Ташаҳҳуд боби

0

Юз ўн олтинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عَنْهُ قال: “عَلَّمَني رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم التَّشَهُّدَ- كَفِّى بَيْنَ كفيْهِ- كَما يُعَلِّمُني السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ :”التَّحِيَّاتُ لله وَالصلَوَاتُ وَالطيباتُ، السَّلاَمُ عَلَيْكَ أيهَا النَّبيُّ وَرَحْمَةُ الله وَبَرَكاتُهُ، السَّلامُ عَلَيْنَا وَعَلى عِبَادِ الله الصَّالِحِينَ، أشْهَدُ أنْ لاَ إلهَ إِلاَّ الله وَأشْهَدُ أنَ مُحمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولهُ“.

وفي لفظ: “إِذَا قَعَدَ أحَدُكُمْ لِلصَّلاَةِ فَلْيَقُلْ: ” التَّحَيَّاتُ لله “ وذكره إلى آخره.

وفيه “فَإنَّكْم إِذَا فَعَلْتُمْ ذلِكَ فَقَدْ سَلَّمْتُمْ على كُل عَبْدٍ صالح في السَّمَاءِ وَالأرْض“.

وفيه “فَلْيَتَخَيَّرْ مِنَ الْمَسْألةِ ما شَاءَ“.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кафтимни икки кафтлари орасига қўйиб, худди Қуръон сураларидан бирини ўргатгандек, менга ташаҳҳуд (дуоси)ни  ўргатдилар: “Аттаҳиййаату лиллааҳи вассолаваату ваттоййибаат. Ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн. Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ” [Бухорий: 831 ва Муслим: 402].

Дуонинг маъноси: “Барча салом (улуғлик, боқийлик), намоз ва гўзал сўзлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман”.

Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: “Агар бирингиз намозда (ташаҳҳудга) ўтирса: “Аттаҳиййаату лиллааҳи вассолаваату…”, десин дейилиб, ҳадис охирида шундай дейилади: Агар шундай қилсангизлар, дарҳақиқат, осмону ердаги барча солиҳ бандаларга салом айтган бўласизлар”.

Яна мазкур ривоятда: “Кейин истаган дуосини қилаверсин” [Бухорий: 1202 ва Муслим: 402], дейилган.

Шарҳ:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу зикр қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ташаҳҳудда ўқиладиган дуони ўргатганлар.

Ушбу дуони ўргатишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам алоҳида эътибор қаратганлар. Пайғамбаримиз Ибн Масъуднинг қўлидан тутиб, унга худди Қуръон сураларидан бирини ўргатгандек, ташаҳҳуд дуосини қайта-қайта ўқиб ва ўқиттириб тушинтирдилар. Зеро, мазкур дуода Аллоҳни улуғлайдиган ўта муҳим сано ва муборак дуолар бор.

Намозхон ташаҳҳуд дуосини Аллоҳ таолони беҳад улуғлаш билан, шунингдек, У намоз ва бошқа ибодатларга ҳамда энг гўзал сўз, амал ва сифатларга ҳақли Зот эканини айтиш билан бошлайди.

Аллоҳ таолога сано-мақтов айтиб бўлгач, ортидан турли айбу нуқсон ва офатлардан саломатлик тилаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларига дуо қилади ва Аллоҳдан у зоти шарифга раҳмат ва яхшиликларини ёғдиришини ва буларни янада зиёда қилишини сўрайди.

Кейин ўзи ҳамда намозга ҳозир бўлган одамлару фаришталар ҳаққига дуо қилади.

Кейин эса умумий тарзда олдин ўтган ва энди келажак осмону ерда яшовчи инсу жин ва фаришталардан иборат Аллоҳнинг солиҳ бандалари ҳаққига дуо қилади.

Дарҳақиқат, ушбу дуо Пайғамбаримизнинг сермазмун сўзларидан бири ҳисобланади.

Дуонинг охирида намозхон Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сифат: бандалик ва пайғамбарлик сифатига эга эканига қатъий равишда гувоҳлик беради. Мазкур ҳар икки сифат улуғ ва шарафли сифат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғрисида ҳаддан ошиш ёки у зотнинг ҳаққини адо қилишда қосирлик қилишдан қайтаради.

Фойда:

Ташаҳҳудда ўқиладиган дуо бир қанча ҳадисларда турли кўринишларда келган. Бироқ улар орасидаги энг афзали ва кенгқамровлироғи Ибн Масъуднинг ҳадисида келган дуо бўлиб, уни имом Абу Ҳанифа ва имом Аҳмад ихтиёр қилган.

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аксар саҳоба ва тобеин аҳли илмлар бу ҳадисда келган дуога амал қилишган”.

Баззор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ташаҳҳуд дуоси борасида келган энг саҳиҳ ҳадис Ибн Масъуднинг ҳадиси бўлиб, у йигирмадан ортиқ санад билан нақл қилинган. Бу бобда ундан кўра собитроқ, санади саҳиҳроқ, ровийлари машҳурроқ ва санади ва ровийлари кўпроқ ҳадис йўқ”.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Масъуднинг ҳадиси ташаҳҳуд дуоси борасида ривоят қилинган энг саҳиҳ ҳадислиги хусусида муҳаддис уламолар ўртасида хилоф йўқ. Ушбу фикрни қатъий айтганлардан бири Бағавийдир. Бу фикрни қўллаб-қувватловчи далиллардан бири ҳадиснинг муттафақун алайҳ (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилгани) экани, шунингдек, бошқа ҳадисларга нисбатан Ибн Масъуддан нақл қилган ишончли ровийлар дуо лафзида ихтилоф қилишмаганидир”.

Тўрт ва уч ракаатлик фарз намозларда ҳар икки ташаҳҳуднинг вожиб ёки йўқлиги борасида уламолар ўртасида хилоф бор. Биринчи ташаҳҳуд ҳукми ҳақида Ойша розияллоҳу анҳодан нақл қилинган саксонинчи ҳадис шарҳида сўз юритган эдик.

Иккинчи фойда:

Субкий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Намоз бандалар зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи бўлиши билан бир қаторда унда бандаларнинг ҳам ҳаққи бор. Ким уни тарк қилса, ўтганлару ва то қиёмат кунигача келадиган барча мўминлар ҳаққини адо этмаган бўлади. Чунки ташаҳҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:Ассалааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис соолиҳийн” (яъни Бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига салом бўлсин), деб айтишга буюрганлар”.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг