Бектошийлар: келиб чиқиши ва тарихи (4)

0

Бектошийларнинг усмоний халифаликни йўқ қилишдаги роли

Усмоний ислом халифалигининг маркази бўлган Истанбулда Султон Маҳмуд Иккинчи яничарлар ва бектошийлар тариқатини бекор қилганидан сўнг уларнинг қолдиқлари сирли ва махфий тарзда ишлашга ўтиб, ўзларини секуляр қилиб намоён қилиш орқали қутулиб қолишди. Кейин бу қолдиқлар Дўнма яҳудлари ва уларнинг тобелари билан аралашиб кетиб, уларнинг раҳнамоси Талъат Пошо сионистлар билан ҳамкорлик қилган «Бирлик ва Тараққиёт» жамиятини (İttihad ve Terakki Cemiyeti) ташкил қилишди.

Улар Юнонистоннинг Салоники шаҳридан юриш бошлаб, 1909 йилда халифа Абдулҳамид Иккинчига қарши инқилоб қилишди. Кейин эса 1913 йилнинг 23 январида «бирликчи» учлик – Анвар Пошо, Талъат Пошо ва Жамол Пошо бошчилигида яна инқилоб уюштирдилар.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг ислом душманлари 1916 йилдан бошлаб амалда татбиқ қилиниб келаётган Сайкс-пико иттифоқидан «туғилган», исломий бўлмаган кучлар билан бирлашган ҳолда 1923 йил усмонийлар салтанатига барҳам беришга ва 1924 йил 3 март куни сунний исломий халифаликни бутунлай бекор қилишга эришдилар.

Ҳозирги кунимизга қадар ушбу ҳийла-найранглар очиқ ва яширин равишда, гоҳо замонавийлик шиори остида, гоҳо секуляризм ғоялари остида, гоҳида демократия, гоҳида биродарлик, озодлик, тенглик шиорлари билан давом этиб келмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган ягона мақсад ва ғоя – ислом ва мусулмонларга барҳам беришдир.

Бектошийлар тариқатининг энг машҳур такялари

Уларнинг энг машхур такялари Истанбул атрофида жойлашган. Яна Кичик Осиёнинг шимолидаги Усмончик такяси, Эскишаҳарнинг ғарбидаги Баттол қабри такяси ҳам уларникидир. Яна Қоҳиранинг Муқаттам тепалигида ҳам уларнинг бир неча такялари мавжуд. Агар улар сўлчи шиа оқимларига ошно бўлмаган, улар билан бирлашмаган, хусусан турклар билан сафавийлар орасида жанглар бўлаётган бир пайтда туркларнинг эътиқодларига зид эътиқод устида бўлмаганларида Туркияда бундан-да кенгроқ қулоч отиш имкониятлари бор эди.

Бектошийлар тариқати ҳозиргача Болқон ярим оролида, айниқса Албанияда мавжуд бўлиб қолмоқда. Уларнинг раҳнамоси Тирана такясида истиқомат қилади. Ҳозирда Бектошийлар тариқатдан ҳам кўра сектага бир мунча яқинроқдир.

Фойдаланилган манбалар:

  • Абдураҳмон Абдухолиқ: «Китоб ва суннат нуқтаи назаридаги сўфийлик тушунчаси». Нашр этувчи: «Ибн Таймия кутубхонаси», Кувайт давлати, иккинчи босма, 1404 ҳижрий (1984 милодий) йил.

  • Маҳмуд Саййид Дуғайм: «Муҳаммад Али Пошо усмонийлар нуқтаи назарида», Африка ва шарққа оид тадқиқотлар факультети, СОАС, Лондон университети.

  • Маҳмуд Акком: «Бектошийлар», Араб жаҳон энциклопедияси.

  • E.RAMSAUR, The Bektashi Derwishes and The Young Turks in Moslem World (1942)

  • K.BIRGE, The Bektashi Order of Derwishes (London and Hartford) (1937).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг