Умар розияллоҳу анҳу: Ижтимоий ҳаётдаги ишлари (2)

0

Умарнинг жамиятдаги аёлларга муносабати (давоми)

Хансонинг фарзандлари маоши

Хансо деган аёлнинг тўрт ўғли Қодисия жангида шаҳид бўлгани хабари келгач, Умар розияллоҳу анҳу: “Хансога то умрининг охиригача тўртала ўғлининг маошини беринглар”, деб буюрди. Шундан кейин Хансо умрининг сўнгигача тўрт ўғлининг 200 дирҳамдан бўлган маошини олиб турди[1].

Ҳинд бинти Утба байтулмолдан қарз олиб тижорат қилгани

Ҳинд бинти Утба Абу Суфён ибн Ҳарбнинг аёли бўлиб, Қурайшнинг энг оқила ва кўркам аёлларидан эди. Охирги даврида Абу Суфён уни талоқ қилганди. Шундан сўнг бу аёл Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиб, байтулмолдан тўрт минг дирҳам қарз олди ва Калб диёрига сафар қилиб, олди-сотди ва тижорат қилди. У Шом амири бўлган ўғли Муовия ҳузурига борганида унга Умар ҳақида сўзлаб: “Эй ўғлим, у Умардир ва у фақат Аллоҳ учун амал қилмоқда”, деган эди[2].

Асри саодатда аёл киши ўзига хос ўринга ва обрў-эътиборга эга бўлди, ислом аёл кишининг мавқеини юксалтирди. Хулафои рошидинлар даврида кўплаб аёлларни фикрий, адабий, тижорий ишлардан бир қанчасида иштирок этишганига гувоҳ бўласиз. Масалан, Ойша, Умму Салама, Ҳабиба бинти Умму Ҳабиба, Арво бинти Курайз, Асмо бинти Салама каби аёлларни ҳадис, фиқҳ, адабиёт, фатво ва илм-фаннинг бошқа соҳаларида ўта моҳир ва фаол бўлганларини, Хансо ва Ҳинд бинти Утба кабиларни шеърда моҳир бўлганини кўрамиз.

Умар розияллоҳу анҳу аёл кишининг фазлини билар, унинг ўзига яраша ҳис-туйғуларга, ақл ва тафаккурга эга хилқат эканини эътироф этарди, эркаклар билан маслаҳатлашгани каби аёллар билан ҳам маслаҳатлашарди, аёллардан кўпинча Шифо бинти Абдуллоҳ Адавиянинг фикрини тўғрироқ санарди. Модомики амирулмўъминин давлат ишларида аёлларнинг маслаҳатларига таянган ва уларнинг фикрларини олган бўлса, шундан сўнг энди аёл киши учун яна нима қолдики, уни исломдан бошқадан қидирса?![3]

Умар розияллоҳу анҳу ўзини аёлларнинг отаси деб эътибор қиларди, эрлари жиҳодга кетган аёлларнинг эшикларини бирма-бир қоқиб, улардан ҳол-аҳвол сўрарди, бирон эҳтиёжларинг борми, қай бирингиз бирон нарса сотиб олмоқчи бўлсангиз, менга айтинглар, мен сизларнинг олди-сотдида алданиб қолишингларни хоҳламайман, дерди. Аёллар жорияларини у билан бирга юборишар, у бозорда сон-саноқсиз қизларни ортидан эргаштириб юриб, ҳар бирига эҳтиёжларини харид қилиб берар, пули йўқларга ўз ёнидан сотиб олиб берарди. Жиҳод майдонларидан элчилар келганида ўзи уйма-уй юриб, аёлларга эрларидан келган хатларни тарқатиб чиқар, уларга: “Эрларингиз Аллоҳ йўлидаги жиҳодда, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳридасизлар. Агар хат-саводларинг бўлса, ўзинглар ўқинглар, бўлмаса эшикка яқин келинглар, мен ўқиб бераман”, дерди. Сўнг: “Элчи фалон куни қайтиб кетади, хат ёзиб қўйинглар, хатларингни бериб юбораман” дер, ҳар бирига қоғоз-қалам келтириб: “Мана қоғоз-қалам, агар ёзишни билмасанг эшикка яқинроқ келиб менга айтиб турсанг ўзим ёзиб бераман”, дерди. Кейин хотинларнинг мактубларини йиғиб олиб, эрларига юборарди[4].

Раиятнинг илгариги яхши ишларини ёдида тутиши

Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг илгари қилган яхши иш-амалларини ёдда тутар, унинг инсонлар қийматини ўлчашда ўзига хос мезони бор эди. У шундай дерди: “Сизларни эркак кишининг оғзини тўлдириб, катта гапириши маҳлиё қилмасин, балки ким омонатни адо этса, одамларнинг обрўсини тўкишдан тийилса, ўша ҳақиқий эркак кишидир”[5].

Яна айтарди: “Кишининг намози ва рўзасига қараманглар, унинг ақлига ва ростгўйлигига қаранглар”.

Яна айтарди: “Мен сизларга икки кишидан: иймони аниқ бўлган мўминдан ва кофирлиги аниқ бўлган кофирдан қўрқмайман. Мен сизларга мунофиқдан қўрқаманки, у иймон панасига ўтиб олиб, куфр ишни қилади”.

Умар бир киши ҳақида гувоҳлик берадиган одам талаб қилганида бир одам: “Мен унинг яхши одамлигига гувоҳлик бераман”, деди. Умар ундан: “Сен унинг қўшнисимисан?”, деб сўради. У: “Йўқ”, деди. “Бирон кун у билан бирга яшаганмисан, ишлари билан танишмисан?”, деди. У: “Йўқ”, деди. “Бирор марта у билан сафарга чиққанмисан? Зеро, мусофирчиликда инсоннинг кимлиги билинади”, деди. У: “Йўқ”, деди. “Балки сен уни масжидда ўтириб-туриб, намоз ўқиганини кўргандирсан”, деди. У: “Ҳа”, деди. Шунда Умар: “Бор кетавер, сен уни билмас экансан”, деди[6].

Бир қанча инсонлар Аллоҳ уларни ислом хизматида яхши амалларга муваффақ қилгани фазли билан Умар розияллоҳу анҳунинг мақтови ва тақдирлашига ҳам сазовор бўлганлар. Қуйида бунга бир неча мисоллар келтирамиз:

Улар кофир бўлганда сен иймонни маҳкам тутгансан, улар юз ўгирганда сен иқбол қилгансан, улар хиёнат қилган пайтда сен вафо қилгансан

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтади: Мен қавмимдан бўлган бир қанча одамлар билан Умар ибн Хаттоб ҳузурига келдим. Умар Тойлик ҳар бир кишига икки минг-икки мингдан бера бошлади, менга эса қарамасди. Шунда мен унинг рўпарасига келдим, у мендан юз ўгирди, кейин ён томонларидан келдим, яна юз ўгирди. Мен ундан: “Эй амирулмўъминин, мени танияпсизми?”, деб сўраган эдим, у кулиб юборди. Сўнг: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен сени жуда яхши танийман, улар кофир бўлиб кетишганда сен иймонда мустаҳкам тургансан, улар диндан юз ўгирганда сен юз ўгирмагансан, улар хиёнат қилганда сен вафо қилгансан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва асҳобларининг юзини ёриштирган биринчи садақа Той қабиласининг садақаси эди, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сен келтирган эдинг”, деди. Сўнг узр айтиб: “Мен муҳтожлик қийнаб қўйган, қавм-қабилаларининг улуғлари бўлган одамларга нафақа ажратдим”, деди[7]. Бир ривоятда: “Майли, ундай бўлса, парво қилмайман”, деди Адий[8].

Ҳар бир мусулмонга Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг бошини ўпиш вожиб, мен биринчи бўлиб ўпаман

Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Саҳмий розияллоҳу анҳу румликлар қўлига асир тушиб қолганди. Уни подшоҳлари ҳузурига етказишиб: “Бу одам Муҳаммаднинг асҳобларидан бири”, дейишди. Подшоҳ: “Уни ҳузуримга киритинглар!”, деб амр этди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа подшоҳ ҳузурига киритилгач, подшоҳ унга насроний динига ўтиши эвазига ярим мулкини ва қизини беришини таклиф қилди. Шунда Абдуллоҳ унга: “Агар ҳамма мулкингни ва арабларнинг ҳамма мулкини берсанг ҳам, динимдан бир лаҳзага ҳам воз кечмайман”, деб жавоб берди. “Унда сени ўлдираман”, деди подшоҳ. “Билганингни қил”, деди Абдуллоҳ. Сўнгра подшоҳнинг буйруғи билан унинг қўл-оёқларидан бир устунга боғлаб, қўл-оёқлари атрофига камон ўқи отдилар. Сўнг подшоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофага яна насронийликни қабул этишни таклиф қилди. У яна бош тортди. Шунда подшоҳнинг амри билан бир мусулмон асирини олиб келиб, унинг кўзи олдида қозонда қайнаб турган ёғ ичига ташлаб қатл қилдилар. Сўнг подшоҳ унга яна насронийликни қабул этишни таклиф қилди. У яна бош тортди. Шундан сўнг подшоҳ унинг ўзини қозонга ташлаб ўлдиришга буюрди. Жаллодлар қозон ёнига келтиришганида у йиғлаб юборди. Подшоҳ уни ўлимдан қўрқиб йиғлади, энди қабул этса керак, деган гумонда ортга қайтаришни буюрди. Кейин ундан нимага йиғлаётганини сўради. Абдуллоҳ шундай жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, мен ўлимдан қўрқиб йиғламадим. Лекин, ҳозир қатл этилишим аниқлигини билгач, Аллоҳнинг йўлида қозонга ташланаётган жоним биттагина бўлганидан, кошкийди танамдаги тукларим сонича жоним бўлса-ю, ҳаммасини Аллоҳ йўлида берсам эди, деб йиғламоқдаман!”. Шундан сўнг Рум подшоҳи унга: “Бошимни ўпасанми, сени озод қиламан?”, деди. Абдуллоҳ: “Нафақат мени, барча мусулмон асирларни озод қилсанг, майли бошингни ўпаман”, деб жавоб берди. Подшоҳ шунга рози бўлгач, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу унинг бошини ўпди. Подшоҳ ҳам сўзида туриб, барча мусулмон асирларни озод қилди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа асирларни олиб, Мадинага йўл олди. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уларни кутиб олиб, воқеадан хабардор бўлгач: “Ҳар бир мусулмон кишига Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг бошини ўпиш вожиб бўлибди, мен ўзим биринчи бўлиб ўпаман”, деб унинг бошини ўпди, унинг ортидан барча саҳобалар Абдуллоҳнинг бошини ўпдилар[9].

[1] Доктор Сулаймон Оли Камол, “Ал-идоратул аскария фид-давлатил исломия” (2/764).

[2] “Тарихул ислом, аҳдул хулафоир рошидийн” (298-бет).

[3] “Шаҳидул меҳроб” (205-бет).

[4] “Ахбору Умар” (339-бет). “Сирожул мулук” (109-бет).

[5] Маҳмуд Муҳаммад Хазнадор, “Фиқҳул эътилоф” (164-бет).

[6] Солиҳ ибн Абдураҳмон, “Умар ибн Хаттоб” (66-бет).

[7] “Муснади Аҳмад” (316).

[8] “Фатҳул Борий” (7/706).

[9] Ибн Асокир “Тарих”ида Байҳақийдан нақл қилган. Ҳофиз “Ал-исоба”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят келтирган. Ибн Асир “Усдул ғоба”да (3/212) келтирган.

Изоҳ қолдиринг