Аббосийлар давлати: Амин давридаги сиёсий вазият

0

Амин даврида Рум билан муносабатлар

Амин халифалиги даврида Рум билан кенг кўламда уруш ҳаракатлари олиб борилмади. Чунки бу даврда Рум ҳам мусулмонлар каби ички муаммолари билан банд эди. Рум императори Никифор тўққиз йил ҳукмронлик қилганидан кейин ҳижрий 193 (милодий 811) йили болгарлар билан бўлган урушда ўлди, ўрнига ўғли Ставракий тахтга ўтирди. У ҳам ўша урушда олган жароҳати тузалмай, икки ойдан сўнг вафот этди ва ўрнига куёви –  синглисининг эри Михаил Биринчи тахтга ўтирди. Михаил 194 йили ўзига қарши тайёрланаётган суиқасддан хабар топгач, Рум тахтидан воз кечди ва роҳибликни ихтиёр этди. Ундан сўнг Рум тахтини Лев Армянин эгаллади.

Амин даврида исён ҳаракатлари

Амин халифалик тахтига ўтирган пайтда ҳали Самарқанддаги Рофеъ ибн Лайснинг исён ҳаракати бартараф этилмаган эди. У бу исённи бостиришга Ҳарсама ибн Аъян бошчилигида қўшин юборди. Рофеъ шаҳар дарвозаларини тамбалаб олиб, Ҳарсамани шаҳарга киришига йўл қўймагач, Ҳарсама Самарқандни қамал қилди, сўнг шаҳарга кириб борди. Рофеъ шаҳар ичкарисига чекинди ва турклар билан келишувга эришди. Ҳарсама турклар билан Рофеъ ўртасида қуршов ичида қолди. Кейин турклар ортларига қайтиб кетишди ва Рофеънинг шавкати заифлашди. Сўнг Рофеъ Маъмунга элчи йўллаб, ундан омонлик талаб қилди, Маъмун унга омонлик берди ва уни ўз хизматига олиб, иззат- икром кўрсатди. Рофеъга қарши урушиш вазифаси топширилган Ҳарсама ибн Аъян ҳам Маъмун ҳузурига келди, Маъмун уни иззат-икром билан кутиб олди ва ўзининг яқин кишилари қаторига қўшди.

Ҳимс аҳли Амин томонидан уларга волий қилинган Исҳоқ ибн Сулаймонга қарши қўзғолон кўтарди. Исҳоқ Саламия шаҳрига қочиб ўтди. Амин унинг ўрнига Абдуллоҳ ибн Саидни ва у билан бирга Офият ибн Сулаймонни юборди. У Ҳимс шаҳрининг аъёнларидан бир қанчасини ҳибсга олди, шаҳарнинг баъзи маҳаллаларига ўт қўйдирди. Шаҳар аҳли ундан омонлик сўраб чиққач, уларга омонлик берди ва шу билан бу исён бостирилди.

Ҳижрий 195 йили Шомда Суфёний лақаби билан танилган Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён халифага қарши бош кўтарди ва одамларни ўзига байъат беришга чорлади. Суфёний халифа Аминнинг Дамашқдаги волийси Сулаймон ибн Абу Жаъфарни қамалга олди, бироқ волий Дамашқдан қочиб чиқишга муваффақ бўлди. Амин Суфёнийга қарши урушиш учун Ҳусайн ибн Али ибн Моҳонни юборди. У Раққага етиб келгач, ўша ерда туриб қолди ва ундан нарига ўтмади.

Амирликлар

Ҳорун Рашид даврида мавжуд бўлган мустақил амирликлар унинг ўғли Амин даврида ҳам шу ҳолда давом этди.

Сижилмосадаги суфрий хаворижлар давлати ҳукмдори Абул Мансур Алясаъ ибн Абул Қосим эди.

Тоҳартда ибозий хаворижлар давлати бўлиб, унга Абдулваҳҳоб ибн Абдураҳмон ибн Рустам ҳукмронлик қиларди. Бу амирлик рустамийлар давлати деб танилганди, унга қарши хаворижларнинг ўзлари томонидан айрим қўзғолонлар бўлиб ўтди.

Андалусдаги умавийлар шавкати кучайиб, у ерда ҳукмдорлик Ҳакам ибн Ҳишом ибн Абдураҳмон Дохил қўлида эди. У Ҳакам Рабзий номи билан танилганди.

Идрисийлар давлати Идрис Иккинчи ҳукми остида эди.

Қайравонда Иброҳим ибн Ағлаб ҳукми остидаги ағлабийлар давлати кучайиб борди. Ҳижрий 195 йили унга қарши Тунисда Имрон ибн Мухолид Тамимий исён кўтарди, бироқ бу ҳаракатлар муваффақият қозонмади. Ҳижрий 196 йили Иброҳим ибн Ағлаб вафот этди ва ўрнига ўғли Абдуллоҳ Абул Аббос тахтга ўтирди.

Изоҳ қолдиринг