Закот: Фитр закоти (2)

0

Олтинчидан: фитр закотининг қийматини бериш

Жумҳур уламолар: имом Молик, Шофеий ва Аҳмаднинг наздида, хоҳ фитр закоти бўлсин, хоҳ бошқа закот турлари бўлсин, закотнинг қийматини бериш жоиз эмас.

Имом Абу Ҳанифанинг фикрича, фитр закотининг қийматини бериш жоиз.

Рожиҳ фикр қийматини бериш жоиз эмас деган жумҳур уламолар фикридир. Чунки бу ҳақда келган ҳадисларда таом (озиқ-овқат маҳсулотлари) зикр қилинган. Ибодат шариатда буюрилган тартибда адо қилинмас экан, банданинг зимасидан соқит бўлмайди. Фитр закотининг қийматини бериш жоиз деганлар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун қуйидагиларни далил қилишган:

Биринчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бу кунда (яъни ҳайит кунида) уларда (яъни фақир-мискинларда) тиланчиликка эҳтиёж қолдирманг»[1]. Бироқ бу ҳадис заифдир. Ҳадисни саҳиҳ деб фараз қилганимизда ҳам, у далилликка ярамайди, чунки унинг фитр закотига алоқаси йўқ. Ундан ташқари ҳадис закотга алоқадор деб тан олган тақдиримизда ҳам фақир-мискинларга озиқ-овқат маҳсулотлари бериш орқали улардаги тиланчиликка бўлган эҳтиёжни йўқотиш ҳам мумкин. Чунки пулдан кўзланган энг муҳим мақсад озиқ-овқат сотиб олишдир.

Иккинчидан: фитр закотининг қийматини бериш фақир-мискинлар учун фойдалироқдир. Чунки уни озиқ-овқат маҳсулотларидан берилса, уларнинг ҳузурида бу маҳсулотлар йиғилиб қолади ва натижада уни арзон нархга сотишга мажбур бўлишади.

Бунга жавобан айтиш мумкинки, фақир-мискинлар учун шариат белгилаганидан кўра фойдалироқ нарса йўқ. Фақир-мискинлар уйларида йиғилиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиши яхши натижаларга олиб келиши мумкин. Негаки, бу инсонлар уйларида йиғилиб қолган маҳсулотларни сотиш орқали тижоратни ўрганишига ва келажакда жамиятга фойда келтирувчи тожирларга айланишига, алалоқибат тиланчилик қилишдан халос бўлишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, фитр закотининг қийматини бериш жоиз деганлар бирон кучли ва мўътабар далил келтира олмаганлар.

Еттинчидан: фитр закотининг вожиб бўлиш вақти:

Фуқаҳолар фитр закотининг вожиб бўлиш вақти хусусида икки хил фикр билдирганлар:

  1. Имом Шофеий, Аҳмад, Исҳоқ, Саврийнинг фикрича, шунингдек, имом Моликдан нақл қилинган бир ривоятга кўра, рамазон ойининг охирги куни қуёш ботиши билан фитр садақаси вожиб бўлади. Шу фикр тўғрироқдир, чунки фитр садақаси рўзадорни рўза асносида содир этган гуноҳларидан поклаш учун вожиб бўлган. Маълумки, рўза рамазон ойининг охирги куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.

  2. Имом Абу Ҳанифа, у зотнинг асҳоблари ва Лайс наздида, шунингдек, имом Моликдан нақл қилинган бошқа бир фикрга кўра, ҳайит куни субҳи содиқ кириши билан фитр садақаси вожиб бўлади. Чунки фитр садақаси ҳайит кунига боғлиқ ибодат бўлиб, худди қурбонлик каби ҳайит кунидан олдин вожиб бўлмайди.

Мазкур ихтилофдан келиб чиқиб, бир киши рамазоннинг охирги куни қуёш ботишидан олдин фарзанд кўрса, фарзанди номидан фитр закоти бериши вожиб бўлади. Борди-ю, фарзанд қуёш ботгач, субҳи содиқ киришидан олдин туғилса, у ҳолда иккинчи фикрга кўра фитр закоти вожиб бўлса, биринчи фикрга кўра вожиб бўлмайди. Рожиҳ фикрга кўра, мазкур ҳолатда фитр закоти вожиб бўлмайди. Рамазоннинг охирги куни қуёш ботишидан олдин исломни қабул қилган кишининг ҳукми ҳам шундай: унга фитр закоти вожиб бўлади. Борди-ю, қуёш ботгандан кейин ва ҳайит куни субҳи содиқ киришидан олдин мусулмон бўлса, унинг ҳукми ҳам юқоридаги ихтилофга кўра бўлади.

Фитр закоти вожиб бўлишининг охирги вақти ҳайит намозининг вақти киришидир. Бинобарин, фитр закотини намоздан кейинга қолдириш жоиз эмас. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини одамлар ҳайит намозига чиқишларидан олдин беришга буюрганлар»[2].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Ким фитр закотини ҳайит намозидан олдин адо қилса, у мақбул закотдир, ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир холос»[3].

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «(Фитр закотини) ҳайит намози вақтидан кеч қолдириш ҳаром. Аммо ҳайит кунидан ҳам кечга суришнинг гуноҳи янада каттароқдир».

«Ал-муғний»да айтилади: «Агар (инсон фитр закотини) ҳайит кунидан кеч қолдирса, гуноҳкор бўлади ва қазосини адо этиши лозим».

Фитр закотини вожиб бўлиш вақтидан олдин бериш жоизми?

Бу борада уламоларнинг турли қарашлари мавжуд. Ушбу қарашларнинг энг рожиҳига кўра, фитр закотини бир кун ёки икки кун олдин бериш жоиз. Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, «одамлар фитр закотини ҳайитдан бир кун ёки икки кун олдин (ҳам) беришар эди»[4].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Фитр закотини бериш учун бошқа бировни вакил қилиш жоиз. Бунинг учун инсон бировга закотнинг пулини беради ва у озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиб, пул эгасининг номидан фитр закотини чиқаради.

(2) Ҳоким ёки ноиби ҳайит намозидан олдин закотларни йиғиб олса, уни, гарчи намоздан кейин бўлса ҳам, фақирларга тарқатиш учун байтилмолда қолдириши жоиз. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга рамазон (яъни фитр) закотини йиғишимни айтдилар. Кечаси бир киши келиб, (фитр закоти учун йиғилган) озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда мен уни тутиб олдим. «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига олиб бораман!», дедим. У «Мени қўйиб юбор, мен бир фақир одамман», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозини ўқиб бўлгач, сўрадилар: «Абу Ҳурайра, сен кечаси – ёхуд кеча – асирга олган кимса нима бўлди?». Мен айтдим: «Ё Расулуллоҳ, фақирлигидан шикоят қилди ва қайтиб бундай қилмаслигини ҳам айтди, қўйиб юбордим». У зот айтдилар: «У сенга ёлғон гапирибди, яна келади». Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларидан кейин унинг қайта келишини билдим ва уни пойлаб турдим. Чиндан ҳам у яна келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига олиб бораман», дедим мен. Шунда у яна фақирлигидан шикоят қилди ва мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен кечаси – ёхуд кеча – асирга олганнинг иши нима бўлди?», дея яна сўрадилар. «Ё Расулуллоҳ, фақирлигидан шикоят қилди ва қайтиб келмаслигини айтди, шунинг учун мен уни қўйиб юбордим», дедим. «У сенга ёлғон гапирибди, яна келади», деди у зот. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиларми, демак, яна келишини билдим. (Уни пойлаб турдим. Чиндан ҳам) келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни яна тутиб олдим. «Ана энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига олиб бормасам бўлмайди!», дедим мен. У деди: «Мени қўйиб юборсанг, сенга шундай сўзларни ўргатаман-ки, улар сабабли Аллоҳ сенга кўп манфаат келтиради». Саҳобалар яхшиликка ўта ҳарис эдилар. У айтди: «Агар тўшагингга ётсанг, Оятул курсий: «Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қаййум»ни ўқи. Ана ўшанда Аллоҳ томонидан бир сақловчи сен билан бирга бўлади ва тонг оттиргунингча сенга шайтон яқинлашмайди». Мен уни қўйиб юбордим. (Эртаси куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен асирга олганнинг иши нима бўлди?», деб сўрадилар. Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда у зот айтди: «Ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам сенга рост айтибди. Биласанми, уч кечадан бери ким билан гаплашяпсан? У шайтон эди»[5].

(3) Агар инсон бирон узр сабабли, айтайлик, ҳайит куни сафарда бўлиши ёки фитр закотини беришга фақир топа олмагани каби узрлар сабабли фитр закотини беришдан кечикса, гуноҳкор бўлмайди. Шунга қарамай, фитр закоти зиммасидан соқит бўлмайди, балки имкон топганида бериши вожиб бўлади[6].

(4) Инсон ўзи ва қарамоғидагилар номидан чиқарилган фитр закотини фақат бир мискинга ҳам ёки бир жамоатга бўлиб бериши ҳам жоиз.

[1] Байҳақий (4/175) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (3/334) заиф деган. Ҳадиснинг саҳиҳлигига путур етказадиган иллати Қосим ибн Абдуллоҳ Умарий Маданий бўлиб, у ҳақда ҳофиз Ибн Ҳажар «матрук» (яъни ҳадиси тарк қилинадиган киши) деган бўлса, имом Аҳмад уни ёлғончиликда айблаган.
[2] Муслим (986), Абу Довуд (1610), Насоий (5/54) ривояти.
[3] Ҳасан: Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1827) ривояти.
[4] Бухорий (1511), Ибн Хузайма (2397) ривояти.
[5] Саҳиҳ: Бухорий (муаллақ ҳолда ривоят қилган (2311) ва бошқа ўринда унинг санадини туташ ҳолда зикр қилган), Ибн Хузайма (2424, ҳадис матни Ибн Хузаймага оид) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Насоий (10795), Исмоилий ва Абу Нуаймлар ҳадис санадини туташ ҳолда зикр қилганлар». Қаранг: «Фатҳул Борий» (4/488), «Тағлиқут-таълиқ» (2/296).
[6] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/175).

Изоҳ қолдиринг