Жинсий алоқа асносида эр-хотин яланғоч бўлиши мумкинми?

0

Савол:

Жинсий алоқа асносида эр-хотин яланғоч бўлиши мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Дастлаб шуни билиб олиш лозим: бир ишни ҳаром деб айтиш шаръий ҳукм бўлиб, Қуръон ёки ҳадисда бор экани ўз тасдиғини топган бирон далилсиз бу ҳукмни шариатга нисбат бериб бўлмайди. Жумҳур, яъни ҳанафий, шофеий ҳамда моликий уламолар жинсий яқинлик асносида эр-хотин барча кийимларини ечиб, яланғоч бўлиши жоиз дейишган. Ҳанбалийлар эса жинсий яқинлик пайтида яланғоч бўлиш, ўраниб олмаслик макруҳ бўлади дейишган ва бунга бир қанча ҳадисларни далил қилишган. Бироқ бу ҳадисларнинг бирортаси ҳам саҳиҳ эмас. Қуйида шу ҳадислардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирортангиз аёлига яқинлик қилса, устини беркитсин. Чунки, агар устини беркитмаса, фаришталар уялганидан чиқиб кетадилар. Бу яқинлик натижасида фарзанд бўлса, шайтоннинг шу фарзанддан улуши бўлади”. Мазкур ҳадисни Табароний “Ал-мўъжамул авсат”да (1\63) ривоят қилган. “Насбур роя”да (4\247) айтилишича, бу ҳадисни Баззор ҳам ривоят қилган ва уни заиф деган.

2) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирортангиз аёлига яқинлик қилса, устини ёпиб олсин. Туяга ўхшаб қип яланғоч ҳолда яқинлик қилмасин”, дедилар”. Бу ҳадисни ҳам Табароний “Ал-мўъжамул кабир”да (10\196) ҳамда Байҳақий (7\193) ривоят қилган ва Байҳақий уни заиф деган. Чунки ҳадис санадида Миндал ибн Али исмли ровий бор, у эса заифдир. Мазкур ҳадисни Насоий (1921) Утба ибн Абдуллоҳ Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Уни шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ “Ирвоул ғалил” китобида заиф деган.

3) Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирортангиз аёлига яқинлик қилса, устини ёпиб олсин. Эшакка ўхшаб иккаласи ҳам қип яланғоч бўлмасин”. Бу ҳадисни ҳам Табароний (8\164) ривоят қилган. Ҳадис санадида Уфайр ибн Маъдон исмли ровий бор, “Мажмауз завоид” китобида (4\293) айтилишича, у ровий заиф.

Юқорида келтирилган ҳадислар заиф экан, уларни яқинлик вақтида ўраниш вожиб эканига ҳамда яланғоч бўлиш мумкин эмаслигига далил қилиш тўғри бўлмайди. Шариат қоидаларига кўра, аслида, эр-хотин бир-бирига назар солиб, ушлаб роҳатланиши жоиз.

Жумҳур уламолар яқинлик асносида яланғоч бўлиш жоиз эканига Баҳз ибн Ҳаким отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилишган: Баҳзнинг бобоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, авратларимизни кимга кўрсатамизу кимга кўрсатмаймиз?”, деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Авратингни аёлинг ва чўриларингдан бошқа ҳеч кимга кўрсатма”, деб жавоб берганлар. У: “Ё Расулуллоҳ, йиғилиб ўтирганимиздачи?”, деб сўраганида Расули акрам: “Агар ҳеч кимга кўрсатмаслик имкони бўлса, ҳеч кимга кўрсатма”, деганлар. У яна: “Ё Расулуллоҳ, ёлғиз қолганимиздачи?”, деб сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлардан кўра Аллоҳдан ҳаё қилиш тўғрироқдир”, деганлар. Ушбу ҳадисни Термизий (2794) ва Ибн Можа (1920) ривоят қилган. Термизий ва Албоний ҳасан деган.

Шунингдек, жумҳур уламолар қуйидаги заиф ҳадисни ҳам далил қилишган: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Яланғоч бўлманглар. Чунки сизлардан ажралмайдиган фаришталар бор. Улар фақатгина ҳожатга чиққан вақтингизда ва эр аёлига яқинлик қилишида сизлардан ажралиб туради” (Термизий (2800) ривояти). Бироқ ҳадис санадида Лайс ибн Абу Сулайм деган ровий бор. У мухталит ровийдир. Уни Албоний роҳимаҳуллоҳ “Ирвоул ғалил”да (64) заиф деган.

Хулоса шуки, эр-хотин жинсий яқинлик пайтида яланғоч бўлиши мумкин эмаслигига бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис келмаган. Аслида бу иш ҳалол. Қолаверса, бу ишнинг жоиз эканини қўллаб-қувватлайдиган далиллар ҳам бор, валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси
IxlosOrg таржимаси

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг