетиши ва оқибатда мусулмонлар жамиятида катта бузғунчилик, фасод ва қайғули ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Амирларнинг хато-камчиликларини тарқатмаслик дегани бу камчиликлардан кўз юмиш, сукут қилиш керак дегани эмас. Аксинча, имкони бўлса, бевосита амирнинг ўзига насиҳат қилиш, имкони бўлмаса, амир билан боғланиш имкониятига эга бўлган уламолар, нуфузли кишилар воситасида унга насиҳатни етказиш лозим. Шунинг учун Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бир қавм уни маломат қилишиб: «Сиз фалончи (яъни халифа)га айтган гапингизни айтмадингиз», дейишганида: «Нима, мен амирга айтган барча гапимни сизларга айтишимни истайсизларми?!», деган маънода уларга танбеҳ беради. Албатта, инсон амирга айтган ҳар қандай гапини халққа айтмаслиги лозим. Негаки, у амирга айтган гапини одамларга айтса, агар амир унинг гапини маъқул кўриб, амалга оширган бўлса, одамлар «амир фалончининг гапига кирибди, амирлиги қолмабди!», дейишади, агар унинг гапини олмаган бўлса, одамлар «амир ҳаддидан ошибди», деган гап чиқаришади.

Шунинг учун амирга насиҳат қилган киши ўрталаридаги гапни одамларга айтмаслиги лозим. Чунки амир иккисининг ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни халққа етказиш кўпинча катта зиёнга сабаб бўлади.

Бешинчидан, амирларга қарши чиқмаслик, исён бошламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир ҳолатдагина уларга қарши чиқишга рухсат берар эканлар, шундай дейдилар: «Улардан очиқдан-очиқ куфр ишни кўришингиз (ёхуд аниқ билишингиз) ва сизларда унинг куфр иш эканига Аллоҳ тарафидан қатъий ҳужжат бўлиши бундан мустаснодир (яъни мазкур ҳолатда уларга қарши чиқишингиз жоиздир)»[2].

Хўш, мазкур шартларга асосан амирларга қарши чиқиш жоиз экан, бундан уларга қарши чиқиш вожиб экани англанадими, йўқми? Чунки амирларга қарши чиқиш жоизлиги билан уларга қарши чиқиш вожиблиги ўртасида фарқ бор.

Жавоб: қатъий далилларга асосан очиқдан-очиқ куфр экани маълум бўлган бирон иш амирлардан содир бўлса ҳам уларга қарши чиқилмайди. Фақат уларга қарши чиқишликда мусулмонларга манфаат бўлсагина қарши чиқилади. Зеро, қурол-яроқсиз ёхуд озгина қуролга эга бўлган оз жамоатнинг қудратли қуроллар ва аскарларга эга давлатга қарши чиқиши мусулмонларга ҳеч қандай манфаат келтирмайди. Аксинча, бу иш кўпдан-кўп қон тўкилиши, одамларнинг жони ва моли оёқ ости қилинишига олиб боради ҳамда амирларга қаратилган танқидлар сабаби – улардан содир бўлган куфр ҳам бартараф этилмайди. Бу хулофои рошидийнлар замонасида чиққан хаворижлардан тортиб, то бугунги кунимизга қадар кузатилиб келинган ҳолатдир. Бу каби чиқиш ва исёнлар сабаб юзага келган хунук оқибатлар, даҳшатли хунрезликлар, улкан зарар ва талофатлар ёлғиз Парвардигорнинг Ўзига аён.

Бироқ баъзи инсонлар қалбларидаги ғазаб ва ҳамият ўтини жиловлай олмайдилар ва оқибати ёмон ишларни бошлаб юборадилар. Албатта, бу катта хатодир.

Қолаверса, куфр мезони ўзи нима? Баъзилар бир амални куфр деб билсалар, бошқалар уни куфр деб билмайдилар. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амирлардан содир бўлган куфрнинг куфрлигида шубҳа бўлмаган «очиқдан-очиқ» куфр бўлишини шарт қилдилар. Масалан, бутга сажда қилиш, Аллоҳни ёки расулини сўкиш ва ҳоказо ишлар очиқдан-очиқ куфр ишлардир.

«омма мусулмонларга»:

Омма мусулмонларга насиҳат қилиш уларни яхши кўриш, уларга очиқ юз билан боқиш, салом бериш, холис маслаҳат ва ёрдам бериш ва шу каби уларга фойда ва манфаат келтирадиган, улардан зарарни даф қиладиган ишлар билан амалга ошади.

Шуни яхши билингки, омма мусулмонлардан бирига хитоб қилиш амирлардан бирига хитоб қилиш билан, қайсар ва ўжар бир инсонга хитоб қилиш содда ва жоҳил инсонга хитоб қилиш билан тенг эмас. Ҳар бир мақомнинг ўзига хос услуби ва гапи бор. Қўлингиздан келганча омма мусулмонларга насиҳат қилинг.

Ҳозирга қадар билганларимиздан хулоса қилиш мумкинки, ушбу ҳадис қисқа бўлишига қарамай, дунё ва охиратга тегишли барча фойда ва манфаатларни ўзида мужассам этган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

(1) Ҳадисда зикр қилинган ўринларда насиҳат қилиш, яхшиликни улашиш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ўринларда насиҳат улашиш гуёки бутун бошли динни ифода этишини маълум қилдилар.

(2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли услубда таълим берар эдилар. У зот бирон нарсани аввало мужмал ҳолда зикр қилиб, сўнг уни батафсил баён қилардилар.

(3) Саҳоба розияллоҳу анҳумлар илмга бениҳоят чанқоқ бўлишган эди. Улар одамлар динда яхши англаб етиши лозим бўлган барча ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганлар. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дажжол ер юзида қирқ кун қолади, биринчи куни бир йилга тенг», деганларида, саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бу бир йилга тенг келадиган кунда бизларга бир кунлик намоз ўқишимиз кифоя қиладими?»[3]. Саҳобалар сўрадилар. Демак, бундан келиб чиқадики, дин ишлари борасида саҳобалар сўрамаган нарсани сиз ҳам сўраманг, айниқса, Аллоҳнинг исм ва сифатларига тааллуқли масалаларда. Шу боис, имом Молик роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг аршга истиво қилиши (Арш узра олий бўлиши)нинг кўриниши тўғрисида сўраган кишини бидъатчи деб санади. Чунки у саҳоба розияллоҳу анҳумлар сўрамаган саволни бидъат қилиб чиқарди.

(4) Инсон бирон нарсани баён қилар экан, аввало энг муҳимидан бошлаши лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб Аллоҳга насиҳат қилишдан бошлаб, сўнг китобга, сўнг расулга, сўнг мусулмонларнинг имомларига ва ниҳоят омма мусулмонларга насиҳат қилишни зикр қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам китобга насиҳатни расулга насиҳатдан олдин зикр қилганига сабаб китобнинг боқийлиги, расулнинг эса ўлим топишидир. Қолаверса, китобга ва расулга насиҳат қилиш бир-бирига боғлиқ ишлардир. Ким китобга насиҳат қилган бўлса, расулга насиҳат қилган, расулга насиҳат қилган эса китобга ҳам насиҳат қилган ҳисобланади.

(5) Мусулмонларнинг имомлари – раҳбарларига насиҳат қилиш вожибдир. Биз юқорида мусулмонлар раҳбарлари бўлмиш амирлар ва уламоларга насиҳат қилиш кўринишлари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтдик.

(6) Ҳадисда исломий жамиятнинг албатта имом-раҳбари бўлиши лозимлигига ишора бор. Имомлик гоҳида умумий, гоҳида эса хусусий бўлади.

Айтайлик, масжид имоми ўз масжидида имом-раҳбардир. Шунинг учун уламолар айтишадики, ҳукумат томонидан тайинланган имоми бўлган масжидда имомнинг рухсатисиз жамоат намози ўқилиши жоиз эмас. Чунки бундай қилиниши имомнинг ҳаққига, унинг ваколатига тажовуз саналади.

Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар сафарга отланган кишилар уч нафардан ортиқ бўлсалар, ўрталарида тартибсизлик бўлмаслиги учун бирларини имом қилиб сайлаб олишга буюрганлар[4].

Мусофирлар ўзларига амир қилиб сайлаган кишига сафарга оид ишларда итоат этишлари вожибдир. Чунки уларнинг ўзлари уни амир қилиб сайлаганлар. Бинобарин, бир инсон сафарда жамоатга амир қилиб сайланса ва жамоатдан бирига: «Эй фалончи, тур, фалон ишни қил», деса, модомики буюрган иши сафарга оид ишлардан бўлса, унга итоат қилиш вожиб бўлади. Акс ҳолда, амирликдан не фойда?!

Аммо амир ҳамроҳларидан бирига: «Эй фалончи, тур, пояфзалимни олиб кел», деса, унга итоат қилиш вожиб эмас. Чунки жамоат уни сафарга тааллуқли ишларда амир қилиб сайлашган. Ҳолбуки, у буюрган иш сафарга тааллуқли иш эмас.

Агар сафар амири: «Эй фалончи, бизларга тушлик ҳозирла», деса, унга итоат қилиш вожиб бўлади, чунки бу сафарга тааллуқли масаладир.

Шунингдек, сафар амири: «Кун салқин бўлгунга қадар шу ерда дам оламиз», деса, унга итоат қилиш вожиб бўлади, чунки бу ҳам сафарга оид ишлардан. Умуман олганда, ислом умматининг имоми – халифаси бўлиши лозим. Аллоҳнинг ўзи тавфиқ берувчидир.

[1] Бухорий (68) ривояти.
[2] Бухорий (6647), Муслим (42, 1709) ривояти.
[3] Муслим (110, 2937) ривояти.
[4] Абу Довуд (2608) ривояти.

Изоҳ қолдиринг