Дард ва даво (1): Ҳар қандай дарднинг давоси бор

4

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Азиз диндошлар, бугундан бошлаб аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Дард ва даво” номли китоб таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Аллоҳ таоло ушбу амалимизни охиратимиз учун захира, мўмин-мусулмонлар учун фойдали қилсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил алиййил азийм

Буюк ва олий зот Аллоҳ тавфиқ ва мадад бермаса на бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўта оламиз, на ўша ҳолатда давом эта оламиз.

Ушбу китоб ёзилишига сабаб бўлган савол

Ёмон бир дардга мубтало бўлиб, ҳар қандай йўллар билан уни енгишга ҳаракат қилган, аммо дарди борган сари кучайиб бораётган, агар бу дарддан қутилмаса, дунёю охирати куйиб кетишини билган кишига дин пешволари бўлмиш муҳтарам уламоларимиз (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) нима маслаҳат беришади? Бу дардни қандай енгса бўлади, унга барҳам беришнинг йўли борми?

Дардмандларга кўмак берган кишига Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин. Ҳадиси шарифда айтиладики, банда модомики биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади.

Шу ҳақда фатво берсангизлар. Аллоҳ ажрингизни берсин.

Ҳар қандай дарднинг давоси бор

Алҳамдулиллаҳ.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло бирон касаллик туширган бўлса, албатта унинг шифосини ҳам туширган”[Бухорий: 5678].

Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Агар дардга муносиб дори топилса Аллоҳнинг изни билан шифо топади” [Муслим: 2204].

Имом Аҳмад Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ бирон касаллик туширган бўлса, албатта унинг шифосини ҳам туширган. Буни билганлар билади, билмаганлар билмайди” [Аҳмад: 4/278 (18456)].

Бошқа бир ривоятда шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бир касалликдан бошқа барча касалликлар шифосини ёки давосини яратган”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қандай касаллик?”, деб сўрашди. “Кексалик”, деб жавоб бердилар. Имом Термизий бу ҳадис даражаси ҳақида: “Ҳасан саҳиҳ ҳадис”, деган.

Мазкур ҳадисларда айтилган дард ва даво инсон қалби, руҳи ва бадани чалинадиган барча касалликлар ва уларнинг давосини қамраб олади.

(Давоми бор)

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion4 комментария

  1. Абдуроҳман

    Ассаламу алайкум! Аллоҳ рози бўлсин яхши фойдали китоб. Китоб шаклида чифарсангизлар олиб ўқисек яхши бўларди

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Ҳурматли Абдураҳман, аввало таклифингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу мақолалар тугаганидан сўнг китоб шаклида чоп этиш ниятимиз бор, иншааллоҳ.

  2. Абдуроҳман

    Рахмат! Аллоҳ рози бўлсин кутиб қоламиз интизорлик билан китоб қаерда бўлишини ҳам ёзворасиз имкон қадар… Аллоҳга омонат

Изоҳ қолдиринг