Муфассирлар: Абу Закариё Фарро (1)

0

Исми ва насаби:

Бу имомнинг тўлиқ исми ва насаби Яҳё ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Манзур Дайламий Асламий Кўфий бўлиб, куняси Абу Закариёдир. Ислом оламида Фарро номи билан шуҳрат қозонган.

Дайлам – Форс диёрига қарашли минтақаларнинг бири. Абу Закариёнинг келиб чиқиши шу минтақадан бўлгани боис унга нисбат берилиб, Дайламий дейилган. Ушбу минтақада яшовчи аҳоли ҳам дайлам миллатига мансуб бўлган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Дайлам ҳам бир минтақанинг номи, ҳам ўша ерда яшовчи аҳолининг миллатидир.

Хонадони:

Айрим тарих китобларида зикр қилинишича, Фарронинг отаси Зиёд Пайғамбаримизнинг невараси улуғ саҳобий Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумо билан бирга жангда қатнашиб, қўли кесилган ва шу сабабли унга “Ақтаъ” (кесилган) деб лақаб қўйилган экан.

Ибн Халликон бу ҳақда шундай дейди: “Бу гапнинг ростлигида гумоним бор. Негаки, Фарро олтмиш уч ёш умр кўрган. Демак, унинг туғилган санаси ҳижрий 144 йилга тўғри келади. Ҳусайн розияллоҳу анҳу иштирокидаги жанг эса ҳижрий 61 йилда бўлиб ўтган. Бу жанг бўлиб ўтган йил билан Фарро туғилиган йил орасида 84 йиллик фарқ бор. Шунда, унинг отаси қанча йил умр кўрган бўлади? Ақтаъ Фарронинг бобоси бўлган бўлиши мумкин[1].

Фарронинг ота-боболарининг номларига назар соладиган бўлсак, улар Форс диёри фатҳ этилган дастлабки даврларда исломга киргани келиб чиқади. Ота-боболари Бани Асад қабиласидан бўлмиш Аслам деган кишининг қўлида иймонга келгани боис улар хонадонига Асадийлар ёхуд Асламийлар деб айтилади.

Имом Абу Ҳанифанинг улкан шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Фарронинг холасининг ўғли бўлган[2].

Фарро деб номланишининг сабаби:

Аслида бу улуғ олимнинг исми Яҳё. Лекин у Ислом оламида Фарро номи билан машҳур бўлган. Бу унинг лақабидир. Араб тилидаги “фарро” сўзи бир қанча маъноларни ифодалайди, шулардан бири мўйна тикувчи ёки мўйна сотувчидир. Бинобарин, араб тилидан хабардор одам бу лақабни эшитса, дарҳол бу лақаб соҳиби ё мўйна тикувчи, ё мўйна сотувчи бўлган экан, деган ўйга боради. Аслида эса ундай эмас. Зеро, Яҳёнинг ҳам, биронта ота-бобосининг ҳам мўйначиликка алоқаси бўлмаган. Аксинча, у араб тилини пухта ўзлаштиргани, араб тилини турли хатолардан ҳимоя қилиб, уни тузатгани учун унга “Фарро”, яъни тузатувчи, ислоҳ қилувчи деган ном берилган.

Самъоний айтади: «Абу Фазл Фалакий дейди: «У (яъни Яҳё) араб тилини пухта билгани учун унга Фарро деб ном берилган»[3].

Анборий айтади: «Баъзи ҳамкасбларимиз айтади: «Фарро илмий масалаларни яхши тартибга солгани учун Фарро деб номланди: териларни бигиз ёрдамида усталик билан тикадиган одамга ўхшатилди. Ҳолбуки, у мўйна (ёки тери) савдоси билан шуғулланмаган. Баъзи уламоларнинг айтишича, у муҳим масалаларда рақибини кесгани – мот қилгани учун унга Фарро деб айтишган. Чунки арабча «фаро» сўзининг маъноларидан бири «кесиш»дир».

Унга бу лақаб қачон берилгани маълум эмас. Бироқ шуниси аниқки, у вояга етиб, илмда юксак мартабага эришиб, у билан беллашганлар устидан ғолиб бўлгандан кейин унга бу лақаб берилган.

Туғилган санаси ва жойи:

Фарро роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 144 йили аббосийлар давлатининг иккинчи халифаси Абу Жаъфар Мансурнинг даврида Кўфа шаҳрида дунёга келади ва шу ерда ўсиб-улғаяди.

Ёшлиги ва илм олиш йўлидаги саъй-ҳаракати:

Фарро ёшлигидан жуда зукко, илмга чанқоқ ва кучли ҳифзу хотирага эга бўлган. Бошланғич илмларни она шаҳридаги олимлар қўлида таҳсил олади. Кейин Кўфадаги атоқли олимлар дарсларига қатнашиб, шаръий илмларни мукаммал ўрганади. Кўфа шаҳри ўша даврда уламоларга бой илм масканиларининг бири ҳисобланар, шаръий илмларнинг турли соҳаларида етук мутахасис олимларга тўла эди.

 Фарро асосан араб тили ва адабиёти ҳамда араб тили граматикасига эътибор қаратиб, уларни пухта ўзлаштиришга киришади. Ўша даврда араб тили адабиёти ва граматикаси соҳасида Кўфа шаҳрининг фахри саналган Кисоийнинг этагини маҳкам тутиб, ундан бу фанларни таълим олади. Шу боис айрим ўринларда Кисоийга тегишли баъзи сўзларни Фарродан бошқа ҳеч ким нақл қилмаганини учратишимиз мумкин.

 Шунингдек, у машҳур луғатшунос олим Сибавайҳнинг китобини кўп ўқир, уни ҳечам қўлидан ташламас эди. Араб тилини янада чуқурроқ ва мукаммал ўрганиш учун саҳроларга бориб, соф араб тилида сўзлашадиган ишончли аъробийлардан араб тили ҳақида маълумот йиғар эди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Фарро кучли ҳифзу хотира соҳиби эди. Ҳатто ҳифзу хотирасига суянганидан устозларидан эшитган маълумотларни ёзиб ўтирмас эди. Ҳаннод ибн Сарий айтади: «Фарро биз билан устозлар дарсига қатнар эди. Биз уни ҳеч вақт дарс асносида ёзганини кўрмасдик. Бироқ тафсир ёки араб тилига доир бирон ҳадис эшитгудек бўлса, устоздан ўша ҳадисни қайта айтишини илтимос қилар эди. Шунда биз Фарро керакли маълумотнигина ёдлар экан, деб ўйлаб қолардик»[4].

Унинг кучли хотираси умрининг охиригача сақланиб қолди. Ўзининг асарларини шогирдларига китобга қарамай имло қилар эди. Қўли билан кўп китоб ёзмаган.

Саълаб айтади: “Фарро вафот этганда ундан фақат бир неча сандиқчалар мерос қолди. Уларнинг ичида эслатма тарзида ёзилган масалалар ва шеърий мисралар ёзилган саноқли варақлар бор эди[5].

Фарро замонасида илмда энг юксак поғоналарга кўтарилди. Ҳатто Кисоийдан кейинги ўринда турадиган кўфаликларнинг пешвосига айланди, Кўфа аҳли араб тили ва адабиёти ҳамда араб тили граматикаси соҳасида суянадиган имом бўлиб етишди.

Устозлари:

Қуйида Фарронинг энг буюк ва машҳур устозларидан айримларини зикр қиламиз:

1 – Абу Муҳаммад Қайс ибн Рабеъ Асадий (ҳижрий 160 йилларда вафот этган). Шарик айтади: «Кўфа шаҳрида Қайсдан ҳам кўра ҳадисга ҳарисроқ толиби илм чиқмаган»[6].

2 – Миндал ибн Али (ҳижрий  167 йилда вафот этган).

3 – Абу Бакр ибн Айёш (ҳижрий 194 йилда вафот этган). Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтади: «Абу Бакр ибн Айёшдан кўра суннатга амал қилувчироқ инсонни кўрмадим»[7].

4 – Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза Кисоий (ҳижрий 189 йлида вафот этган). Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Кисоий ҳақида шундай дейди: «Имом, (ўзидан кейин келган) қори ва луғатшунос олимларнинг устози»[8].

5 – Суфён ибн Уяйна (ҳижрий 198 йили Маккада вафот этган). Ўз даврида Макка шаҳрининг пешво олимларидан бири бўлган.

[1] Қаранг: Ибн Халликон, “Вафаётул аъён” (6/182).
[2] Қаранг: Хатиб Бағдодий, «Тарихи Бағдод» (14/152).
[3] Қаранг: Ибн Халликон, “Вафаётул аъён” (6/181).
[4] Қаранг: Хатиб Бағдодий, “Тарихи Бағдод” (14/157).
[5] Собиқ манба.
[6] Қаранг: Заҳабий, «Сияри аъломин нубало» (8/44).
[7] Қаранг: Заҳабий, «Сияри аъломин нубало» (8/496).
[8] Қаранг: Заҳабий, “Тарихи Ислом” (4/927).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг