Ҳаж ва умра: Наҳр куни эҳромдан чиқиш

0

(24) Замзам сувидан ичади[1]

(25) Сўнг Сафо ва Марва ўртасида саъй қилади

Бу саъй мутаматтеъга вожиб, қорин ва муфридга бўлса, агар тавофул қудумдан кейин саъй қилган бўлса, вожиб эмас, агар олдин саъй қилмаган бўлса, у ҳолда саъй қилиши вожиб.

Эслатмалар:

(1) Ҳожилар тавофул ифоза ва саъй қилиб бўлсалар (зиммасида саъй қилиш вожиб бўлганлар) эҳромдан чиқиб, эҳром сабабли ҳаром бўлган барча ишлар ҳалол бўлади.

Бу «катта (тўлиқ) эҳромдан чиқиш» деб номланади ва шундан кейин унга эҳром сабабли ҳаром қилинган барча ишлар, жумладан, аёлларга яқинлик қилиш ҳам ҳалол бўлиб қолади.

(2) Ҳожилар наҳр (ҳайит) куни бажариладиган ҳаж ибодатларидан бирини бошқасидан олдин ёки кейин бажаришлари жоиз.

Аслида ҳожилар бу кунда бажариладиган ибодатларни собиқ мақолаларимизда баён қилиб келаётган тартиб бўйича бажаришлари, яъни аввало тош отишлари, сўнг қурбонлик сўйишлари, сўнг сочларини қириш ёки қисқартиришлари, сўнг тавоф (ифоза) қилишлари, сўнг саъй қилишлари лозим. Шунга қарамай, улар бу ибодатлар ўртасидаги тартибга риоя қилмасликлари ҳам жоиз. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наҳр куни Жамрада турар эканлар, бир киши келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, тош отишдан олдин сочимни қирдим». «Зарари йўқ, тош отавер», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бошқа бир киши келиб, деди: «Мен тош отишдан олдин тавофи ифоза қилдим». «Зарари йўқ, тош отавер», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бошқа бир ривоятда айтилишича): «Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимадан сўралган бўлсалар, албатта: «Қилавер, зарари йўқ», деб жавоб бердилар»[2].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Дақиқул Ийд ва бошқа муҳаққиқ уламоларнинг айтишларича, наҳр куни бажариладиган ибодатлар ўртасидаги тартибга риоя қилмаслик узрли кишиларга тегишлидир. Чунки ҳадиснинг баъзи ривоятларида «Билмабман, фалон амал фалон амалдан олдин бажарилади, деб ўйлабман» дейилади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавобларида фақат «зарари йўқ» деган сўзга чекланмасдан «қилавер» ҳам дедилар. Маълумки, бу сўз келажак замон учун айтилади. Бундан маълум бўладики, шахснинг билмасдан ёки унутиб тартибга риоя қилмаслиги билан онгли равишда тартибга риоя қилмаслиги ўртасида фарқ йўқ. Бу кунда тартибга риоя қилмаслик жоизлиги далиллар зоҳирига мос бўлганидек, ислом дини мақсад ва ғояларига ҳам муносибдир. Зеро, наҳр кунида тартибга риоя қилиш қатъий талаб қилинмаслиги одамларга енгиллик яратади»[3].

(3) Наҳр куни имом ҳожиларга хутба қилади.

Наҳр куни имом одамларга хутба қилиши, уларга ҳаж аҳкомларини ўргатиши ва панд-насиҳат қилиши мустаҳабдир. Ҳирмос ибн Зиёд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қурбон ҳайити куни Минода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Азбо номли туяларининг устида туриб хутба қилганларини кўрдим»[4].

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наҳр куни бизларга хутба қилиб шундай дедилар: «Бу қайси кун эканини биласизларми?». Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз сукут қилдилар, ҳатто у зот уни бошқа ном билан номласалар керак, деб ўйлаб қолдик. «Наҳр куни эмасми?!», дедилар у зот. «Ҳа, шундай», дедик бизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу қайси ой?». Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз сукут қилдилар, ҳатто у зот уни бошқа ном билан номласалар керак, деб ўйлаб қолдик. «Зулҳижжа ойи эмасми?!», дедилар. «Ҳа, шундай», дедик бизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу қайси шаҳар?». Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озроқ сукут қилдилар, ҳатто у зот уни бошқа ном билан номласалар керак, деб ўйлаб қолдик. «Ҳаром шаҳар эмасми?!». «Ҳа, шундай», дедик бизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта сизларнинг қонингиз ва молингиз худди шу шаҳар ва шу ойдаги шу куннинг ҳурматидек то Раббингизга йўлиқадиган кунингизга қадар ҳаромдир. Огоҳ бўлинг, етказдимми?». «Ҳа», дейишди одамлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Аллоҳ, гувоҳ бўл! Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин. Зеро, (гапим) етказиладиган баъзи инсонлар борки, улар (гапимни бевосита мендан) эшитувчилардан кўра яхшироқ англашади. Мендан кейин бир бирини қатл қиладиган кофир кимсалардан бўлиб кетманглар»[5].

[1] Замзам сувидан ичиш тартиби “Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш” мақоласида зикр қилинган.
[2] Бухорий (1736, 1737), Муслим (1306) ривояти.
[3] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/367-368).
[4] Саҳиҳ: Аҳмад (5/7), Абу Довуд (1954) ривояти.
[5] Бухорий (1739), Аҳмад (5/37, 39, 45) ривояти.

Изоҳ қолдиринг