Бектошийлар: келиб чиқиши ва тарихи

0

Бектошийлар тариқати усмонийлар халифалигини йиқитган, Туркия ва Мисрда тарқалган энг хатарли сўфий-шиа тариқатларидан саналади. Унинг асосчиси ким ва Яничарларга қандай алоқаси бор?

Сунний ислом оламига шиалик тушунчаси ва шиа мазҳаби даставвал сўфий тариқатлар орқали кириб кела бошлаган эди. Улар ичида энг машҳури иккита тариқат бўлиб, бири ҳижрий еттинчи асрнинг ўрталарида асос солинган ва ҳозирги кунгача тобелари бор бўлган бектошийлар тариқати, иккинчиси ҳижрий олтинчи асрнинг ўрталарида асос солинган ва ҳозиргача тобелари бор бўлган рифоийлар тариқатидир. Биринчи тариқат – бектошийлар тариқати бошдан-оёқ шиаликдан иборат. Шунга қарамай у Туркияда – исломий халифалик пойтахтида ривожланди, ҳатто яничарлар (янги қўшин) таркибига сизиб киришга, усмоний халифа хонадонигача кириб боришга эришди ва сунний ақидани ўзгартиришга фаол ҳисса қўшди.

Ўқувчи ушбу тариқатнинг ҳақиқати билан танишар экан, қандай қилиб у аҳли суннат ва жамоат орасида ўзига қўним топа олгани уни ҳайратга солади. Лекин бу фирқа муридларни ўзларининг ботиний эътиқодларига қандай қилиб босқичма-босқич етаклаб борганини билгач ҳайрати йўқолади.

Бектошийлар тариқатининг келиб чиқиши

Бектошийлар сўфий-диний тариқат бўлиб, унга Ҳожи Бектош Валий исмли киши асос солган ва унга нисбат берилиб шундай номланади. У ҳақдаги аксар маълумотлар афсонавий ҳикоялардан иборатдир. Айтилишича, у ҳижрий еттинчи асрнинг иккинчи ярмида (милодий ўн учинчи асрда) Нишопурда туғилган бўлиб, Аҳмад Яссавий қўлида турли илмлардан дарс олган ва ҳижрий 738 (милодий 1337) йили вафот этган. Баъзилар ушбу тариқатнинг ҳақиқий асосчиси ҳижрий 922 (милодий 1516) йили вафот этган Болимбобо номли киши бўлган деб ҳам айтишган. Тўғрироқ гап шуки, Бектош Валий тариқатга асос солган, Болимбобо эса уни кенгайтириб, унга баъзи таълимотларни қўшган ва уларни тартибга келтирган. Афтидан, бу тариқат турклар юрти ва Кичик Осиё минтақасида тарқалган бўлиб, Қоҳира шаҳри каби бошқа минтақаларда ҳам баъзи тармоқлари бўлган.

Мисрдаги бектошийлар тариқатининг катта машойихларидан бўлган Аҳмад Сари Бектош (Дада Бобо) ўзининг «Бектошийлар тариқати тарихига оид Аҳмад рисоласи» номли китобида шундай дейди: «Шайх Ҳункор «Сулужа Қораҳўюқ» (Suluca Karahöyük) қишлоғига келиб тушди. Бу қишлоқ кейинчалик Ҳожи Бектош қишлоғи деб номланган ва ҳозиргача шу номни сақлаб қолган. Кейин у ўша ерда шайх Идрис ва унинг аёли Фотима Қутлумулкнинг меҳмони бўлди. У иккиси бор-будларини шайх Ҳункор Хуросонийнинг даъватини ёйиш йўлида сарф қилдилар. Бир куни шайх Ҳункорнинг зиёратига Хуросондан вакиллар келганида аёл уларни меҳмон қилиш учун эгнидаги кўйлагини сотишдан бошқа чора топа олмади ва кўйлакнинг пулига Шайх Ҳункорнинг хуросонлик меҳмонлари учун егулик сотиб олди. Шайх Ҳункорнинг меҳмонларини кутиб олиш Фотима хотиннинг одати эди, кийими бўлмагани учун уларга пешвоз чиқа олмади. Шайх Ҳункор буни ғойибдан билди ва қўлини узатиб, унга бир даста кийим чиқариб берди, сўнг остидаги тўшак тагига қўлини узатиб, икки халтача тилла чиқарди ва уларни аёлга берди. Аёл келиб, шайхнинг қўлларини ўпди ва меҳмонларини қарши олди, унинг кароматларига иймон келтирди».

Ушбу қиссадаги ҳийла-найрангни илғаб олиш унчалик қийин эмас. Негаки, Ҳункор кўйлакни йўқдан бор қилмаган, балки уни кейинчалик Туркияда сўфийлик даъвати учун бел боғлаган ўша хуросонлик вакиллар олиб келишган эди. Шайхнинг бу ишини кароматга йўйишдан авом халқ орасида даъватининг ёйилиши кўзда тутилган эди. Мана шу қисса бектошийлар тариқати ёйилишининг бошланиши бўлди. Шунингдек, шайх Ҳункорнинг хуросонлик вакилларининг келиши ушбу шиа тариқати ва сўфийлик даъватининг ёйилишига замин яратди ва ривожланишига катта ҳисса қўшди.

Сўнгра Шайх Ҳункор яна бир «каромат» кўрсатди. Эмишки, Шайх Идриснинг хотини бўлмиш ўша Фотима Қутлумулк шайхнинг бир неча томчи қонидан ичгач ҳомиладор бўлибди. Ҳолбуки, У эри Идрис Туркийдан йигирма йил давомида ҳомиладор бўлмаган эди. Хуросонлик Ҳункор келгач, таҳорат олиши учун аёл унга сув қуйиб турар эди, шунда бир неча томчи қон тоғорага томди, аёл ундан ичиб ҳомиладор бўлди ва кейин ҳомиладорлик яна қайталаниб, Ҳабиб, Маҳмуд ва Хизр исмли фарзандларни дунёга келтирди. Ана ўша болалар оталари Шайх Ҳункор эканини қатъий таъкидлашар эди. Бектошия тариқатининг Мисрдаги катта машойихларидан бўлган Аҳмад Сари зикр қилишича, Шайх Ҳункор уларнинг руҳий отаси бўлган холос, уларнинг онаси шайхнинг қонидан ичиб ҳомиладор бўлган, Шайх Ҳункор эса ҳаёти давомида ҳеч қачон уйланмаган.

Усмоний халифалик диёрида бектошийликнинг тарқалиши

Шайх Ҳункор тариқатнинг биринчи сўфий такясига асос солгач, тобелар ва зиёратчилар кўпая бошлади ва ўша бор-йўғи еттита уйдан ташкил топган қишлоқни маскан тутдилар. Сўнгра бир туз тоғини кашф этдилар. Уни Ҳожи Бектошнинг туз тоғи дея номладилар. Бу туз кони шу қадар машҳур бўлиб кетдики, ҳатто йилига ундан икки миллион уққа (уққа – бир килограмдан сал кўпроқ оғирлик ўлчови) олувчи усмоний султоннинг ошхоналарини таъминлай бошлади. Шайх Ҳункор Бектошнинг овозаси тарқалиб, усмоний султон Ўрхон Ғозийгача (ҳижрий 761 йилда вафот этган) етиб борди. Султон Ўрхон Ғозий зиммий асирларнинг болаларини ва отасиз етим болаларни бектошия тариқати асосида таълим бериши ва шу йўлда тарбиялаши учун Шайх Ҳункорга топширишга қарор қилди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг