Қуръонни қироат қилиб ўқиш ҳақидаги ҳадис шарҳи

0

Савол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни қироат билан ўқимаса, у биздан эмас”, деган эканлар. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган (7527) ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон билан тағанний қилмаган кимса биздан эмас” деганлар. “Тағанний” сўзидан қайси маъно назарда тутилгани хусусида уламолар икки хил фикр билдиришган. Негаки, бу сўз “кифояланиш” ва “хиргойи қилиш” маъноларини англатади.

1) Қуръонга кифояланиш ва молу дунёга ружу қўймаслик. Бу Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳнинг тафсири. Шунингдек, имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур ҳадисни шундай талқин қилганлар (“Фатҳул Борий” китобига (9/68) қаралсин).

2) Қуръонни тажвид қоидаларига мос равишда чиройли тиловат қилиш. Бу ҳам ҳадисда айтилган “тағанний” сўзининг маъноларидан биридир. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бу имом Шофеий ҳамда шофеий мазҳаби уламоларининг фикридир (“Саҳиҳи Муслим” шарҳига (6/79) қаралсин).

Шундай экан, “тағанний”ни Қуръон билан чекланиб, молу дунёга берилмаслик ёки уни тажвид қоидаларига мос равишда чиройли ўқиш деб тушуниш мумкин. Бироқ шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, салафи солиҳларимиздан биронталари “тағанний”ни Қуръонни куйга солиш деб тушунишмаган. Шунингдек, бирон бир саҳоба, тобеий ёки улардан кейинги уммат уламолари Қуръонни мусиқа каби куйга солишмаган. Қуръонни чиройли ўқиш даъвоси ила уни мусиқага оид қоидалар асосида тиловат қилиш динда янги пайдо қилинган бидъат ишлардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадис охиридаги “у биздан эмас” деган гапларига келсак, бу билан Қуръонни чиройли тиловат қилмаган киши диндан чиқиши эмас, балки бундай қилмаган кимса бизнинг йўлимизда эмас, тўғри йўлдан адашибди, деган маъно назарда тутилган, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг