Пайғамбарлар қиссаси: Забеҳ (Исмоил алайҳиссалом) қиссаси

0

Забеҳ (Исмоил алайҳиссалом) қиссаси

Аллоҳ таоло шундай дейди: «(У ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта, мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. (Парвардигорим), Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин». Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик. У (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Сен бунга нима дейсан?», деди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан».

Ҳар иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун эндигина) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта, бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик) ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир. Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик. (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину-дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур» [Соффот: 99-113].

Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссалом тўғрисида маълум қилишича, у қавмининг диёридан ҳижрат қилган чоғда Парвардигоридан унга бир солиҳ фарзанд ато этишини сўради. Шунда Аллоҳ таоло унга ҳалим бир фарзанд башоратини берди. У Исмоил алайҳиссаломдир. Чунки Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг ёши саксон олтига кирганида туғилган илк фарзандидир. Бу тўғрида самовий дин вакиллари ўртасида бирон бир хилоф йўқ. Зеро, Исмоил алайҳиссалом унинг илк ва тўнғич фарзандидир.

Аллоҳ таолонинг «У (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач…» деган сўзидан «у ўспиринлик ёшига етиб, отаси сингари ўзига тегишли ишларини ўзи бажара оладиган бўлгач…» деган маъно назарда тутилган. Мужоҳид шундай дейди: «Яъни, ўсмирлик ёшига етиб, сафарларга чиқа бошлаган ва отаси қила олган иш ва тирикчиликка тоқати етган вақтда…». Исмоил шу ёшга етганида Иброҳим алайҳиссалом тушида мана шундай фарзандини сўйишга буюрилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Пайғамбарлар туши ваҳийдир»[1].

Убайд ибн Умайр ҳам айнан шу сўзни айтган[2].

Бу Аллоҳ таолонинг халили Иброҳим алайҳиссаломга бўлган катта бир синовидир. У ёши бир жойга бориб, кексайган чоғида кўрган азиз фарзандини сўйишга буюрилди. У бундан илгари бу фарзанди ва унинг онасини сувсиз ва гиёҳсиз диёрга, на бирон кимса, на бирон гиёҳ ва на чорва ҳайвонлари бўлмаган бир водийда қолдириб келишга буюрилган эди. Иброҳим алайҳиссалом бу хусусда Аллоҳнинг амрига буйсунган, Унга ишончи ва таваккули кучли бўлгани боис ўз оиласини ўшандай ерда қолдириб келган эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло улар иккиси, яъни Ҳожар ва унинг фарзанди Исмоил учун енгиллик ва қулайликлар инъом этган, улар ўйламаган томондан уларга ризқу-рўз ато этган эди. Сўнгра бу синовларнинг барчасидан кейин Парвардигорининг амри билан ўзидан узоқлаштирган яккаю-ягона фарзандини сўйишга буюрилганида ҳам Парвардигорига лаббай деб жавоб берди, Унинг амрига буйсунди ва тоатига шошилди.

Иброҳим кўрган тушини ўғлига айтиб берди. Уни мажбурлаб ушлагани, зўравонлик билан сўйганидан кўра, қалби таскин бўлиши ва бу иш унга енгилроқ кечиши учун шундай қилди: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Сен бунга нима дейсан?».

Иброҳим халилнинг сирдоши бўлмиш ҳалим бола отасининг маслаҳатига дарҳол жавоб бериб шундай деди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан». Бу жавоб ғоятда тўғри, ҳам отаси, ҳам Раббисига ниҳоят итоаткорона жавоб эди.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳар иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг» [Соффот: 103-105]. Яъни, «эй Иброҳим! Дарҳақиқат, мақсад ҳосил бўлди: синовдан ўтдинг, Парвардигорингга итоат этдинг, Унинг амрига шошилдинг, ўз жонингни оловга ва мол-мулкингни меҳмонларингга раво кўрганингдек, фарзандингни қурбонлик учун бағишладинг». Шу боис Аллоҳ таоло айтди: «Албатта, бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос» [Соффот: 106].

«Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)» [Соффот: 107]. Яъни, «Биз Иброҳимга фарзандини сўйиши ўрнига унга бир қурбонликни муяссар қилдик».

Кўпчилик уламолар наздида машҳур бўлган фикрга кўра, бу қурбонлик шохли, катта кўзли оқ қўчқор бўлган. Иброҳим алайҳиссалом уни қум тепалиги устидаги баланд ва серсоя дарахтга боғланган ҳолда кўрган.

Бу қурбонликнинг тоғ эчкиси эканидан иборат Ибн Аббосдан ривоят қилинган, шунингдек, унинг тоғ такаси эканлиги ва унинг оти Жарир эканлигидан иборат Ҳасан Басрийдан ривоят қилинган гаплар улар иккисидан деярли саҳиҳ ривоят билан исботини топмаган.

Қолаверса, бу борадаги кўп маълумотлар «исроилиёт» хабарлардан олинган. Ҳолбуки, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломга содир бўлган буюк иш, оғир синов ва Исмоил алайҳиссаломнинг катта бир қурбонликлик эвазига ҳаёти асраб қолинганлиги тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд.

Софийя бинти Шайбадан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича[3], бу қурбонлик қўчқор бўлган. У шундай дейди: «Хонадонимиз аҳлининг аксарига доялик қилган Бани Сулайм қабиласидан бўлмиш бир аёл менга шундай ҳикоя қилиб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Талҳага одам юбордилар. Бир гал Усмондан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени нега чақиртирибдилар?», деб сўрадим. У менга шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга шундай дедилар: «Мен Каъбага кирганимда у ерда қўчқорнинг икки шохини кўрган эдим. Сенга бу икки шохни ўраб қўйишни буюришни унутибман. Бу шохларни устига бирон нарса ташлаб қўй. Зеро, Каъбада намоз ўқувчи кишини чалғитадиган бирон нарса бўлмаслиги керак».

Суфён роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Қўчқорнинг бу икки шохи то Каъбага ўт кетгунига қадар унда осиғлик турарди. Каъбага ўт кетгач, улар ҳам кўйиб кетди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳам шундай ривоят қилинади: «Қўчқорнинг калласи қуриб қолган ҳолида Каъбанинг тарнови олдида осиғлиқ турар эди».

[1] Ҳасан ҳадис. Аҳмад ибн Манеъ «Муснади»да (бу ҳақда «Матолибул олия» асарида айтилган) (3129), Табарий «Жомеул баён»да (12/90), Ибн Абу Осим «Сунна»да (463), Табароний «Кабир»да (12302) ва Ҳоким (2/431, 4/396) ҳасан ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да бу ҳадисни Муслимга нисбат берган, бироқ бу хатодир. Устозимиз Албонийнинг «Сунна» китобига ёзган изоҳларига қаранг
[2] Бухорий (138) ривояти.
[3] Имом Аҳмад «Муснад»да (4/68, 5/380) саҳиҳ ровийлар шажараси билан ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг