Сийрат: Расулуллоҳнинг насаблари

0

Расулуллоҳнинг насаблари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг насабдор, хилқат ва ташқи кўринишда энг баркамол инсон эдилар. У зот Иброҳим халилуллоҳ ҳамда Исмоил забиҳуллоҳларнинг наслидандир. Бу ҳақда имом Муслим (2276) ривоят қилган ҳадисда “Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом фарзандлари ичидан Кинонани, Кинона ичидан Қурайшни, Қурайш ичидан Бани Ҳошимни танлаб олган”, деганлар.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабларини қуйидаги тартибда айтган: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон” (“Саҳиҳи Бухорий” (4\288)). Бағавий роҳимаҳуллоҳ “Шарҳус сунна” (13\193) китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аднонгача бўлган насабларини айтганидан сўнг: “Аднондан юқоридаги насаб аниқ эмас”, деган. Ибн Саъд “Табақот” (1\58) китобида: “Биз Аднондан Исмоил алайҳиссаломгача бўлган насабни аниқ айтолмаймиз”, деган ҳамда Урва Ибн Зубайр роҳимаҳуллоҳ: “Аднон ва Қаҳтондан кейинги насабни ҳеч ким қатъий айтолмаслигини кўрдик”, деганини келтирган. Бироқ Аднон Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан экани аниқ. Бунга юқорида келтирилган ҳадис далил бўлади. Заҳабий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Барча бир овоздан Аднон Исмоил алайҳиссаломнинг зурриётидан деган. Лекин Адноннинг Исмоил алайҳиссаломгача бўлган боболари борасида турли хил фикр билдиришган” (“Ас-сийратун набавийя” китоби, 1-бет).

Инсоннинг насл-насаби олий бўлиши жуда ҳам муҳим. Чунки насл-насаби олий инсон пайғамбар бўлса ҳам, подшоҳ бўлса ҳам буни ҳеч ким инкор қилмайди ва унга итоат қилишдан ҳеч ким бош тортмайди. Бироқ насл-насаби паст инсонлар бошлиқ бўлса, одатда аксар инсонлар унга итоат этишдан бош тортадилар. Чунки инсон табиатан ўзидан устун деб билган кишисига эргашади. Қолаверса, насл-насабли инсон одатда  турли разилликлардан ўзини сақлайди. Чунки насл-насаби, оилада кўрган тарбияси уни бу ишлардан тияди[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун оламга пайғамбар бўлишлари керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло у зотнинг насабини энг олий табақадан қилиб қўйди.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ота-онамиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз. У киши араблардан чиққани учун арабларни ҳам яхши кўрамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатимиздан айнан Қурайш қабиласини, Бани Ҳошим уруғини, ҳатто насл-насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланадиган бугунги кундаги эшону саййидларни ҳам яхши кўрамиз, уларни ҳурмат-эҳтиром қиламиз. Бироқ арабларнинг ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зурриётларидан бири ислом шариатидан чиқса ёки исломга қарши курашса бу билан ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган боғлиқлигини узган бўлади. Бинобарин, насаби эътибори билан ҳурматга созовор бўлмайди. Чунки бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишни фарз қилган зот айни дамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши чиққан амакилари Абу Лаҳабни ёмон кўришни ҳам буюрган.

Абдулмутталибнинг назри

Абдулмутталиб замзам қудуғини қазганида Қурайш билан бўлиб ўтган келишмовчилик асносида: “Агар Аллоҳ менга ўн нафар ўғил бериб, улар вояга етса ва мени ҳимоя қиладиган бўлса улардан бирини Каъба олдида Аллоҳ учун қурбон қиламан”, деб назр қилган эди. Вақтлар ўтиб Абдулмутталибнинг фарзандлари ўн нафарга етди. Абдулмутталиб фарзандлари вояга етиб, уни ҳимоя қиладиган даражага етганини кўрганида фарзандларини чақирди ва уларга қилган назрини айтиб берди. Фарзандлари оталарининг сўзига қулоқ солиб, ўзларини қурбон қилишга рози бўлишди. Абдулмутталиб фарзандлари орасида қуръа ташлаб, қурбон этилажак ўғлонни аниқлади. Қуръа Абдулмутталибнинг энг суюкли ва ўша вақтдаги энг кичик фарзанди Абдуллоҳга чиқди. Абдулмутталиб қўлига пичоқ олиб фарзандини қурбон қилиш учун Исоф ва Ноиланинг[2]олдига олиб борди. Бундан хабар топган Қурайш қабиласи Абдулмутталибнинг бу иши келгусида ибодат тусига кириб кетишидан қўрққанлари учун ўғлини сўйишига қаршилик қилишди. Абдулмутталиб эса қарорида қатъий эди. Шунда қурайшликлар Мадинадаги бир фолбин аёлга бориб маслаҳат сўрашини, у фолбин тузукроқ маслаҳат берса ўғлининг ҳаётда қолиши мумкинлигини айтишди. Абдулмутталиб қабиладошларининг гапига қулоқ солиб, Мадинадаги фолбиннинг ҳузурига борди, унга бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Фолбин хун миқдори қанча эканини сўради. Улар бир кишининг хуни ўнта туяга тенглигини айтишди. Ҳақиқатдан ҳам хун ўша вақтда ўнта туяга тенг эди. Шунда фолбин: “Шаҳарларинга қайтинглар. Бориб бу йигит билан бирга ўнта туяни қўйингларда ўртада қуръа ташланглар. Агар қуръа йигитга чиқса яна ўнта туя қўшинглар. То Раббингиз рози бўлгунича шу тарзда давом этинглар. Қуръа туяга чиқса туяларни сўйинглар. Шунда Парвардигорингиз сиздан рози бўлади ва бу йигит ўлимдан қутулиб қолади”, деди. Абдулмутталиб фолбиннинг айтганини қилди: ҳубал олдида тик туриб дуо қилди, одамлар эса Абдуллоҳ билан туялар ўртасида қуръа ташлашни бошлашди. Қуръа қайта-қайта Абдуллоҳга чиқар, улар ўнта туя қўшиб, қайтадан қуръа ташлардилар. Туялар юзтага етганида қуръа туяларга чиқди. Абдуллоҳнинг ўлимдан қолганига шод бўлган қурайшликлар Абдулмутталибга: “Бўлди, Раббинг рози бўлди, қуръа туяларга чиқди”, дедилар. Шу тариқа Абдулмутталиб Абдуллоҳнинг ўрнига юзта туя сўйиб тарқатди. Айтишларича, бу туялардан нафақат инсонлар, ҳатто йиртқичлар ҳам насибадор бўлган.

Абдуллоҳнинг Оминага уйланиши

Абдуллоҳ Абдулмутталибнинг назри сабабли қурбон бўлишдан қутулиб қолганидан сўнг Абдулмутталиб уни Қурайшнинг энг обрўли аёли – Омина бинти Ваҳбга уйлантирди. Омина ҳомила бўлганида Абдуллоҳ тижорат билан Шомга сафар қилганди. Шомдан қайтаётган Абдуллоҳ Мадинаи мунавварага етиб келганида вафот этди ва ўша ерга дафн этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтишларича, оналари Омина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни туғишдан олдин бир туш кўрган. Тушида гўёки Оминадан бир нур чиқиб, Шом қасрларини ёритган. Омина кўрган бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирадиган нурга ишора бўлган. Бу нур ила бутун ер юзи ҳидоят топди, ширк зулмати бартараф бўлди.

[1]Бу ҳақда қўшимча маълумот олиш учун “Али розияллоҳу анҳу: насл-насаб ва унинг авлодларга таъсири” номли мақоламизга мурожаат қилишингиз мумкин.

[2]Тарих китобларида айтилишича, Исоф ва Ноила Журҳум қабиласига мансуб эркак билан аёлнинг исми. Улар иккаласи Каъбанинг ичига кириб зино қилишганида Аллоҳ таоло уларни тошга айлантириб қўйган. Журҳум қабиласи одамларга ибрат бўлиши учун бу икки тошни Каъбанинг ёнига тикиб қўйишган. Хузоанинг даврига келиб одамлар бу икки санамга ибодат қила бошлашган. Жоҳилият даврида қурбонликлар шу икки санам олдида қилинган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг