Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (11)

0

Қандай қилиб болаларимизда намозга қизиқиш уйғотамиз?

Ота-она ёки бола тарбиясига масъул кишилар тарбия соҳасида олдиндан ўзаро аниқ, муайян ва қатъий сиёсатга келишиб олишлари зурур. Токи болада парокандалик юзага келиб, бунинг натижасида сарфланган барча саъй-ҳаракатлар ҳавога учмасин. Масалан, она болани ўқиган намози учун бирор совға билан сийласа, отаси болага мукофотга арзигулик бирор иш қилмаса ҳам онаси берган совғадан кўра қадрлироқ совға бермаслиги керак. Чунки бу боланинг кўзига намоз учун олган совғасини кичик ва арзимас қилиб кўрсатиб қўяди. Шунингдек, она болани бирор ножўя иши учун жазолайдиган бўлса, отаси болага раҳми келиб, турли йўллар билан уни рози қилишга уринмаслиги керак. Болани совға билан сийлаш ҳам ўз вақтидан кечиктирилмай тезда амалга оширилиши лозим, токи бола қилган ишлари натижа беришини ҳис қилсин. Масалан, бола бирор кун беш маҳал намозни тўла адо этадиган бўлса, уни совға билан тақдирлаш хуфтон намозидан кейиноқ амалга оширилиши керак.

1–  Болаликнинг илк босқичи (3-5 ёш оралиғи)

Бола умрининг учинчи йили унинг ўз мустақиллиги ва шахсини ҳис қила бошлаган илк босқич бўлса-да, айни дамда у тақлид қилиш истаги кучли бўлган босқич ҳам саналади. Агар у ёнимизда туриб намоз ўқишда бизга тақлид қилса, унга қарата: «Йўқ болагинам, сен етти ёшга киргунингча ўйнашга ҳақлисан, ҳозир намоз сенга фарз эмас»,– деб айтишимиз тўғри эмас. Балки уни фитратидан келиб чиқиб ўзи хоҳлаганидек тақлид қилишига, ўзи хоҳлаган ва танлаган ишини – модомики хатарли босқичга етиб бормас экан – ўз ташаббуси билан, бизнинг аралашувимизсиз бажариш орқали ўз мустақиллигини намоён этишига қўйиб беришимиз керак. Мисол учун, бола намоз ўқиётган кишининг ёнида туриб, руку ёки сажда қилмасдан чапак чалиб ўйнай бошласа, бунинг учун унга танбеҳ бермаслигимиз, балки уни ўз ҳолига қўйишимиз лозим. Барчамиз биламизки, бу ёшдаги болаларда намозхонлар олдини кесиб ўтиш ёки уларнинг қаршисига келиб ўтириб олиш, ё устларига миниб олиш ёки баъзан йиғлаб шовқин кўтариш ҳолатлари учраб туради. Ҳаттоки уларга бирор хавф етиш эҳтимоли бўлса ёки уйда уларга қараб турадиган бирор киши бўлмаса, намоз асносида уларни кўтариб олишимиз ҳам жоиз. Шунингдек, бу ёшда намоз ўқиётган кишига нисбатан болалар тарафидан содир бўлган ножўя ҳаракатлар учун уларни койиш ҳам ярамайди.

Ушбу босқичда болага Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ёдлатиш мақсадга мувофиқдир.

 

(давоми бор)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг