Умавийлар давлати: Муовиянинг Сиффинга чиқиши

0

Муовия розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларини имкон қадар топиб ўлдиришга жиддий киришган эди. У Мадинага бостириб борган мисрликлардан бир жамоасини ортга қайтаётганларида пистирмага тушириб ўлдиртириб юборди. Улар ичида Абу Амр ибн Будайл Хузоий ва бошқалар бор эди. Сўнг унинг Мисрда ҳам, Харибта[1] аҳли ичида ҳам Усмон розияллоҳу анҳунинг хунини талаб қилувчи одамлардан ташкил топган гуруҳлари бор эди. Бу гуруҳлар ҳижрий 36 йили Муҳаммад ибн Абу Ҳузайфани бир неча тўқнашувдан сўнг мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Улар яна мисрликларнинг Мадинага босқинни режалаштирган ва ташкиллаштирган Абдураҳмон ибн Адис, Кинона ибн Бишр, Муҳаммад ибн Ҳузайфа каби бир неча бошлиқларини қўлга тушириш уддасидан чиқдилар ва уларни Фаластинда ҳибсга олдилар. Бу воқеалар Муовиянинг Сиффинга чиқишидан сал олдин юз берди. Сўнг ҳижрий 36 йили зулҳижжа ойида уларни қатл этди[2].

Ироқ қўшини Сиффинга қараб йўлга чиққани хабари келгач, Муовия Шом аъёнларидан иборат маслаҳатчиларини йиғиб, уларга Алининг Ироқ аҳли билан келаётгани ҳақида сўзлади. Зулкилоъ Ҳимярий: “Бир фикрга келиш сиздан, амалга ошириш биздан”, деди. Шом аҳли Муовияга Усмоннинг хунини талаб қилиш ва уруш қилиш борасида байъат берган эди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу қўшин ҳозирлашга бош-қош бўлди ва қўшин ичида сўзлаб, уларни жангга ундади. У: “Ироқликлар бўлиниб кетди, шавкатлари синди, бирликлари йўқолди, кейин Алига мухолиф бўлган басраликлар уларни заифлаштирди, уларнинг ва кўфаликларнинг асосий кучлари Жамал куни қирилди. У озчилик бир қўшин билан келмоқда, улар ичида халифангизни ўлдирган кимсалар бор. Аллоҳ ҳаққи, уларни йўқ қилиш сизларнинг ҳаққингиздир”, деди[3]. Муовия кўп сонли улкан қўшин билан йўлга чиқди. Ривоятларда қўшин сони ҳақида турли фикрлар келган бўлиб, барчаси санади узилган ривоятлардир. Улар Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сони ҳақида айтилган ривоятларнинг айни ўзидир. Баъзиларида қўшин сони 120 000 киши, баъзиларида 70 000 аскар дейилган. Ҳақиқатга яқинроғи уларнинг 60 000 жангчи бўлганидир. Бу гапнинг ровийси Сафвон ибн Амр Саксий бўлиб, у Шом аҳлидан, ҳижрий 72 йили туғилган, Сиффинда бўлган кишиларнинг кўпларини кўрган, ишончли ровийлардан саналади[4]. Муовия қўшини қўмондонлари қуйидалар бўлди: Амр ибн Ос шомликларнинг отлиқ қўшини қўмондони, Заҳҳок ибн Қайс пиёда аскарлар бош қўмондони, Зулкилоъ Ҳимярий қўшиннинг ўнг қанотига амир, Ҳабиб ибн Маслама қўшиннинг чап қанотига амир, Абу Аъвар Суламий қўшиннинг олди (авангард) қисми амири. Булар энг катта қўмондонлар бўлиб, ҳар бирининг қўли остида қабилаларга кўра тақсимланган кичикроқ қўмондонлар бор эди. Бу тартиб қўшиннинг Сиффинга юриш пайтидаги тартиби эди. Лекин уруш асносида баъзи қўмондонлар ўзгарди ва вазият тақозосига кўра улар ўрнига бошқалари қўйилди. Эҳтимол, айрим манбаларда қўмондонлар номлари ҳар хил келтирилгани сабаби шудир. Муовия Абу Аъвар Суламийни қўшиннинг олдинги қисми билан юборди, юриш йўналиши Дамашқдан шимолий шарқ тарафга эди. Фуротнинг қуйи томонидаги Сиффинга етгач, кенг ва юмшоқ ерга лашкаргоҳ қурди. Бу ер сувга етишиш қулай бир ер бўлиб, бу атрофда бундан бошқа сувга эришиш жойи йўқ эди.

Сув устида жанг

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қўшини Сиффинга – Муовия розияллоҳу анҳу лашкаргоҳ қурган жой яқинига етиб келди. Қўшинга етарли даражада кенг ва юмшоқ жой топилмади ва бироз нотекис ва  тошлоқ бир ерга лашкаргоҳ қурди. Бу орада ироқликларнинг ичимлик сувига ўтиш йўли Муовия қўшини тарафидан тўсилгани маълум бўлди. Баъзилар Али ҳузурига ошиқиб, унга бу тўғрида шикоят қилишди. Али Ашъас ибн Қайсни юборди, у икки минг аскар билан чиқиб борди ва икки жамоа ўртасида дастлабки тўқнашув содир бўлди. Унда Ашъас ғалаба қозониб, сувлоқни қўлга киритди[5]. Икки гуруҳ ўртасида уруш бўлганини рад қиладиган бир ривоят ҳам борки, унда айтилишича, Ашъас ибн Қайс Муовия ҳузурига келиб: “Эй Муовия, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ҳаққида Аллоҳдан қўрқ! Хўп, сизлар ироқликлар билан урушдинглар ҳам дейлик, аммо бошқаларнинг ва болаларнинг айби нима? Аллоҳ: “Агар мўминлардан икки тоифаси урушсалар, улар ўртасини ислоҳ қилинглар” [Ҳужурот: 9], демаганми?!”, деди. Муовия: “Нима истайсан?”, деди. У: “Бизни сувдан тўсманглар”, деди. Шундан сўнг Муовия Абул Аъварга: “Биродарларимизга сув йўлини очиб қўйинглар”, деб буюрди[6].

Биринчи куни сув учун бўлган жанг зулҳижжа ойининг бошланишида бўлиб, бу икки тарафдаги мусулмонлар учун ҳам ёмонликнинг бошланиши бўлди. Чунки шу бўйи ўрталарида бир ой уруш давом этди. Уруш кичик-кичик гуруҳлар жанги шаклида олиб борилди. Али розияллоҳу анҳу ўз қўшинидан бир гуруҳни бир амир бошчилигида чиқарарди ва бир кунда бир марта: эрталаб ё кечқурун жанг бўларди, баъзан кунига икки марта жанг бўларди. Кўпинча Али чиқарган қўшинга Аштар, Ҳажар ибн Адий, Шабат ибн Рибъий, Холид ибн Муътамир, Маъқал ибн Ясор бош бўлиб чиқарди, Муовия қўшинидан чиққан гуруҳга эса кўпинча Ҳабиб ибн Маслама, Абдураҳмон ибн Холид ибн Валид, Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Абул Аъвар Суламий, Шураҳбил ибн Самт бош бўлиб чиқардилар. Ҳар икки томон кўп қирғинбарот ва ҳалокат содир бўлишидан қўрқиб ва икки ўртада жонлар ва қонларни асраб қоладиган сулҳ содир бўлиши умидида қўшиннинг ҳаммасини жангга олиб киришдан тўхталдилар.

Сулҳ ўрнатиш уринишлари

Муҳаррам ойи кириб келгач, ҳар икки тараф мусулмонларнинг қонини сақлаб қоладиган сулҳ содир бўлиши умидида урушни тўхтатиш ва сулҳ ўрнатиш ҳаракатларига киришди. Улар бу ойдан фойдаланиб, бир-бирларига элчилар ва мактублар йўлладилар. Дастлаб ёзишмани амирулмўъминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошлади. У Башир ибн Амр Ансорий, Саид ибн Қайс Ҳамадоний ва Шабат ибн Рибъий Тамимийни Муовия ҳузурига йўллади ва уни илгари ҳам қилганидек, жамоатга қайтишга ва ўзига байъат беришга чорлади. Муовия ҳам илгари қандай бўлса яна шундай жавоб йўллади, яъни аввал Усмон қотиллари топширилишини, ё улардан ўч олинишини, шундан кейингина байъат беришини айтиб юборди. Алининг бу борадаги фикри эса, маълумки, бошқачароқ эди. Шунингдек, ҳар икки гуруҳ ичидаги кўп сонли қорилар Сиффиннинг бир тарафида йиғилиб, ўртада сулҳ ўрнатиш ҳаракатларини олиб бордилар, бироқ ҳар бир гуруҳ ўз фикрида собит тургани учун бу ҳаракатларнинг ҳеч бири натижа келтирмади[7]. Саҳобалардан икки киши: Абу Дардо ва Абу Умома розияллоҳу анҳумо икки тараф ўртасида сулҳ ўрнатишга уриниб кўрдилар, бироқ уларнинг уринишлари ҳам фойда бермади. Шундан сўнг иккиси ҳар икки гуруҳни тарк қилиб кетдилар ва кейин уларнинг ҳеч бир ҳаракатида қатнашмадилар[8]. Шунингдек, катта тобеинлардан бўлган Масруқ ибн Аждаъ ўртага чиқиб, ўртадаги жарликни йўқотишга уринди. У одамларга хитоб қилиб: “Эй одамлар, жим бўлинглар”, деди, сўнг шундай деди: “Айтингларчи, агар сизларга самодан бир нидо қилувчи нидо қилса, унинг ўзини кўриб, сўзини эшитсанглар ва у: “Аллоҳ сизларни бу ишдан қайтармоқда” деса, унга итоат қилармидинглар?” Одамлар: “Ҳа”, дейишгач, у: “Аллоҳга қасамки, Жаброил айни шу сўзларни Муҳаммадга олиб тушган ва у сўзлар ҳозир ҳам бор”, деди. Сўнг ушбу оятни ўқиди: “Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир” [Нисо: 29]. Сўнг одамлар ичига кириб, кўзга кўринмай кетди[9].

[1] Харибта (Хирбита) – Искандария ва Танта вилоятлари оралиғидаги туман номи.
[2] Абдулҳамид, “Хилофати Али” (191-бет).
[3] “Тарихи Табарий” (5/601).
[4] “Сияри аъломин нубало” (6/380).
[5] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (15/294).
[6] “Сияри аъломин нубало” (2/41). “Марвийёт Аби Михнаф” (296-бет).
[7] “Тарихи Табарий” (5/614).
[8] “Бидоя ва ниҳоя” (7/270).
[9] “Табақот” (6/78).

Изоҳ қолдиринг