Сийрат: нубувватдан олдинги муҳим воқеалар (3)

0

Фил воқеасидан олинадиган фойдалар

1) Каъбанинг муқаддаслиги

Фил воқеасидан биламизки, Каъба араблар учун бениҳоят муқаддас бўлган. Сабаби, уларда қисман бўлса-да, Иброҳим алайҳиссаломнинг динлари сақланиб қолган эди. Каъба эса Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан бирга қурган бинодир. Шунинг учун улар бу уйни ҳимоя қилиш йўлида жонларини ҳам аямаганлар.

2) Христианларнинг ҳасади

Христианлар қадимдан арабларни ҳам, Каъбани ҳам кўра олмаганлар. Чунки Абраҳанинг Қуллайс номли черков қуриб, ўзи Яманда бўлишига қарамай, бошқа арабларни ҳам шу черковни тавоф қилишга буюришини бошқача тушуниб бўлмайди. Араблар эса юқорида айтганимиздек, Каъбани шунчаки уй деб эмас, Аллоҳ таолонинг пайғамбари томонидан ибодат учун қурилган муқаддас уй деб қарашарди. Шу боис улар Абраҳанинг таҳдидларига қарамай, Қуллайсни муқаддас деб тан олмадилар. Розий роҳимаҳуллоҳ “Уларнинг ҳийлаларини йўққа чиқармадими?!” оятининг тафсирида шундай дейди: “Ҳийла – билдирмасдан ўзгага зиён бериш демакдир. Нега Абраҳанинг қилган ишини Аллоҳ таоло “ҳийла” деб атаяпти, ахир, унинг иши ошкора эди-ку, Каъбани бузиш ниятида эканини очиқ айтар эди-ку, дейилса, жавоб қуйидагича бўлади: тўғри, лекин унинг дилидаги нияти тилда ошкор қилганидан ҳам баттар эди. У ич-ичидан арабларга ҳасад қиларди. У Каъба орқали араблар эришган ва уларнинг юртига насиб бўлган шарафни ўзига ва ўзининг юртига бурмоқчи эди”. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ таоло унинг бу ниятини ҳам пучга чиқарди: араблар Қуллайсни улуғлаш у ёқда турсин, ҳатто бир араб келиб, бу канисанинг ичига ёзилиб кетди. Ана шундан сўнг Абраҳа Каъбани бузиш ниятини ошкора айта бошлади.

3) Жонни фидо қилиш

Араблар ўзлари муқаддас деб билган йўлларида жонларини фидо қилдилар. Зеро, муқаддас йўлда жонни фидо қилиш инсон табиатидаги ғаризалардан биридир. Ҳимяр подшоҳларидан бири Абраҳага қарши урушга чиқиб, асирга тушди. Нуфайл ибн Ҳабиб ҳам баъзи қабилалар билан бирлашиб, Абраҳага қарши урушишди. Бироқ Абраҳа қўшинига қарши бардош бера олмадилар.

4) Хоинлар лаънатга гирифтор бўлишади

Абраҳа билан тил бириктириб, унга қулоқлик қилган, Каъбани бузиши учун унга йўл кўрсатувчи бўлиб келганлар икки дунёда ҳам лаънатга учраганлар. Каъбатуллоҳни бузишга кўмаклашганлари учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрадилар, ўз халқларига хиёнат қилганлари учун барча инсонларнинг лаънатига “сазовор” бўлдилар. Душман кўзида ҳурмат қозониш учун ўз халқига сотқинлик қилган Абу Руғолнинг қабри хоинлик рамзи бўлиб қолди.

5) Аллоҳга қарши курашиш оқибати

Биз Аллоҳ таоло буюрган ишларга, динимиз рамзларига қарши курашаётганлар аслида бизга эмас, Аллоҳга қарши курашаётганларини тушуниб олишимиз керак. Шунда душманнинг қанчалар кучли ва қанчалар сони кўп экани бизни саросимага солмайди. Биз динимизни ҳимоя қилиш учун керак бўлса жонимизни берамиз. Имкони бўлмаганида эса уни Аллоҳга солиб қўямиз, Аллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади. Тарихда худоликни даъво қилган Намруду Фиръавнлар ўтмадими? Абраҳаю Абу Жаҳлларни кўрмадикми? Аллоҳ таоло динига қарши курашган кишини албатта жазосини беради. Худоликни даъво қилганлар сувга чўкиб ўлади, бурнига пашша киргани сабабли жон беради. Халқнинг олди бўлгани сабабли мансаби кетиб қолишидан қўрқиб, динга қарши курашганлар жанозасиз кўмилади, ортидан барча мусулмонлар унга лаънат айтади.

6) Каъбанинг мартабаси ошиши

Аллоҳ таоло Абраҳани ҳалок этиб, Каъбани ҳимоя қилганидан сўнг одамлар наздида Каъбанинг мартабаси янада ортди, Каъба Аллоҳ таолонинг ҳимояси остида эканини билганларидан сўнг унга нисбатан ҳурматлари яна зиёдалашди. Айни дамда Қурайшнинг ҳам обрўси орта бошлади. Чунки одамларда Қурайшга нисбатан “Аллоҳ таоло буларни ҳимоя қилди” деган тушунча пайдо бўлганди. Аллоҳ таоло Абраҳани ҳалок қилиши Қурайш қабиласидан Каъбани бут ва санамлардан поклайдиган, инсонларни якка худоликка даъват қиладиган бир пайғамбар чиқишининг дастлабки босқичларидан бири эди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг