Арзон нархда товар бераётган кишига қарз бериш рибоми?

0

Савол:

Бир кишидан домий равишда товар олиб турганим учун у менга товарни арзон нархда берса, у кишига қарз берсам ва у қарзни мен олган товарлар билан узса, бу ишимиз рибо бўладими? Маълумки, “Ҳар бир фойда келтирган қарз рибо бўлади”, деган ҳадис бор. Мен эса бу товарлар ортидан фойда қилишим табиий.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Агар сиз қарз беришингиздан олдин ҳам арзон нархда товар олиб келган бўлсангиз ва қарз берганингиз учун ўртангиздаги муомалага бирон ўзгариш кирмаган бўлса, қарз беришингиз дуруст. Чунки бундай ҳолатда сизнинг арзон нархда товар олишингиз қарз берганингиз учун деб ҳисобланмайди. Негаки, қарз беришдан олдин ҳам шу нархда товар олгансиз. Қарзни товар билан узишга келсак, ҳар икки томоннинг розилиги билан бўлса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Бироқ у қарз берганингиз учун сизга бошқаларга бермаган имтиёзни берса, унда мазкур қоидага биноан қарз эвазига олган имтиёзингиз рибо ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Изоҳ: саволда келтирилган ҳадис маъно жиҳатидан тўғри бўлса-да, санади заиф бўлгани учун фатвода уни қоида деб атадик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг