Усмонийлар давлати: ички низолар ва Султон Муҳаммад Биринчи

0

Ички низо

Анқара жанггидан сўнг султон Боязид фарзандлари ўртасида ўзаро тахтга талашиш бошланди. Фуқаролар уруши тарзида бошланган бу талашув ҳижрий 806 йилдан 816 йилга қадар давом этди. Султоннинг беш нафар ўғли бор эди. Айтишларича, улардан бири Мустафо Анқара жанггида ҳалок бўлган. Фарзандларидан яна бири Мусо отаси билан бирга Амир Темур қўлига асир тушган. Қолган уч нафари эса жанг майдонидан қочиб, жон сақлаб қолганлар. Улар қуйидагилардир:

1) Сулаймон. У султоннинг тўнғич ўғли бўлиб, жангдан сўнг Эдирнага (қадимги Адирна) борган ва ўзини султон деб эълон қилган;
2) Исо. У жангдан сўнг Бурсага бориб, у ерда ўзини отаси ўрнига қолган халифа деб эълон қилган;
3) Муҳаммад. У султоннинг кенжа ўғли бўлиб, ўз қўшини билан Анатолиянинг шимоли шарқидаги Амася шаҳрига борган.

Шу тариқа уч ака-ука ўртасида уруш авж олди. Улар Анқара жанггидан сўнг пароканда бўлган усмонийлар давлатининг қолдиқларини талашиб, бир-бирларига қарши урушдилар. Устига-устак Амир Темур хасмини заифлаштириш ва улар ўртасида ўзаро фитнани янада авж олдириш мақсадида асирга олинган инилари Мусони қўйиб юборди. Орадан бир йил ўтиб, Темур усмонлилар давлатини тарк этди. Бироқ у бутун Европани ларзага солиб турган усмонлилар давлатини бебош, пароканда ва хароб ҳолатда тарк этди. Усмонийлар бошидан кечирган бу воқеалар улар учун Константинопол фатҳини ўзида акс этган тикланиш учун замин ва ривожланишдан олдинги имтиҳон бўлганди. Аллоҳ таолонинг суннати шундай: ҳеч бир уммат синовдан ўтмай тиклана олмайди. Зеро, ҳаёт бир зайлда кетаверса инсонларнинг асл башарасини аниқлаш мушкул кечади. Бу ўзгармас илоҳий суннатдир. Аллоҳ таоло мўминларнинг иймонини синаш учун уларни имтиҳон қилади. Шундан сўнг уларнинг тикланишларига имкон яратиб қўяди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Инсонлар, иймон келтирдик, деганларидан сўнг имтиҳон қилинмай, ўз ҳолимизга ташлаб қўйиламиз, деб ўйладиларми?! Дарҳақиқат, биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳон қилганмиз ва Аллоҳ рост айтганларни ҳам аниқ билади, ёлғон гапирганларни ҳам билади” (Анкабут: 2-3). Бу оятдаги синовдан мақсад ватандан ҳижрат қилиш, душманларга қарши урушиш, ҳавои нафсга қарши курашиш каби машаққатли буйруқлар ҳамда камбағаллик, қаҳатчилик каби турли хил мусибатлар билан инсонларни имтиҳон қилишдир. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Оятдаги “ўйлайдиларми” сўзи сўроқ маъносида эмас, балки инкор учун келган. Оятнинг мазмуни қуйидагича: Аллоҳ таоло мўмин бандаларини иймонларига қараб имтиҳон қилиши муқаррар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Энг оғир имтиҳон қилинадиганлар – пайғамбарлар, сўнг солиҳлар, сўнг (иймон ва тақвода) уларга ўхшаш бўлган инсонлардир. Инсон дину диёнатига қараб синалади. Агар дини мустаҳкам бўлса, синови янада орттирилади”, деган гаплари ҳам худди шу маънони таъкидлайди (Термизий (2398) ривояти).

Усмонийлар Анқара жангги ҳамда узоқ вақт давом этган ички низоларга бардош бердилар. Милодий 1413 йилда Муҳаммад Биринчи бутун ҳокимиятни ўз қўлига олди ва усмонийлар давлати қўлдан бой берган барча минтақаларни қайтариб олди. Усмонийлар давлати Анқара жанггида мағлуб бўлишига қарамасдан қисқа муддат ичида ўзини тиклаб олишининг асосий сабаби давлат раҳбарларининг раббоний инсонлар экани эди. Айнан мана шу сифатлари билан улар бутун дунёга ўз ҳукмини ўтказа оладиган мустаҳкам давлат барпо этишга муяссар бўлдилар.

Султон Муҳаммад Биринчи

Султон Муҳаммад Биринчи ҳижрий 781, милодий 1379 йилда таваллуд топди. Отаси Боязид вафотидан сўнг акалари билан бўлган жангларда ғолиб келиб, салтанатни бирлаштиргани ҳақида қисқача гапириб ўтдик. Султон тарихда Муҳаммад Чалабий номи билан шуҳрат қозонди.

Ташқи кўриниши

Султон Муҳаммад ўрта қоматли, юмалоқ юзли, қошлари бир-бирига туташган, оқ рангли, қизил ёноқли, кенг елкали, жисмоний жиҳатдан жуда ҳам бақувват ва айни замонда жасур эди. У кураш билан шуғулланар, ҳатто энг кучли камон торини ҳам торта оларди.

Муҳаммад Чалабий султонлик даврида йигирма тўртта жангда иштирок этиб, қирқ еридан тан жароҳати олган. Султон ўта қатъиятли, ақл-фаросатли ва теран фикрли бўлгани учун ҳам ички низоларга чек қўя олди ва акаларини бирма-бир мағлуб этиб, салтанатни бирлаштирди. Муҳаммад Чалабий саккиз йил давом этган султонлик даврида усмонийлар давлатини янгилади. Шу сабабли баъзи тарихшунос олимлар уни усмоний давлатининг иккинчи асосчиси деб билишади.

Ривоятларга қараганда, султон Муҳаммад Чалабий қатъиятли бўлиши билан бирга давлатга қарши бош кўтарган кишиларни мағлуб этганида уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлган. Масалан, Қарамон бейлиги ўзини мустақил деб эълон қилиб, усмонийларга берган байъатидан воз кечади. Султон Муҳаммад Қарамон давлати амирини мағлубиятга учратганида у келгусида усмонийларга хиёнат қилмасликка қасам ичгани учун Муҳаммад уни афв этади. Бироқ амир қасамига вафо қилмайди. Шунга қарамай султон уни яна бир бор кечиради. Султон Муҳаммад Чалабийнинг асосий сиёсати давлатни қайта тиклаш ва уни ички хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилганди. Шунинг учун ҳам Константинопол императори билан сулҳ тузди, унга Қора денгиз соҳилидаги баъзи жойларни қайтариб берди. Шунингдек, Венеция давлати билан сулҳлашди. Шу билан бирга Осиё ва Европадаги фитна ва қўзғолонларни бостирди ҳамда Кичик Осиёда Амир Темур соясида бош кўтарган барча амирликларни усмонли давлатига бўйсундиришга муваффақ бўлди.

Давоми бор

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг