Азонни куй қилиб айтиш мумкинми?

0

Савол:

Азонни куй қилиб айтиш мумкинми? Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Умуман олганда азонни имкон қадар чиройли айтиш мақтовга сазовор иш. Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун “Муаззинга тегишли ҳукм ва одоблар” номли мақолага мурожаат қилинг. Бироқ азонни чиройли айтиш мақсадида уни куйга солиш, баъзи сўзларининг ўқилишини ўзгартириб юбориш мумкин эмас. Бунинг ҳукми икки хил бўлади:

1) Маъно ўзгармайдиган даражада куй қилиб айтиш. Азонни бу тарзда кераксиз ўринларини чўзиб, куйга солишни уламоларимиз макруҳ санашган. Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ азонни куйга солиб айтадиган бир муаззинга: “Ё тузик азон айт, ё айтма” – деган (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (259) ривоят қилган). “Мудаввана” китобида (1\159) айтилишича, имом Молик азонни чўзиб айтишни қаттиқ ёмон кўрган. Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ “Ал-ум” китобида (1\107): “Азонни маромида айтишни, куйга солмасдан, кераксиз ўринларни чўзмасдан аниқ ҳамда шошмасдан айтишни маъқул деб биламан” – деган.

2) Азонни куй қилиб айтиш мақсадида баъзи сўзларни маъно ўзгарадиган даражада хато талаффуз қилиш. Бу тарзда азон айтиш ҳаром эканида ҳеч қандай ихтилоф йўқ, яъни уламолар азонни маъноси ўзгарадиган даражада куйга солиб айтишни бир овоздан ҳаром деганлар. Бир киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман” – деганида у: “Мен эса сени Аллоҳ учун ёмон кўраман. Чунки сен азонни куй қилиб айтасан ва бунинг эвазига пул оласан” – деган (Табароний “Кабир”да (13059) ривоят қилган).

Азонни куйга солиш мақсадида “Аллоҳу акбар” жумласидаги “акбар” сўзини чўзиб “акбаар” деб айтиш азон маъносини ўзгартириб юборади. Чунки “акбар” сўзи “энг улуғ” ва “энг катта” маъноларини ифода этса, “акбаар” сўзи “барабанлар” маъносини билдиради. Шунингдек, “аакбар” деб, “а”ни чўзиб айтиш ҳам мумкин эмас. Чунки чўзиб айтганда маъно “Аллоҳ улуғдир” эмас, балки “Аллоҳ улуғми?” бўлиб, саволга айланади. Бу эса Аллоҳ таолонинг улуғ зот эганига шубҳа қилган кишининг гапи. Бинобарин, азонда “акбар” сўзини “акбаар” ёхуд “аакбар” деб талаффуз қилиш ҳаром, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг