Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим алайҳиссалом Исмоил ва Ҳожарни Маккага олиб бориши ва Каъбани бино қилиши

0

Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил ва унинг онаси Ҳожар ҳамроҳлигида Форон тоғлари (Макка ерлари)га ҳижрат қилиши ва Байтул атиқ (яъни Каъба)ни бино қилиши

Бухорий айтади[1]: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Аёллар ичида дастлаб белбоғ тутган киши Умму Исмоил (Ҳожар)дир. У Сорадан оёқ изларини яшириш ва Сора унинг ортидан эргашмаслиги учун белбоғ тутиб олган эди. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ва унинг эмизикли боласи Исмоилни олиб, уларни Каъбанинг олдига: масжиднинг юқори тарафида, Замзам булоғининг тепа қисмидаги баланд ва серсоя дарахт остига жойлаштирди. У вақтларда Маккада кимса яшамас, у ерда сув ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом уларни ўша жойда қолдириб, улар билан бирга бир қоп хурмо ва бир меш сув қолдирди. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом ортига қайта бошлади. Шу он унинг ортидан эргашган Умму Исмоил шундай деди: «Эй Иброҳим! Ахир, бизни бу кимсасиз ва гиёҳсиз водийда қолдириб, ўзингиз қаёққа кетмоқдасиз?». Ҳожар унга бу сўзни қайта-қайта такрорлар, Иброҳим алайҳиссалом эса унга бурилиб ҳам қарамас эди. Ва ниҳоят Ҳожар: «Аллоҳ сизни шундай қилишга буюрдими?» – деди. «Ҳа» – деди Иброҳим алайҳиссалом. «Ундай бўлса, Аллоҳ бизни асло ташлаб қўймагай!» – деди Ҳожар ва сўнгра ортига қайтди.

Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушди. Оиласи кўринмайдиган даражада узоқлашиб, тоғ дарасига етиб боргач, Каъбага юзланди, икки қўлини кўтариб, қуйидагиларни айтиб дуо қилди: «Парвардигоро, албатта, мен зурриётимдан (бир бўлагини — ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар деб (шундай қилдим). Шундай экан, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил.  Шояд шукр қилсалар» [Иброҳим: 37].

Исмоилнинг онаси уни эмизиб, мешдаги сувдан ичиб кун кечирди. Мешдаги сув тугагач, ўзи ҳам, эмизикли боласи ҳам чанқай бошладилар. Чанқоқдан типирчилаётган гўдагига қараб қалби эзила бошлади. Унга қарашга юраги дош бермай, ўрнидан туриб юра бошлади. Қараса, Сафо тоғи ер юзидаги унга энг яқин тоғ экан. Унинг устига чиқиб, водийга юзланди. Бирон кимса бормикин, дея атрофга назар солди, бироқ кимса кўрмади. Шундан сўнг Сафо тоғидан тушиб кела бошлади. Водийнинг ўртасига етганида кўйлагининг этагидан тутиб, то водийни кесиб ўтгунига қадар чарчаб ҳориган кишининг югуриши сингари югурди. Шундан сўнг Марва тоғига келиб, унинг устида турди. Бирон кимса кўрармикинман, дея ён-атрофга разм солди. Бироқ, ҳеч кимсани кўрмади. Ҳожар бу ишни етти бор такрорлади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар шу боис улар иккиси, (яъни Сафо ва Марва тоғлари) ўртасида саъй қиладилар». Ҳожар Марва тоғига чиққан пайтда қандайдир бир овозни эшитди. «Жим, қулоқ сол» – деди ўзига ўзи. Шундан сўнг Ҳожар яна бу овозни эшитишга уринди. У яна ўша овозни эшитди. «Агар сенда бирон ёрдам бор бўлса, дарҳақиқат, сен эшиттирдинг» – деди Ҳожар. Қараса, Замзам булоғи олдида бир фаришта турибди. Фаришта товони (ёхуд қаноти) билан ерга урган эди, ердан сув чиқа бошлади. Ҳожар сув йиғилсин дея отилиб чиққан сув атрофида қўли билан ҳовузча ковлашга, қўли билан ҳовучлаб сув олиб, идишини тўлдиришга киришди. Ҳовучлаб олгани сари сув отилиб чиқар эди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умму Исмоилни Аллоҳ раҳм қилсин! Агар у замзамни ўз ҳолига қўйганида (ёхуд сувни ҳовучлаб олмаганида) эди, замзам суви оқувчи булоқ бўлур эди». Шундай қилиб, Ҳожар бу сувдан ичди ва гўдагини эмизди. Фаришта унга деди: «Ҳалокатдан қўрқмагин. Бу ерда Аллоҳнинг уйи (Каъба) барпо бўлади. Уни мана шу гўдак билан унинг отаси бино қиладилар. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг аҳли – солиҳ бандаларини  ташлаб қўймайди, (балки уларни Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрайди)». Ўша пайтда Каъба бир тепалик сингари баланд бир жойдан иборат бўлиб, сел келган вақтда унинг ўнг ва чап томонларини ювиб кетар эди.

Ҳожар ва унинг фарзанди Исмоил алайҳимассалом шу тарзда ҳаёт кечиришда давом этдилар. Кунлардан бирида уларнинг яқинидан Журҳум қабиласидан бир жамоат (ёхуд Журҳум қабиласидан бир хонадон аҳли) ўтиб қолди. Улар Маккага Кадо томонидан кириб келишиб, Макканинг пастки тарафига келиб тушдилар. Шунда улар кўкда чарх ураётган қушларни кўрдилар. «Бу қушлар қандайдир сув устида айланяптилар. Биз олдин бу водийдан ўтганимизда унда сув йўқ эди!» – дейишди улар. Улар ҳолатни ўрганиш мақсадида бир ёки иккита хизматкорни юбордилар. Хизматкорлар бориб қарашса сув бор экан. Орқага қайтиб, уларга сув борлигини маълум қилдилар. Шундан сўнг улар сув томонга келдилар.

Исмоилнинг онаси Ҳожар сув бўйида ўтирар эди. Журҳум қабиласининг одамлари: «Сизнинг олдингизда жойлашсак, бизга изн берасизми?» – деб сўрадилар Ҳожардан. «Майли, бироқ сизларнинг сувда ҳаққингиз йўқ» – деди Ҳожар. «Хўп» – дейишди Журҳум қабиласининг одамлари. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу нарса дилкашлик ва одамлар билан қўшилиб яшашни яхши кўрадиган Умму Исмоилга манзур бўлди».

Журҳум қабиласидан келган бу жамоат шу ерда жойлашиб қолдилар, қолган оила аъзоларига ҳам одам жўнатиб, уларни ҳам шу ерга чақиртирдилар. Маккада Журҳум қабиласидан бир қанча оилалар жойлашгач, Ҳожарнинг фарзанди улғайиб, улардан араб тилини ўрганди. Ўсмирлик ёшидаги Исмоил барча ҳавас қилгулик барно йигитга айланди. У балоғат ёшига етгач, Журҳум қабиласи ўзларидан бўлмиш бир қизга уни уйлантирдилар.

Орадан бир мунча вақт ўтар-ўтмас, Умму Исмоил вафот қилди. Исмоил уйлангач, отаси Иброҳим алайҳиссалом оиласидан хабар олиш учун Маккага келди. Иброҳим алайҳиссалом келганида Исмоил уйда йўқ эди. У келинидан Исмоил тўғрисида  сўради. «Биз учун тирикчилик қилиш мақсадида чиқиб кетганлар» – деди келини. Шундан сўнг келинидан уларнинг турмуш тарзи ва ҳолати ҳақида сўради. «Биз жуда ёмон ҳолатдамиз, қийинчилик ва машаққатда кун кечиряпмиз» – дея турмушидан нолиди келини. Иброҳим алайҳиссалом деди: «Агар эринг келса, унга саломимни етказ ва унга айтиб қўй, эшигининг остонасини ўзгартирсин». Исмоил уйига келгач, ниманидир пайқагандек бўлди: «Уйга бирон киши келдими?» – деб сўради хотинидан. Хотини деди: «Ҳа, фалон кўринишдаги бир қария келди ва мендан сиз ҳаққингизда сўради ва мен унга бор гапни айтдим. Шунингдек, мендан: «Турмушларинг қандай?», деб сўради. Мен унга оғир ва машаққатли ҳаёт кечираётганимизни айтдим». «Сенга бирон нарсани тайинламадими?» – деди Исмоил. «Ҳа, айтганча, сизга салом етказишни тайинлади ва «унга айтиб қўй, эшигининг остонасини ўзгартирсин», деди», деб жавоб берди хотини. Исмоил деди: «Бу қария менинг отам бўлади. Дарҳақиқат, сендан ажралишимга буюрибдилар. Бор, уйингга кетавер!». Шундай қилиб, Исмоил хотинини талоқ қилди ва Журҳум қабиласидан бошқа бир аёлга уйланди.  

Иброҳим алайҳиссалом бир қанча вақтлар уларнинг зиёратига келмади. Кейинчалик ўғлининг зиёратига келган ота Исмоил алайҳиссаломни уйидан топмади. Келинининг олдига кирган Иброҳим алайҳиссалом ундан ўғли тўғрисида сўради. «Биз учун тирикчилик қилиш мақсадида чиқиб кетганлар» – деди келини. «Аҳволингиз қалай?» – деди Иброҳим алайҳиссалом уларнинг турмуш тарзи ҳақида суриштирар экан. «Биз яхши ва фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз» – деди келини Аллоҳга ҳамд-сано айтар экан. «Таомингиз нима?» – сўради Иброҳим. «Гўшт» – деди келини. «Ичимлигингиз-чи?» –сўради Иброҳим. «Сув» – деди келини. «Эй Аллоҳ, уларнинг гўшт ва сувларига барака бергин» – дуо қилди Иброҳим алайҳиссалом. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «У пайтда Маккада дон-дун йўқ эди. Агар уларда дон-дун бўлганида эди, Иброҳим алайҳиссалом дон учун ҳам уларга дуо қилган бўлур эди». Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Маккадан бошқа жойда бирон кимса фақат бу иккиси, (яъни гўшт ва сув)нигина истеъмол қилиб кун кечирса, албатта, бу ун(инг мижози)га тўғри келмайди».

Иброҳим алайҳиссалом деди: «Агар эринг келса, унга мендан салом айт ва унга айтгинки, эшигининг остонасини маҳкам ўрнаштирсин». Исмоил келгач: «Бирон киши келдими?» – деб сўради. «Ҳа, бир нуроний қария келди», дея, Иброҳим алайҳиссаломни мақтаб тавсифлади хотини: «Мендан сиз тўғрингизда сўраган эди, мен унга қаерга кетганингизни айтдим. Бизларнинг турмушимиз ҳақида сўради. Мен яхши кун кечираётганимизни айтдим. «Сенга бирон нарса тайинламадими?», деди Исмоил. «Ҳа, айтганча, у сизга салом айтди ва «Унга буюргин, эшигининг остонасини маҳкам ўрнаштирсин», деди», деб жавоб берди у. Исмоил алайҳиссалом деди: «Бу қария менинг отам, сен эса ўша остонасан. Отам сени қадрлашимга буюрибдилар».

Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бир қанча муддат уларни зиёрат қилмади. Кейинчалик яна уларни зиёрат қилиб келди. Исмоил алайҳиссалом замзам булоғи яқинидаги баланд ва серсоя дарахт остида камон ўқларини учлаб ўтирар эди. Отаси Иброҳим алайҳиссаломни кўрган Исмоил ўрнидан туриб, уни қарши олди ва ота-бола қуюқ саломлашдилар. Иброҳим алайҳиссалом деди: «Эй Исмоил! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга бир ишни амр этди. «Ундай бўлса, Парвардигорингиз буюрган ишни бажаринг!» – деди Исмоил. «Менга ёрдам берасанми?» – деди отаси. «Албатта ёрдам бераман» – деди Исмоил. Отаси ён-атрофидаги тепаликлардан баландроқ бир тепаликка имо қилар экан: «Аллоҳ таоло менга мана бу ерда бир уй қуришни буюрди» – деди. Шундан сўнг ота-бола Каъба пойдеворларини ўрнатдилар. Исмоил тош ташиб келтирар, Иброҳим алайҳиссалом эса бинони қурар эди. Девор анча кўтарилиб қолгач, Исмоил ўша тошни, (яъни Мақоми Иброҳим тошини) келтириб, отасининг оёғи остига қўйди. Иброҳим алайҳиссалом бу тошнинг устига чиқиб бинони қурар, Исмоил алайҳиссалом эса унга тош узатар экан, иккаласи қуйидаги дуони айтар эдилар: «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгувчи, билгувчисан!» [Бақара: 127]. Улар иккиси Каъбани айланиб тош теришар эканлар, яна шу дуони такрорлар эдилар: «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгувчи, билгувчисан!».

Ушбу ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг гапидандир. Ҳадис айрим сўзлари «марфуъ»лиги, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  сўзлари эканлиги билан безатилган бўлиб, айрим сўзларида эса ғариб маълумотлар мавжуд. Афтидан, Ибн Аббос бу маълумотларни исроилиёт маълумотлардан олганга ўхшайди. Шунингдек, ҳадисда келишича, ўша пайтда Исмоил алайҳиссалом эмизикли гўдак бўлган.

Ҳадисда Иброҳим алайҳиссалом оиласининг зиёратига бор-йўғи уч марта келгани зикр қилинган ҳамда бу зиёратларнинг дастлабкиси Ҳожарнинг ўлими ва Исмоил алайҳиссалом уйланганидан кейин юз берган. Хўш, қандай қилиб Иброҳим алайҳиссалом (ҳадисда айтилганидек) ўз оиласи ва боласини гўдаклик чоғидан бошлаб, то уйланган вақтга қадар ташлаб қўйиши, уларнинг ҳолидан хабар олмаслиги мумкин? Ҳолбуки, зикр қилинишича, Иброҳим алайҳиссаломга ер қисқартирилган (яъни узоқ масофаларга қисқа вақтда бора олган) ва айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом оиласи зиёратига борганида (учар ҳайвон бўлмиш) Буроқни миниб борган бўлса? Шундай экан, қандай қилиб Иброҳим алайҳиссалом ниҳоятда оғир аҳволда қолган оиласининг ҳолидан хабар олмаслиги мумкин?!

Афтидан, ҳадисда келтирилган қиссанинг айрим жойлари исроилиёт маълумотлардан олинган бўлиб, сўнгра айрим марфуъ ҳадислар билан безатилган. Шунингдек, ҳадисда Исмоил алайҳиссаломнинг қурбонлик қилиниши ҳикояси зикр қилинмаган. Дарҳақиқат, биз Соффот сураси тафсирида тўғри фикрга кўра қурбонлик қилинган кишининг Исмоил алайҳиссалом эканига далиллар зикр қилган эдик[2].

[1] «Саҳиҳи»да (3364, 3365).
[2] Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, қисса воқеаларининг бу тартибда зикр қилиниши исроилиёт маълумотлардан олинган. Менимча, қуйидаги сабабларга биноан муаллиф роҳимаҳуллоҳ  билдирган бу фикр нотўғридир:
1. Воқеаларнинг бу тарзда келтирилишига сабаб марфуъ ҳадислар, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг сабабини баён қилишдир. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг қуйидаги сўзи яхши бир мисолдир: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамлар шу боис улар иккиси, (яъни Сафо ва Марва тоғлари) ўртасида саъй қиладилар».
2. Шунингдек, воқеалар тартиби айрим оят ва ҳадисларнинг нозил бўлиш ва айтилиш сабабини баён қилиш учун зикр қилинган. Маълумки, бу тарздаги ҳадислар ровийлар шажараси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туташадиган марфуъ ҳадислар қабилидандир.
3. Қолаверса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо аҳли китоблардан маълумотлар олмаганлиги билан танилган.

Изоҳ қолдиринг