Дард ва даво (8): Дуо – энг фойдали даво

0

Бўлим

Дуо энг фойдали даво бўлиб, бало-мусибатнинг душмани саналади. Зеро, дуо бало-мусибат билан курашади, ундан ҳимоя қилади, банданинг бошига мусибат тушишига йўл қўймайди, мусибатни аритади, тушган тақдирда уни енгиллаштиради.

Дуо мўминнинг қуролидир. Ҳоким “Саҳиҳи”да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дуо мўминнинг қуроли, диннинг устуни ва осмону ерларнинг нуридир[1].

Дуо ва балонинг учта даражаси бор:

Биринчиси: дуо балодан кучлироқ бўлади. Натижада дуо балони қайтаради.

Иккинчиси: дуо балодан заифроқ бўлади. Натижада бало дуодан устун келиб, бандага бало етади. Лекин бу ҳолатда дуо гарчи оз бўлса-да, балони енгиллаштиради.

Учинчиси: иккисининг кучи тенг бўлади. Натижада бир-бирига тўсқинлик қилади.

Ҳоким “Саҳиҳи”да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эҳтиёткорлик пешонага битилганидан қутқариб қололмайди. Дуо тушган ва тушмаган кулфатларни аритишда фойда беради. Кулфат тушган пайтда дуо унга рўбарў келади ва то қиёмат кунигача бир-бирлари билан курашади[2].

Ҳоким Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган кулфатларни аритишда ёрдам беради. Эй Аллоҳнинг бандалари, дуони ҳеч тарк қилманглар[3].

Ҳоким Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилади: “Қадарни фақат дуо қайтаради, умрни фақат яхшилик узайтиради ва киши қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади[4].

[1] (Заиф) Абу Яъло “Муснад”да (439), Ибн Адий “Комил”да (6\172), Ҳоким “Мустадрак”да (1\493) ривоят қилишган. Ҳадис санадида Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳамдоний номли ровий бўлиб, Ҳайсамий у ҳақда “Мажмауз завоид”да (10\147): “Ҳадиси тарк қилинадиган ровий”, яъни заиф ровий деган. Шунингдек, Ибн Ҳажар “Тақриб”да “заиф”, деган. Ҳадис маъно жиҳатдан тўғри. Зеро, бунга бир қанча оят ва ҳадислар далолат қилади. Аммо ҳадис санад жиҳатидан заиф бўлиб, бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш дуруст эмас.
[2] (Ҳадиснинг биринчи ва иккинчи жумласи ҳасан бўлиб, охирги учинчи жумласи эса заифдир) Ибн Адий “Комил”да (3\212), Табароний “Мўъжамул авсат”да (3\66), Ҳоким “Мустадрак”да (1\669) ва бошқалар ривоят қилишган.
[3] (Ҳасан лиғайриҳи) Термизий “Жомеъ”да (3548), Ҳоким “Мустадрак”да (1\670) ва Байҳақий “Қазо ва қадар”да (248) ривоят қилишган.
[4] (Ҳасан лиғайриҳи) Ибн Можа “Сунан”да (4022), Аҳмад “Муснад”да (5\280), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (29867) ва бошқалар ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг