Аллоҳнинг исм ва сифатлари шаръий далиллардан олинади

0

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари фақат шаръий далиллардан олинади. Яъни, бирон киши Аллоҳни у зотнинг ўзи айтмаган исмлар билан номлаши ёки у зотнинг ўзи айтмаган сифатлар билан сифатлаши мумкин эмас. Аксинча, фақат Қуръон ва ҳадисда айтилган исм ва сифатларга илова қилмай, камайтирмай иймон келтириши вожиб бўлади.

Исломга мансуб тоифалар Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари фақат далиллардан олинадими ёки ижтиҳод қилиб топса ҳам бўладими деган эътиқодда ихтилофлашган. Аҳли суннатнинг эътиқодига кўра Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари борасида шаръий далилдан четга чиқилмайди ва бу борада қиёслаш ҳам жоиз эмас. Бу борада фақат Қуръон ва ҳадисда айтилган нарсалар билан кифояланиш, унга ҳеч нарсани қўшмаслик ва ундан бирон нарсани камайтирмаслик лозим. Чунки ақл Аллоҳ таолога лойиқ исмларни топа олмайди. Шундай экан, бу борада шаръий далилларга чекланиш: Аллоҳ ва расули бор деган исм ва сифатларни бор деб, Аллоҳ ва расули йўқ деганларини йўқ деб эътиқод қилиш керак.

Бу масалада луғавий қиёс ва ақлий истиҳсонни ишга солган бидъатчи тоифалар аҳли суннатга хилоф қилиб адашдилар.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу борада аҳли суннат ва жамоат ҳақни топдилар. Уларнинг бу эътиқодига қуйидаги оят далил бўлади: “Аллоҳнинг (Аллоҳ ва расули тарафидан баён қилинган) гўзал исмлари бор. У зотга ўша исмлар билан дуо қилинглар. Унинг исмларида ҳақдан оққан, (бу исмларнинг маъноларини ўзгартирган, баъзиларини инкор қилган ёки у исмларга ўзи тарафидан қўшимча қилган) кишиларни қўйинглар. Улар тез орада қилган амалларига яраша жазо оладилар” (Аъроф 180).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўргатган қуйидаги ҳадис ҳам аҳли суннатнинг бу масаладаги эътиқоди тўғри эканига яна бир далил бўлади: “Мен сендан сен у билан ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган… барча исмларингни васила қилиб сўрайман…”. Бу ҳадис Аллоҳнинг исмлари фақат Аллоҳ ва расули тарафидан баён қилиниши кераклигига яққол далил бўлади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг