Усмон розияллоҳу анҳу: Умматни бир мусҳафга жамлагани

0

Қуръони каримни ёзиш босқичлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги биринчи босқич

Қатъий далил билан собитки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлаётган Қуръонни ёзиб боришга буюрганлар ва у зотнинг ваҳийни ёзиб борувчи бир ёки бир неча котиблари бўлган, ҳатто Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ваҳий ёзишга хос тайин этилганидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиби деган ном билан машҳур бўлган. Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Фазоили Қуръон” китобида бир бобни “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиблари ҳақидаги боб” деб номлаган ва унда иккита ҳадисни келтирган:

Биринчи ҳадис: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Зайдга шундай деди: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг…”[1]

Иккинчи ҳадис: Бароъдан ривоят қилинади: “Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтирган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила жиҳод қилган зотлар баробар бўлмайди” [Нисо: 95] ояти нозил бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Зайдни чақириб кел, у лавҳ, сиёҳ-қалам ва курак суяги билан (ёки курак суяги ва сиёҳ-қалам билан) келсин”, дедилар[2].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан олдин Маккадалик чоғларида ҳам Қуръонни ёздирардилар. У зотга котиблик қилганлардан бири Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ бўлиб, у кейин муртад бўлиб кетган, сўнг фатҳ йили яна исломни қабул қилганди. Умар ибн Хаттобнинг исломни қабул қилиши воқеаси ҳам Қуръон Маккада ҳам ёзиб борилганига далил бўладиган воқелардан. Ўшанда у синглисининг уйига кириб борганида унинг қўлида “Тоҳа” сураси битилган саҳифани кўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Қуръон тўла ёзилган ҳолда эди, фақат у китоб ҳолида жамланмаган бўлиб, суяк ва тош парчаларига, териларга ёзилган, шунингдек одамларнинг ҳофизаларида сақланган ҳолда эди. Шу ҳолда Жаброил Қуръонни ҳар йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир бор ўқиб ўтказар, вафот этган йиллари икки марта ўқиб берган эди[3].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръоннинг баъзи ҳукмларини ёки тиловатини мансух қилувчи оятлар нозил бўлиш эҳтимоли борлигидан уни бир мусҳафга жамламаган бўлишлари мумкин. У зотнинг вафотлари билан Қуръон нозил бўлиши тўхтагач, Аллоҳ таоло Қуръонни ўзи асрашга кафиллиги ҳақидаги ваъдасига вафоан хулафои рошидинни бу ишга илҳомлантирди[4].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу давридаги иккинчи босқич

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар ўртасида бўлган қаттиқ урушларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Ямома урушида шаҳид бўлган мусулмонларнинг кўпчилиги ҳофизи қуръон эди. Қорилар ўтиб кетиши билан Қуръонга путур етишидан хавотирлар пайдо бўлгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга қарор қилди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ўта муҳим ишни унга топширди. Қуръони каримни хурмо поябарглари, тош парчалари, курак суякларидан, одамларнинг хотираларидан жамлашга киришдилар.

Бу ҳақда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Ямома аҳли билан бўлган уруш кунларида Абу Бакр менга одам юборди. Борсам, Умар ибн Хаттоб ҳам унинг ҳузурида экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Умар келиб менга: “Ямома куни Қуръон қориларидан жуда кўплари шаҳид қилиндилар. Мен бошқа жойларда ҳам қорилар кўплаб шаҳид бўлиб, Қуръоннинг кўпи улар билан кетиб қолишидан қўрқаман. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишингиз керак”, деди. Мен Умарга: “Мен қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қиламан?!”, десам, у: “Аллоҳга қасамки, шундай қилишингиз яхши!”, деди. У менга бир неча бор мурожаат қилгач, охири Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Умарнинг қалбини очган ишга очди ва мен Умар айтган ишни қилишни лозим топдим”, деди. Сўнг Абу Бакр менга: “Шубҳасиз, сен ақлли, ёш йигитсан. Сени (ёлғон ва хиёнатда) айбламаймиз. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Энди сен Қуръонни йиғиш пайига тушгин ва уни жамлагин”, деди. Аллоҳга қасамки, агар тоғлардан бир тоғни елкамга юкласалар, бу мен учун Қуръонни жамлашга буюрганидан кўра оғир бўлмас эди. Мен: “Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қандай қиласизлар?!”, дегандим, у менга: “Аллоҳга қасамки, шундай қилиш яхши!”, деди. Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилгач, охири Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган ишга очди. Шундан сўнг мен Қуръонни йиғиш пайига тушдим ва уни хурмо поябарглари, тош парчалари, тери бўлаклари ва курак суякларидан ҳамда одамларнинг ҳифзу-хотираларидан жамлай бошладим. “Тавба” сурасининг охиридаги “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (ҳақ динга келишингизга) ҳарис бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку” [Тавба: 128] оятидан сура охиригача ёлғиз Абу Хузайма Ансорийдан топдим, бу оятлар ундан бошқа ҳеч кимдан топилмади. Саҳифалар Абу Бакр ҳаётлигида то вафот этгунича унда бўлди, унинг вафотидан кейин Умарда, унинг вафотидан сўнг Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳода турди”[5].

Қуръони каримни жамлаш ҳодисасидан баъзи муҳим хулосаларни олиш мумкин. Жумладан:

  • Қуръони каримни жамлаш муртадларга қарши урушларда кўплаб қорилар шаҳид бўлганидан кейин унинг йўқ бўлиб кетишидан хавотирлар пайдо бўлиши ортидан амалга ошди. Бу эса ўша даврда қорилар ва олимлар ўз фикрлари, сўзлари ва қиличлари билан Ислом ва мусулмонлар шаънини юксалтириш учун биринчи бўлиб амалга ва жиҳодга ошиқадиган кишилар бўлганига далолат қилади. Шу билан улар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат, ўз ортларидан келадиган авлодлар уларга яхшилик билан эргашадиган гўзал намуна бўлдилар.

  • Қуръони каримни жамлаш умумхалқ манфаатидан келиб чиқиб амалга оширилди. Бунга Абу Бакрнинг: “Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қиламиз?!”, деган саволига Умарнинг: “Аллоҳга қасамки, шундай қилсак яхши бўлади”, деб жавоб бергани далил бўлади. Баъзи ривоятларда Умар: “Аллоҳга қасамки, бу иш яхшидир ва мусулмонлар учун манфаатлидир”, дейди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам айни саволни берганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унга айни жавобни берди. “Умум мусулмонлар учун манфаатлидир”, деган ривоят саҳиҳми, йўқми эканидан қатъи назар, бу ишни яхшилик деб таърифлашнинг ўзи ҳам айни маънони ифодалайди, яъни Қуръони каримни жамлаш умум мусулмонлар манфаати учун қилинганди.

  • Ушбу воқеадан саҳобалар ўзаро муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром ҳукм сурган муҳитда мусулмон жамоасининг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида қандай жидду жаҳд кўрсатганликлари ҳам маълум бўлади. Улар тўғри фикрни қабул қилардилар ва унга эргашардилар, бир фикрнинг тўғрилигига кўнгилларида ишонч ҳосил бўлса ва унга қаноат ҳосил қилсалар, уни худди аввал-бошдан ўз фикларидек маҳкам туриб ҳимоя қилардилар. Мана шу руҳ билан уларда кўплаб ижтиҳодий масалалар атрофида ижмоъ – иттифоқ ҳосил бўлди [6].

[1] Бухорий, “Китобу фазоилил Қуръон” (4986)
[2] Бухорий, “Китобу тафсирил Қуръон” (4593).
[3] Бухорий, “Китобу фазоилил Қуръон” (4998).
[4] “Фатҳул Борий” (9/12).
[5] Бухорий (4986).
[6] Абдуссалом Сулаймоний, “Ал-ижтиҳод фил фиқҳил исломий” (127-бет).

Изоҳ қолдиринг