Умавийлар давлати: Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси сабаблари, Муовиянинг бунга муносабати (6)

0

Ҳижрий 33 йили фитначиларнинг бошлиқларини аввал Шомга – Муовия ҳузурига, кейин Ҳимсга – Абдураҳмон ҳузурига сургун этилиши Кўфадаги фитнакорларни анча сергак торттирди ва улар вазият тақозосига кўра вақтинча жим юришни ихтиёр қилдилар[1].

Аммо Басра, Миср ва бошқа жойлардаги фитначилар фитна ҳаракатларини давом эттиришди. Усмон ибн Аффон халифалигининг ўн биринчи йили – ҳижрий 34 йили Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўта пухта ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва ўзига эргашган сабаийлар жамоати билан бирга халифага ва унинг волийларига қарши қўзғолон бошлашга келишиб олди. Ибн Сабаъ ўзининг Мисрда жойлашган макр уясидан туриб Басра, Кўфа ва Мадинадаги шайтон малайлари билан алоқа боғлаб, хуруж бошлаш тафсилотлари ҳақида уларга таълимотлар берди, ўрталарида тўхтовсиз ўзаро ёзишмалар бўлиб турди. Кўфадаги сабаийларнинг бошлиқларидан 17 киши Шомга, ундан Жазирага – Абдураҳмон ибн Холид ибн Валид ҳузурига сургун қилинганидан сўнг Кўфадаги сабаийларга Язид ибн Қайс бошлиқ бўлиб қолди. Ҳижрий 34 йили Кўфа эс-ҳушли ва обрў-эътиборли кишилардан деярли бўшаб қолганди, чунки кўпчилик Аллоҳ йўлидаги жиҳодга чиқиб кетишган ва Кўфада асосан сабаийларнинг фитна тўрига илинган тўполончи ва иғвогар кимсалар қолганди. Сабаийлар уларга ўз таъсирларини ўтказишган ва уларни Усмоннинг Кўфадаги волийси Саид ибн Ос розияллоҳу анҳуга қарши қайрашганди. Кўфадаги қўмондон Қаъқо ибн Амр Тамимий сабаийларнинг Язид ибн Қайс бошчилигидаги биринчи исён ҳаракатини бостиришга муваффақ бўлди. Язид Қаъқонинг ўта огоҳ, ақл-фаросатли ва шу билан бирга ўта қаттиққўллигини билгани туфайли унга ўзларининг асл мақсадлари бўлмиш халифа Усмонга қарши исён кўтариш ва уни халифаликдан ағдариш режаларини ошкор қилмади, балки унга  ўзининг ва жамоатининг мақсади фақатгина Кўфа волийси Саид ибн Осни мансабидан бўшатиш ва ўрнига бошқа волий талаб қилиш бўлгандек қилиб кўрсатди. Уларнинг бу талаблари қабул қилинди. Шунинг учун Қаъқо Язиднинг сўзларини эшитгач, уларни озод қилди. У Язидга: “Агар сенинг мақсадинг фақат шу бўлса, одамларни атрофингга йиғиб масжидда ўтирма, уйингга бориб ўтир. Халифадан истаганингни талаб қил, Аллоҳнинг изни билан талабинг қабул этилади”, деди. Язид ибн Қайс фитна оловини ёқишдан тўхтамади ва хуруж қилиш режасини ортга суриб туришга мажбур бўлди. Сўнг сабаийларнинг макрлари, тадбир ва режалари остида тўполончи ва ғавғочилар Язид ибн Қайс бошчилигида Кўфа волийси Саид ибн Оснинг Кўфага киришига монелик қилдилар, ўшанда Саид Мадинадан келаётган эди[2].

Тўполончи сабаийлар фитна қўзғаш ва беқарорлик келтириб чиқариш мақсадида хуруж бошлагач, мусулмонларнинг нуфузли ва эътиборли кишилари халққа насиҳат қилиш учун масжидга йиғилдилар. Волийнинг ноиби Амр ибн Ҳурайс минбарга кўтарилиб, мусулмонлардан бирдамлик ва биродарликни сақлашни талаб қилди, уларни ихтилоф, тафриқа, фитна ва хуруждан қайтарди, фитначиларга қулоқ солмасликка чақирди. Қаъқо ибн Амр Тамимий фитнани куч билан бостиришга чақириб: “Селнинг йўлини тўсиб бўладими ё дарёни ортига қайтариш мумкинми?! Ҳайҳот! Йўқ, Аллоҳга қасамки, бу ғавғо ва фитнани фақат қиличлар бостира олади!”, деди.

Фитначилар Саид ибн Осни Кўфага киритишмагач, у Мадинага қайтиб кетди. У уларга тўқнашмасликни ва фитна оловини алангалатмасликни ҳикматдан деб билди, аксинча, уни ўчиришга уриниш лозим ёки ҳеч бўлмаса алангаси кучайиши олдини олиш керак, деб ўйлади. Мадинага қайтиб келгач, Саид Усмонга бўлган воқеани айтиб берди. Усмон ундан: “Улар нима истайдилар, байъатдан воз кечишдими, халифага қарши исён қилишдими, унга итоат қилмасликларини эълон қилишдими?”, деб сўради. “Йўқ, улар мени ўзларига волий бўлишимни истамасликларини ва ўрнимга бошқа волий исташларини изҳор қилишди”, деди Саид. “Кимнинг волий бўлишини истайдилар?”, деб сўради. “Улар Абу Мусо Ашъарийни исташяпти”, деди. Усмон: “Бўпти, унда биз Абу Мусони уларга волийликка тайин қилдик. Аллоҳга қасамки, биз бирон киши учун асло узр қолдирмаймиз, уларга то истаётган нарсаларининг ҳақиқатини билмагунимизча биздан талаб этилганидек сабр қиламиз”, деди. Сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарийга уни Кўфага волий этиб тайинлагани ҳақида мактуб йўллади [3].

Бу пайт Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу вазиятни тузатишга ва одамларни исёндан қайтаришга уриниш билан овора эди. У одамларга хитоб қилиб: “Эй одамлар, мухолифларга қулоқ солманглар, бу исёнга аралашманглар, жамоатдан ажралманглар, итоатни лозим тутинглар, шошқалоқлик қилманглар, сабр қилинглар, тез орада халифа сизларга янги амир юборса керак”, деди. Улар: “Унгача сиз бизга имом бўлиб намоз ўқиб бериб туринг”, дейишди. У: “Йўқ, фақат бир шарт билан рози бўламан, Усмон ибн Аффонга итоат қилишга сўз берасизлар”, деди. Улар Усмонга итоат қилишга сўз берамиз, дейишди, бироқ бу сўзларига ўзлари ҳам ишонмасдилар, ҳақиқий мақсадларини бошқалардан яшираётгандилар. Абу Мусо то халифа Усмондан уни Кўфага волий этиб тайинлагани ҳақидаги фармон келгунига қадар имомлик қилиб турди. Усмон исён кўтарган Кўфа аҳлига шундай мактуб ёзиб юборганди: “Аммо баъд, мен сизларга ўзингиз танлаган кишини волий қилдим ва Саидни волийликдан бўшатдим. Аллоҳга қасамки, мен ўз обрўйимни сизларнинг оёқларингиз остига тўшайман, сизларга сабр қиламан ва имконим борича ҳолатни ислоҳ қилишга уринаман. Аллоҳга осийлик бўлмайдиган ишлардан истаган нарсаларингни мендан сўранглар, сўраганингизни бераман, Аллоҳга осийлик бўлмайдиган ишлардан нимани ёқтирмасангиз, уни сизлардан олиб ташлайман, сизларнинг истакларингизни бажо келтираман, токи сизларда менга қарши бирон ҳужжат қолмасин”. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мана шу маънодаги мактубни бошқа шаҳарларга ҳам юборди[4].

Амирулмўъминин Усмондан Аллоҳ рози бўлсин, у имкони борича ислоҳга ҳаракат қилди, мухолифларга бағрикенглик қилди, исёнкор ва фитнакор сабаийлар эса унга мислсиз даражада зулм қилдилар ва ихтилофда ҳаддан ошдилар.

[1] Холидий, “Ал-хулафоур-рошидун” (134-бет).
[2] “Тарихи Табарий” (5/338).
[3] “Тарихи Табарий” (5/339).
[4] Аввалги манба (5/343).

Изоҳ қолдиринг