Намоздан сўнг жўр бўлиб салавот айтиш жоизми?

0

Савол:

Бизда деярли ҳамма масжидларда ҳар куни хуфтон намозидан сўнг тасбеҳ ва зикрдан кейин Мулк сураси ўқилади ва шу кунларда имомга жўр бўлган ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиляпти. Шу ишлар жоизми,  бидъат амал эмасми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало шуни яхши билиб олиш лозимки, ҳар қандай ибодат солиҳ ва мақбул бўлиши учун унда иккита шарт топилиши керак: биринчиси ихлос ва иккинчиси суннатга мувофиқлик. Тасбеҳ, зикр, Қуръон тиловати ва салавотнинг солиҳ амаллар ва ибодат эканига шубҳа қилмаймиз. Бироқ уларни шариат кўрсатган тартибда бажариш лозим. Мўминларнинг онаси Умму Абдуллоҳ Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким динимизда унга ёт бўлган нарсани пайдо қилса, у қабул қилинмас» [Бухорий ва Муслим ривояти]. Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Кимда ким динимизда бўлмаган бирон амални қилса, у қабул қилинмас».

Агар шариат бирон амални мутлақ шаклда буюрган бўлса, уни бирон замон ёки маконга, миқдор ёки шаклга, жинс ёки сабабга чекламаган бўлса, бизлар ҳам уни мутлақ ҳолича бажаришимиз лозим. Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш масаласини олайлик. Қуръони Каримда ва талай ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрилган, бу амалнинг фазли ва савоби кўплиги айтилган. Бинобарин, мусулмон киши қачон ва қаерда бўлмасин у зотга кўпроқ салавот айтиши мустаҳабдир. Шунингдек, шариат муайян замон ва маконларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрган ва тарғиб қилган. Намоз охирида ташаҳҳуддан кейин, азондан кейин, жума куни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари тилга олинганда, у зотнинг қабрлари олдида, жаноза намозида, дуо қилганда, масжидга кириш ва чиқишда, мажлисдан тарқаш олдидан ва ҳоказо муайян вақт ва маконларда салавот айтиш шулар жумласидандир. Юқорида зикр қилинган замон ва маконларда салавот айтиш тўғрисида саҳиҳ ҳадислар келган. Шунга кўра, мусулмон кишидан қачон ва қаерда бўлмасин ва айниқса, юқорида зикр қилинган замон ва маконларда салавот айтиши талаб қилинади. Мусулмон киши ўзича шариат кўрсатмаган замон ёки маконда, шариат буюрмаган шаклда салавот айтишни одат қилиб олиши ёхуд саволда айтилганидек ҳар куни хуфтон намозидан сўнг имомга қўшилиб жўр бўлган ҳолда салавот айтишни йўлга қўйиш бидъат саналади. Чунки дин суннатга эргашишдан иборат, ҳар ким ўзича шариатда бор бўлган ибодатга янги бир кўриниш пайдо қилишга ҳаққи йўқ. Буни асло салавот айтишга қаршилик деб талқин қилмаслик лозим. Салавот айтишни истайсизми, ибодатга ғайратингиз ва ҳимматингиз баландми, марҳамат, юқорида зикр қилинган ва ундан бошқа саҳиҳ далиллар орқали собит бўлган ўринларда салавот айтинг!

Хуфтон намозидан сўнг доимий равишда Мулк сурасини тиловат қилиш масаласига келсак, аввало шуни билиш лозимки, бу суранинг фазли тўғрисида кўп ҳадислар келган, лекин бу ҳадисларнинг баъзилари яроқли, аксари эса заиф ҳадислардир. Бу борада жумладан қуйидаги яроқли ҳадислар келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қуръонда ўттиз оятли бир сура борки, у бир кишига то гуноҳлари мағфират қилингунча шафоат қилади. У «Табарокаллази биядиҳил мулк» сурасидир» [Термизий (2891), Аҳмад (7915) ривояти. Албоний «Саҳиҳи сунани Термизий»да ҳасан деган].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси то «Алиф, лом танзил» (Сажда) ва «Табарокаллази биядиҳил мулк» (Мулк) сураларини ўқимагунча ухламас эдилар» [Термизий (2892), Аҳмад (14249) ривояти. Албоний «Саҳиҳи сунани Термизий»да саҳиҳ деган].

Демак, бу сурани бирон вақтга хосламасдан ўқиш ва айниқса, уйқудан олдин ўқиш мустаҳаб экан. Шунингдек, гоҳида хуфтон намозида ёки намоздан кейин ўқиш ҳам жоиз. Лекин доимий суратда хуфтон намозида ўқиш ёки намоздан кейин тиловат қилиш яхши эмас. Чунки бу шариатда мутлақ келган ишни муайян вақтга хослаш бўлиб қолади, ҳолбуки, далилсиз бундай қилиш жоиз эмас.

Хулоса қилиб айтганда, имомнинг ҳар куни хуфтон намозидан кейин жамоат билан жўр бўлиб салавот айтиши бидъат амалдир. Шунингдек, хуфтон намозида ёки хуфтон намозидан кейин албатта Мулк сурасини тиловат қилиш керак, деган тушунча нотўғридир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилмаганлар ёки шундай қилишга буюрмаганлар.

Лекин мусулмон киши воқеликдаги бундай бидъат амалларга илм ва ҳикмат билан ёндашиши, уларни аста-секинлик билан суннатлар томонга ўзгартиришга интилиши ва бунинг ортидан келиб чиқадиган фойда ва зарарларни солиштириб, пировардида энг фойдали ва зарари оз бўлган услубларни қўллаши лозим, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг