Али розияллоҳу анҳу: Усмон ибн Аффон халифалиги даврида

0

Усмонга байъат бериши

Умар ибн Хаттобни дафн қилганларидан сўнг давлатнинг олий кенгаши аъзолари – шўро аҳли зудлик билан Ойша розияллоҳу анҳонинг (бир ривоятда Фотима бинти Қайснинг) уйига йиғилдилар ва Умар ибн Хаттоб вафоти туфайли мусулмонлар ҳаётида юзага келган ўта муҳим масалани ҳал қилишга киришдилар. Ўзаро сўзлашдилар, муҳокама ва мунозара қилдилар ва охир-оқибат Аллоҳнинг тавфиқи билан ҳаммага маъқул бўлган бир келишувга эришдилар.[1]

Абдураҳмон ибн Авфнинг таклифи билан олти кишилик шўро аҳли ўз ичларидан уч кишини қолдириб, бошқалар ўз номзодини қайтариб олди. Зубайр Али фойдасига, Талҳа Усмон фойдасига, Саъд Абдураҳмон ибн Авф фойдасига ўз номзодларидан воз кечдилар. Шундай қилиб, уч кишининг – Али ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авфнинг номзоди қолди. Сўнг Абдураҳмон ҳам ўз ҳаққидан воз кечиб, Усмон билан Алига: “Икковингиздан қай бирингиз ўз ҳаққидан кечса, қолган кишига ишни топширамиз”, деди. Улар сукут қилишгач, Абдураҳмон: “Ишни менинг ихтиёримга топширасизларми? Аллоҳга қасамки, мен иккингиздан энг афзалингизни танлашда бор кучимни аямайман”, деди. Икковлари шунга рози бўлдилар[2].

Шундан сўнг бу ишга Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бош-қош бўлди. У бу масъулиятли вазифага оғир-босиқлик, сабр-тоқат, чуқур мулоҳаза ва очиқ кўз билан ёндашиб, пировардида халифаликка энг лойиқ деб кўрилган кишининг сайланишига муваффақ бўлди.

Заҳабий айтади: “Абдураҳмоннинг энг яхши иши шўрода ўз номзодини қайтариб олгани ва умматга “аҳли ҳал вал ақд” (уммат номидан сўзлаш ва қарор бериш ҳаққига эга кишилар) тарафидан кўрсатилган кишини халифаликка ихтиёр қилгани бўлди. У бу ишни ўта омонатдорлик ва ихлос билан адо этди. Агар унинг кўнглида озгина тарафкашлик бўлса эди, ё ўзини ё эса амакиваччаси ва яқин кишиси Саъд ибн Абу Ваққоснинг сайланишига эришган бўларди”[3].

Ҳижрий 23 йил зулҳижжа ойининг сўнгги куни (мелодий 644 йил 6 ноябр) Суҳайб Румий имомлигида ўқилган бомдод намозидан кейин Абдураҳмон ибн Авф минбар олдида ҳозир бўлди. Унинг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан ўраб берган салла бор эди. Шўро аъзолари минбар ёнига йиғилган эдилар. У ўша пайтда Мадинада бўлган муҳожиру ансорларга, ҳарбий қўмондонларга одам юбориб, барчани чақиртирди. Шом амири Муовия ибн Абу Суфён, Ҳимс амири Умайр ибн Саъд, Миср амири Амр ибн Ос ҳам ўша кунлари Умар розияллоҳу анҳу билан бирга ҳаж қилиб, бирга Мадинага келган эдилар. Улар ҳам ҳозир бўлдилар[4].

Имом Бухорий шундай ривоят қилади: “Бомдод намозидан сўнг жамоат (шўро аҳли) минбар ёнига йиғилди. Ўша пайтда Мадинада ҳозир бўлган барча муҳожиру ансорларга, лашкар амирларига одам юборди, улар Умар билан ҳаж қилиб келган эдилар. Барча йиғилгач, Абдураҳмон шаҳодат калималарини айтди, сўнгра:  “Аммо баъд.. Эй Али, мен одамларни яхшилаб ўрганиб, улар Усмонга ҳеч кимни тенг кўрмасликларини аниқладим. Бас, сиз (одамлар сизни ихтиёр қилишмагани учун) ўз нафсингизга (маломат қилиш) йўлини тутманг!”, деди. Кейин (Усмонга хитоб қилиб): “Мен сизга Аллоҳ ва Расулининг ҳамда у зотдан кейинги икки халифанинг йўлига биноан байъат бераман”, деди ва биринчи бўлиб ўзи байъат берди. Унинг ортидан муҳожирлар, ансорлар, лашкар амирлари ва бошқа мусулмонлар байъат бердилар”[5].

“Ат-тамҳид вал-баён” китоби муаллифи келтирган ривоятга кўра, Абдураҳмон ибн Авфдан сўнг биринчи бўлиб Али ибн Абу Толиб байъат берди[6].

Шўро ҳодисаси борасида рофизийлар уйдирмалари

Шиа ва рофизийлар ислом тарихида бўлиб ўтган кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар қаторида ушбу шўро мажлиси ва Усмоннинг халифаликка сайланиши воқеаси хусусида ҳам бир қанча уйдирма ва бўҳтонларни тарих китобларига киритиб юборганлар. Шарқшунослар улардан кўчириб, бу сўзларнинг кенг тарқалишига катта ҳисса қўшдилар. Замонамизнинг кўплаб тарихчи ва зиёлилари ҳам уларга эргашиб, ривоятларнинг матни ва санадини текшириб ўтирмасдан, мусулмонлар орасига тарқалишига сабаб бўлдилар.

Шиа рофизий тарихчилар шўро воқеаси ва Усмоннинг халифаликка сайланиши ҳодисаси атрофида жуда кўп ёлғон ва уйдирма гапларни тўқишган. Абу Михнаф, Ибн Уқда ва Ибн Бобавайҳ каби айримлари бу мавзуда алоҳида китоблар битган[7].

Шиа ривоятлари саҳиҳ далилга эга бўлмаган бир қанча уйдирмаларни ўз ичига олган. Жумладан, улар саҳобаларни мусулмонларнинг ишида тарафкашлик қилганликда айблайдилар ва халифани Абдураҳмон ибн Авф танлашига Али ибн Абу Толиб рози бўлмаганини айтадилар. Абу Михнаф, Ҳишом Калбий ва Аҳмад Жавҳарийлар ривоятида бу хусусда шундай дейилади: “Умар шўрода овозлар тенг келиб қолганда Абдураҳмон томондагиларнинг танлови эътиборли саналишини айтганида Али халифаликни қўлдан бой берганини тушунди. Чунки, Абдураҳмон ўз қудаси Усмонни муқаддам қилиши аниқ эди”[8].

Шайхулислом Ибн Таймия Усмон билан Абдураҳмон ўртасида ҳеч қандай қариндошлик ришталари бўлмаганини таъкидлаб шундай дейди: Абдураҳмон Усмоннинг ака-укаси ҳам, амакиваччаси ҳам, қавм-қариндоши ҳам бўлмаган. Уларнинг қабилалари ҳам бошқа-бошқа эди. Бири (яъни Абдураҳмон) Бани Зуҳрадан, иккинчиси (яъни Усмон) Бани Умайядан эди. Бани Зуҳра Бани Умайяга қараганда Бани Ҳошимга (Алининг қавми) яқинроқ эди. Негаки, Бани Зуҳра қавми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоғалари бўлиб, Абдураҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққос ўшалардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ҳақида сўзлаб: “Бу менинг тоғам. Қани, кимнинг шундай тоғаси бор, менга кўрсатсин-чи?!”, [9] деганлар[10].

Шиа ривоятлари Абдураҳмоннинг Усмонга қудачилик алоқаси туфайли тарафкашлик қилганини даъво қиларкан, аввало насаб қариндошлиги қудачилик қариндошлигидан кўра анча кучли эканини, қолаверса, саҳобалар асрида мўминлар ўртасидаги оға-инилик табиати бутунлай бошқача бўлганини ва унинг асло насл-насаб ва қудачилик ришталари асосига қурилмаганини эътибордан қочиради. Энди, Абдураҳмон билан Усмон ўртасидаги қудачилик алоқасига келсак, Абдураҳмон Бани Умайядан Валиднинг синглиси Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайтга уйланган эди[11].

Рофизий Абу Михнаф айтишича, байъатлашув асносида Бани Ҳошим билан Бани Умайя ўртасида кучли келишмовчилик содир бўлган эмиш. Бу гап тўғри эмас, бу ҳақда на саҳиҳ, на заиф бирор ривоят келган[12].

Айрим тарихчилар рофизий-шиаларнинг ривоятларидан таъсирланиб, воқеани улар келтирган маълумотларга биноан таҳлил қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг янги халифани сайлашдаги маслаҳатлашувларини гўёки уруғ-қабилачилик келишмовчиликлари суратида тасаввур қилдилар. Одамлар икки асосий гуруҳга – умавийлар ва ҳошимийлар гуруҳига бўлинган деган қарашни олға сурдилар. Бу ўта мавҳум тасаввур ва бирон далилга суянмаган нотўғри хулосадир. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари яшаб турган, муҳожир ансорий билан бирга ўз отаси, оға-иниси ва қавм-қариндошига қарши елкама-елка жипс туриб курашган давр муҳитидан келиб чиқмаган хулосадир. Бу динлари саломат қолиши йўлида бутун дунё матосини қурбон қилиб юборадиган саҳобаларнинг дунёқарашларидан келиб чиқмаган, жаннат билан хушхабар берилган сара зотларни яхши танимасликдан келиб чиққан хато хулосадир.

[1] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (62-бет).
[2] Бухорий (3700).
[3] Заҳабий, “Сияри аъломин нубало” (1/86).
[4] Аҳмад Харуф, “Шаҳидуд дор – Усмон ибн Аффон” (37-бет).
[5] Бухорий (7207).
[6] “Тамҳид ва баён” (26-бет).
[7] “Аз-зариъа ила тасонийфиш шийъа” (14/246).
[8] “Асарут ташайюъ ала ривоёт тарихия” (322-бет).
[9] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (3/220).
[10] Ибн Таймия, “Минҳожус сунна” (6/271).
[11] “Табақот кубро” (3/127).
[12] Амин Қузот, “Хулафои рошидин” (78-бет).

Изоҳ қолдиринг