Жамоат намозига саримсоқ каби бадбўй нарсаларни еб чиқмаслик

0

Юз ўн тўртинчи ҳадис

عن جَابِرِ بْنِ عَبْدِ الله رَضىَ الله عَنْهُمَا عَنْ النَّبي صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلمَ قالَ:”مَنْ أكَل ثُوماً أوْ بَصَلاً فَلْيَعْتَزِلنا – أوْ ليعْتَزِلْ مَسْجِدَنَا- ليْقْعُدْ في بَيتهِ”.

وَأُتي بقِدْرٍ فيه خَضِراتٌ من بُقُولٍ فَوَجَدَ لها ريحاً، فسأل، فَأُخْبِرَ بِمَاَ فِيهَا من البُقُولِ، فَقَال: ” قرِّبُوهَا ” إِلى بَعْض أصحَابِهِ

كان معه- فَلَمَّا رَآهُ كَرِهَ أكلهَا قال: “كُل فإنّي أنَاجي من لا تُنَاجى “.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким саримсоқ ёки пиёз еса биздан ёки масжидимиздан узоқ турсин, уйида ўтирсин”.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига қозонда сабзавотлардан тайёрланган овқат келтирилди. У зот қозондаги таом ҳидини сезиб, бу қандай ҳид экани ҳақида сўрадилар. Қозонда сабзавотлардан тайёрланган таом борлигини айтишди. Шунда Пайғамбаримиз олдида ўтирган саҳобага ишора қилиб:Бу таомни унга яқинроқ қўйинглар”, дедилар. Саҳобанинг у зот емаган таомни ейишни ёқтирмаганини кўрган Пайғамбаримиз унга шундай дедилар:Е, зеро, мен сен сўзлашмайдиган зот (яъни фаришта) билан сўзлашаман” [Бухорий: 855 ва Муслим: 564].

Шарҳ:

“… биздан ёки масжидимиздан узоқ турсин”:

Аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кўринишда сўзламаганлар. Ҳадиснинг шу жойида “биздан ёки масждимиздан”, деб иккиланган киши ҳадисни нақл қилган ровийларнинг бири бўлмиш Зуҳрийдир.

Кунларнинг бирида…”, деб бошланажак ҳадиснинг иккинчи ярми тамоман бошқа ҳадис бўлиб, бу воқеа биринчи қисмда айтилган сўзлардан олти йил аввал рўй берган. Ҳадиснинг биринчи қисмидаги сўзларни Пайғамбаримиз Хайбар ғазотида айтган бўлсалар, иккинчи қисмидаги воқеа эса ҳижратнинг биринчи йилида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Айюб Ансорийнинг уйига келиб тушганларида содир бўлган.

Шунда Пайғамбаримиз олдида ўтирган саҳобага ишора қилиб:Бу таомни унга яқинроқ қўйинглар”, дедилар”:

 Бу ерда Пайғамбаримиз таомни унинг олдига яқинроқ қўйишга ишора қилган саҳобий Абу Айюб Ансорийдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб Мадинаи мунавварага келганларида Абу Айюбнинг уйига келиб тушдилар. Абу Айюбнинг хотини у зотга овқат пишириб берар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган таом Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг олдига келтирилса, Расулуллоҳ идишнинг қай еридан еганини сўраб, ўша еридан ер эди. Бир куни шундай қилмоқчи эди, хотини у зот пиширилган овқатдан емаганларини айтди. Чунки овқатга саримсоқ қўшилган эди. Шунда Абу Айюб Пайғамбаримиздан: “Ё Расулуллоҳ, саримсоқ ҳаромми”, деб сўради. У зот: “Йўқ, лекин мен ёқтирмайман”, деб жавоб бердилар”.

Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Абу Айюб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга пиёз ёки порей пиёзидан (куррос) тайёрланган кўкатли таом юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу таомни емаганларини кўриб, ўзи ҳам уни ейишни истамади. Буни кўриб Пайғамбаримиз унга: “Нега емадинг”, дедилар. У: “Сиз қўл теккизмаганингизни кўриб, мен ҳам емадим”, деди. Шунда Пайғамбаримиз: “Бу таом ҳаром эмас, мен Аллоҳнинг фаришталаридан уяламан, холос”, дедилар. Яъни, емаслигимнинг сабаби бу таом ва унга қўшилган пиёз ҳаромлиги учун эмас, балки мен ваҳийни қабул қилишда Жаброил билан сўзлашаман. Маълумки, пиёз еган кишининг оғзидан нохўш ҳид келади. Шу сабабли емадим, дедилар.

Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилади: “Бу таомни ейверинглар. Менинг ҳолатим сизларникидан фарқ қилади. Мен соҳибимга, яъни Жаброилга азият бериб қўйишдан қўрқаман”, дедилар.

Юз ўн бешинчи ҳадис

عَن جَابِر: أن النبي صلى الله عليه وسلم قَالَ:” مَنْ أكلَ البُصَلَ أو الثُّومَ أو الْكُرَّاثَ فَلا يَقْرَبَنَّ مَسْجدَنَا فَإنَّ الْمَلاِئكَةَ تَتَأَذّى ممَّا يَتَأذّى مِنْهُ بَنوُ الإنْسَانِ

وفي روَاية ” بَنُو آدَمَ “.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким пиёз ё саримсоқ ё порей пиёзи (кўк пиёз) еса масжидимизга келмасин. Зеро, инсон зотига озор берадиган нарса фаришталарга ҳам озор беради». Бир ривоятда: “Одам боласи азиятланадиган нарсадан”, дейилган [Муслим: 564].

Шарҳ:

Аслида намоз ўқимоқчи бўлган, айниқса, катта масжидларда намоз ўқимоқчи бўлган инсон энг хушбўй ва ёқимли ҳолатда бўлиши керак. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пиширилмаган саримсоқ ёки пиёз еган кишини масжидга яқинлашмасликка буюрдилар. Борди-ю, саримсоқ ёки пиёз еган бўлса, то оғзидан намозхонларга ва фаришталарга озор берадиган ёмон ҳид кетгунига қадар намозни уйида ўқийди.

Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига қозонда кўкатлардан тайёрланган таом келтирилди. У зот қозондан келаётган ҳидни ёқтирмадилар ва таомни ёнида у зот билан бирга ўтирган саҳобага беришга буюрдилар. Ҳалиги саҳобий Пайғамбаримизнинг бу таомни ёқтирмаганини кўриб, уни ҳаром деб ўйлади ва уни ейишга иккиланиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таом ҳаром эмаслигини, ёқтирмасликларининг сабаби бошқа нарса эканини баён қилиб, ушбу таомдан ейишга буюрдилар. У зотни бу таомни ейишдан тўсган нарса, юқорида келтирган ҳадисларимизда баён қилинганидек, ваҳий келтирувчи фаришта Жаброил алайҳиссалом билан мулоқот қилишларидир. Зеро, у зот мулоқот пайтида ўзларидан Жаброилга озор берадиган ёмон ҳид таралиб туришини истамас эдилар.

Ҳадислардан олидинадиган фойдалар:

1 – Саримсоқ, пиёз ёки кўк пиёз еган одам масжидга киришдан қайтарилган.

2 – Ҳадисда зикр қилинган нарсаларга фаришталар ва намозхонларга озор берадиган ҳар қандай бадбўй ҳидни қўшиш мумкин. Масалан, тамакининг ҳиди. Бу иллатга мубтало бўлган инсон масжидга кетаётиб, тамаки чекмаслиги, оғзидан келадиган бадбўй ҳидни кетказиш учун оғиз ва тишларини тозалаши лозим бўлади.

3 – Намозларни масжидда ўқиши керак бўлган инсон мазкур сабзавотларни (кўкатларни) ейиши макруҳ саналади. Чунки улардан бирини еса жамоат намозига чиқа олмай қолади. Борди-ю, жамоат намозига чиқмасликка ҳийла қилиб емоқчи бўлса, у ҳолда ейиши ҳаром бўлади.

4 – Мазкур сабзавотларни еган кишининг масжидга келишидан қайтарилганининг ҳикмати фаришталар ва намозхонларга озор бермасликдир.

5 – Ўзгаларга озор берадиган ҳар қандай ишдан қайтарилган. Ҳадисда ўзгаларга озор берувчи саримсоқ айнан айтиб ўтилган. Шундай бўлса-да, ўзгаларга озор бериши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай воситаларни ман қилиш учун ҳукмда уларни саримсоққа қиёс қилиш тўғри бўлади.

6 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саримсоқ ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳаромлиги учун ейишдан бош тортмадилар. Бунга Пайғамбаримиз бошқаларни уни ейишга буюрганлари далолат қилади. Бинобарин, у зотнинг саримсоқни емаганлари унинг ҳаромлигига далолат қилмайди.

Фойда:

Айрим уламолар жамоат намозига чиқиш фарзи кифоя эканига мазкур нарсаларни ейиш мубоҳлигини далил қилиб келтиришган. Уларнинг фикрича, жамоат намозига чиқиш балоғатга етган ҳар бир эркак кишига фарзи айн бўлганида масжидга келишдан ман қиладиган мазкур нарсаларни ейиш ҳаром бўлар эди.

Тўғрироқ фикрга кўра, улар келтирган бу далил тўғри эмас. Негаки, фарз амални зиммадан соқит қиладиган мубоҳ амаллар, модомики фарз амални бажармасликка ҳийла учун бўлмаса, аслида жоиз амаллардир. Масалан, рамазон ойида сафар қилиш аслида мубоҳ. Рамазон ойида сафар қилиш мусофир зиммасидан рўза тутишни соқит қилади. Модомики, инсон рўза тутишдан қочиб сафар қилмас экан, бу иш жоиз бўлиб қолаверади. 

Изоҳ қолдиринг