“Ал-арбаун Ан-нававийя” шарҳи: Муқаддима

4

Муқаддима

Дарҳақиқат, барча ҳамду сано Аллоҳ таолога хосдир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам ва истиғфор сўраймиз. Биз Аллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ва ножўя амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштиргувчи, адаштирган кимсани эса ҳидоят қилгувчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. У зотга, оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг кўпдан-кўп салавот ва саломлари бўлсин.

Муҳаддис олим Нававий роҳимаҳуллоҳ Шофеий мазҳабидаги мўътабар уламолардан ва уларнинг ичидаги илмий асарлар яратишга интилувчан олимлардан биридир. У турли соҳаларда, жумладан, ҳадис ва унга доир фанларда асарлар ёзди. Шунингдек, Араб тилига оид илмлар борасида “Таҳзибул асмои вал луғат” китобини ёзди. Ҳақиқатда Нававий роҳимаҳуллоҳ ниҳоятда илмли инсон бўлган эди. Афтидан, илмий ижодкорлик соҳасида энг ихлосли кишилардан бири эди. Негаки, у ёзган асарлар ислом дунёсида кенг тарқалди. Қайси масжидга қараманг, албатта унда “Риёзус солиҳийн” (“Солиҳлар гулшани”) китоби мутолаа қилинишлигига гувоҳ бўласиз. Унинг асарлари бутун дунёга машҳур ва кенг ёйилган. Бу унинг нияти соғлом эканлигига далолат қилади. Зеро, одамларнинг бу асарларга бўлган хайриҳоҳлиги асар муаллифининг холис ниятини кўрсатувчи далиллардан биридир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ мужтаҳид олим эди. Маълумки, мужтаҳид ҳақни тўғри топиши ёхуд хато қилиши мумкин. Нававий роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг исм ва сифатлари хусусида хатога йўл қўйди. У айрим исм ва сифатларни таъвил қилди, бироқ инкор этмади. Масалан, таъвил қилувчилар “Аллоҳ Арш узра истиво қилди” деган оят маъносини “Аллоҳ Аршни эгаллади”, деб изоҳ берадилар. Бироқ “истиво”ни буткул инкор қилмайдилар. Негаки, улар “истиво”ни ёлғон деб инкор этсалар кофир бўлур эдилар. Демак, улар “истиво”ни тасдиқлайдилар, бироқ унинг маъносини бузиб, унга бошқача изоҳ берадилар[1].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳдан содир бўлган бу каби масалалар Аллоҳнинг исм ва сифатлари хусусидаги оят ва ҳадисларнинг таъвилидаги хатодир. Албатта бу хато унинг фазилатлари ва сермаҳсул хизматлари олдида кўмилиб кетади. Ундан содир бўлган бу хато ижтиҳоддан ва гарчи унинг шахсий кўз қарашида бўлса-да, асосли таъвилдан келиб чиқиб содир бўлган, деб ўйлаймиз. Имом Нававийнинг бу хатоси кечириб юбориладиган хатолардан бўлишини, у мусулмонларга тақдим қилган яхшилик ва манфаатлар Аллоҳ қабул қилган саъй-ҳаракатлар жумласидан бўлишини ва у зотга Аллоҳ таолонинг: “Албатта яхши амаллар ёмон амалларни кеткизиб юборади[2], деган сўзи мос келишини умид қиламиз.

Дарҳақиқат, сўнги пайтларда имом Нававийни кескин ҳақоратлай бошлаган айрим қавмлар қаттиқ адашдилар. Ҳаттоки, менга айтиб беришларича, улардан баъзилари “унинг “Саҳиҳи Муслим” асарига ёзган шарҳини ёқиб юбориш керак”, деганмиш. Аллоҳдан саломатлик сўраймиз!

Зотан, Нававий роҳимаҳуллоҳнинг сийратидан келиб чиқиб унинг солиҳ ва мужтаҳид олим эканлигига гувоҳлик берамиз. Маълумки, мужтаҳид баъзида тўғри ва баъзида хато қилади. Агар у хато қилса битта ажр, тўғри қилса эса иккита ажрга эга бўлади. Нававий роҳимаҳуллоҳ кўплаб асарлар муаллифидир. Бу асарларнинг энг яхшиларидан бири биз шарҳламоқчи бўлган ушбу “Ал-арбаун Ан-нававийя” (яъни “Нававийга оид қирқ ҳадис”) китобидир. Аслида китобдаги ҳадислар сони қирқта бўлмай, балки қирқ иккитадир. Бироқ араблар сонлардаги каср сонларни тушириб қолдириб, қирқдан бир иккита зиёда, ёки оз бўлса ҳам “қирқ” деб айтишга одатланганлар.

Ушбу қирқ ҳадисни толиби илмлар ёд билишлиги лозимдир. Негаки, бу ҳадислар бошқа асарлардан фарқли ўлароқ, турли-туман боблардаги кўпсонли ҳадислар ичидан сайлаб олинган. Мисол учун “Умдатул аҳком” (“(Ҳалол-ҳаром масалаларига оид) аҳкомлар таянчи”) китобига қарайдиган бўлсак, бу китобдаги ҳадислар сайланма ҳадислар бўлсада, бироқ у биргина боб – фиқҳ бобидаги сайланма ҳадислардан иборатдир. “Ал-арбаун Ал-нававийя” китобидаги ҳадислар эса, хилма-хил бобларга тааллуқли сайланма ҳадислар мажмуасидир. Ушбу ҳадисларни шарҳлаш йўлида Аллоҳдан ёрдам ва мадад сўраб қоламиз. Ёлғиз Аллоҳгина муваффақ этувчидир.

[1] Қаранг: “Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳнинг фатво ва мақолалари тўплами”, 1\176.

[2] Ҳуд: 114

Discussion4 fikr

    • Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh
      Nima uchun sharhlar tõhtab qolgan , qolgan qismlarini qayerdan topsa bõladi?

      • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
        Давом этади, иншааллоҳ.

Изоҳ қолдиринг