Али розияллоҳу анҳу: Усмоннинг ўлдирилиши фитнасига муносабати

0

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишига олиб келган фитнанинг бир-бирига аралашиб кетган бир қанча сабаблари бор. Одамларга бойлик етиши, жамиятдаги ижтимоий ўзгаришлар, Умардан сўнг Усмоннинг халифаликка келиши, катта саҳобаларнинг Мадинадан кетишлари, жоҳилий таассуб қолдиқлари, ичиқора ғаразгўй тоифаларнинг майдонга келиши каби сабабларни бунга мисол қилиш мумкин. Булар ҳақида Усмон розияллоҳу анҳу ҳақида берилаётган мақолаларимизда батафсил баён қилинади, иншааллоҳ.

Али розияллоҳу анҳунинг фитна аввалидаги мавқеи

Али розияллоҳу анҳу халифаларга нисбатан ўзининг аввалдан билинган йўлида, яъни уларга қулоқ солиш ва итоат этиш, керак бўлса маслаҳат бериш ва насиҳат қилишда давомли эди. У ўзининг халифа Усмон розияллоҳу анҳуга итоати даражасини ва унинг ҳар қандай фармонига бўйин эгишини шундай таъбир этган эди: “Агар Усмон мени Сирорга юборса ҳам, албатта унга қулоқ солиб итоат қиламан”[1].

Тўполончилар Усмонни ўлдиришларидан тақрибан бир ярим ой олдин Зилмарвага келиб тушганларида Усмон улар олдига Алини бир киши билан юборди. Али розияллоҳу анҳу улар билан учрашиб, уларга: “Сизларга Аллоҳнинг китоби(даги ҳақларингиз) берилади ва талабларингиз қабул қилинади”, деди. Улар бунга рози бўлдилар[2].

Бир ривоятга кўра, улар у билан икки-уч марта қаттиқ талашдилар, сўнгра: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси ва амирулмўъмининнинг элчиси сизларга Аллоҳнинг китобини таклиф қилмоқда” деб, унинг сўзларини қабул қилдилар[3].

Уларнинг қуйидаги талаблари бажо келтириладиган бўлди: сургун этилганлар қайтарилади, маҳрум этилганлар ўз насибаларига эга бўлади, ўлжалар тўла берилади, тақсимда адолат қилинади, омонатдор ва куч-қувватли киши омил (вазифадор) қилинади, Ибн Омир Басрага қайтарилади, Абу Мусо Кўфада қолдирилади. Кейин шу тўғрида бир битик битдилар. Шундай қилиб Усмон розияллоҳу анҳу ҳар бир ўлкадан келган вакиллар билан алоҳида битимларга келишди, сўнг вакиллар диёрларига қайтиб кетдилар[4].

Бу келишувдан сўнг атрофдан келганлар розилик билан ўз диёрларига қайта бошлагач, фитна оловини ёққанларга ўз режаларининг пучга чиққани ва тубан мақсадлари амалга ошмагани маълум бўлди. Шундан сўнг улар фитнанинг ўчаёзган оловини қайта ёқиш ва аланга олдириш учун норозилар билан Усмон ўртасидаги келишувларни бузиб юборишни кўзда тутадиган яна бир фитнани режалаштирдилар ва уни зудлик билан амалга оширишга киришдилар.

Мисрликлар ўз диёрларига қайтиб кетаётганларида йўлларида туяга минган бир кишини кўрдилар. У уларнинг атрофида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай, шубҳали ҳаракатлари билан гўё мени ушланглар, дегандек бўлар эди. Уни қўлга олдилар ва: “Кимсан, нима қилиб юрибсан?”, дедилар. У: “Мен амирулмўъмининнинг Миср волийсига юборган элчисиман”, деди. Уни текшириб кўрганларида ёнидан Усмон номидан битилган бир мактуб чиқди. Мактубда волийга уларни осиб ўлдириш ё қўл-оёқларини қарама-қаршисидан кесиш буюрилган эди. Шундан сўнг улар ғазаб билан Мадинага қайтиб келдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу мактуб унга тегишли эканини инкор қилди ва уларга: “Сизлар икки нарсадан бирини танланглар: ё икки мусулмон гувоҳ олиб келасизлар, ё эса мен қасам ичаман. Аллоҳ номига қасамки, мен уни ёзмадим, ёздирмадим ва ким ёзганини ҳам билмайман. Баъзан бировнинг номидан мактуб ёзилиб, унинг муҳрини сохталаштириш ҳолатлари ҳам бўлади”, деди. Лекин улар ишонмадилар[5].

Усмон розияллоҳу анҳу номидан ёзилган бу мактубнинг сохталигини исботлаш унча қийин эмас, буни бир неча жиҳатдан кўриш мумкин:

Ироқликлар мисрликлар Усмоннинг элчисини тутиб олганлари ҳақидаги хабарни қаердан билдилар?! Ваҳоланки улар ўз диёрларига йўл олгандилар ва мазкур хатни қўлга киритган мисрликлардан жуда узоқ масофада бўлиб, ироқликлар шарқда, мисрликлар эса ғарбда эдилар. Шундай бўлгани ҳолда барчалари худди ваъдалашиб олгандек бир вақтда Мадинага қайтиб келдилар. Бундай бўлиши ақлга сиғмайди, илло сохта мактубни уюштирганлар бир кишини ушбу хат билан сохта элчи вазифасида мисрликлар йўлига чиқарган ва шу вақтнинг ўзида иккинчи бир кишини ироқликларга, мисрликлар йўлда Усмоннинг Мисрдаги омилига мисрлик қўзғолончиларни ўлдириб юбориш топшириғини олиб кетаётган элчисини ушлаб олишгани ҳақидаги хабарни етказиш учун юборган бўлсагина бундай бўлиши мумкин, холос. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларга худди шундай деб эътироз билдирган эди: “Эй Кўфа ва Басра аҳли, сизлар мисрликлар дуч келган ишнинг хабарини қаердан билдинглар, ҳолбуки сизлар улардан бир неча кунлик масофада эдинглар, кейин улар билан бир вақтда қайтиб келдинглар?!” Али розияллоҳу анҳу қатъий жазм билан: “Бу, Аллоҳга қасамки, Мадинада уюштирилган бир иш эди”, деди[6].

Ушбу машъум мактуб жиноятчилар уюштирган ягона сохта мактуб эмасди, балки улар бундай мактубларни уммуҳотул мўминин тилларидан ҳам, шунингдек Али, Талҳа ва Зубайрнинг тилларидан ҳам битишганди. Масалан, Ойша розияллоҳу анҳо одамларни Усмонга қарши қўзғолон кўтариб чиқишга буюриб хат ёзгани билан айбланганида у бу айбловни рад этиб шундай деганди: “Йўқ, мўминлар иймон келтирган ва кофирлар кофир бўлган Зотга қасамки, мен уларга ҳеч қандай мактуб ёзмадим”[7]. Йиғилиб келган тўполончилар Алини айблаб, у уларни Мадинага, ўзининг ҳузурига келишларини сўраб хат юборганини айтишганида Али уларга қасам билан: “Йўқ, қасамки, мен сизларга ҳеч қандай мактуб юбормадим”, деганди[8].

Шунингдек, бошқа саҳобалар номидан ҳам турли ўлкалар аҳлига уларни Мадинага чорлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дини бузилди ва тарк этилди, ҳозирда Мадинада жиҳод қилиш узоқ ўлкаларда жиҳод қилишдан яхши бўлиб қолди, деган мазмунда сохта мактублар уюштирилди[9].

Ибн Касир бу хабарларни изоҳлаб шундай ёзади: “Бу саҳобаларга уюштирилган туҳмат эди. Улар номидан сохта мактублар битилганди. Али, Талҳа ва Зубайр номидан Усмоннинг қотиллари бўлган хаворижларга сохта мактублар уюштирилган ва улар бу мактубларни инкор қилгандилар. Шунингдек, Усмоннинг номидан ҳам мактуб юборилганди, ҳолбуки унинг бу мактубдан хабари ҳам йўқ эди”[10].

Ўша саҳобалар тилидан мазкур сохта мактубларни ёзган жиноятчилар фитна оловини аввал-бошдан ёққан кимсаларнинг ўзи эди. Бу жуда катта фасодни режалаштирганлар ва Усмонга ундай қилди, бундай қилди, деб туҳматлар уюштирганлар ва уни одамлар қулоғига қуйганлар ана ўшалар эди. Сўнг Усмон номидан мазкур сохта хатни ёзганлар ҳам ўшалар эди. Оқибатда содда одамлар уларнинг ёлғонларини қабул қилдилар ва Усмон розияллоҳу анҳу бу фитнанинг қурбони бўлиб, Раббига шаҳид ҳолда йўлиқди. Ушбу яҳудий сабаий фитнада ёлғиз Усмонгагина жиноят қилинмади, балки биринчи навбатда Исломга жиноят қилинди. Қолаверса, сохталаштирилган тарих ва ўз тарихини сохталаштирилган ҳолда қабул қилиб олган исломий авлодлар ҳам бу ифлос яҳудийнинг ва унинг ғаразли ва шахсий адоват эгаси бўлган малайларининг жинояти қурбони бўлди. Исломий авлодлар ўзининг соф тарихини ва буюк инсонларининг сийратларини билиши вақти келмадими?! Ҳозирги асримизда ҳам мусулмонлар ичида шу каби туҳмат гапларни ёзадиганлар Аллоҳдан қўрқишлари ва бегуноҳ инсонлар шаънига ноҳақ туҳматлар қилишдан сақланишлари вақти келмадими?!

[1] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (15/225).
[2] “Тарихи Димашқ” (338-бет). “Тарихи Халифа” (169-бет).
[3] “Фитнату мақтали Усмон” (1/129).
[4] Аввалги манба (1/329).
[5] “Тарихи Табарий” (5/379).
[6] “Тарихи Табарий” (5/359).
[7] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (1/334).
[8] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (1/335). “Бидоя ва ниҳоя” (7/191).
[9] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (1/335). “Бидоя ва ниҳоя” (7/175).
[10] “Бидоя ва ниҳоя” (7/175).

Изоҳ қолдиринг