Талоқ: Ота-она талоқ қилишга буюрса итоат қилинадими?

0

Учинчи масала: ота-она талоқ қилишга буюрса итоат қилинадими?

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Никоҳимда бир аёл бор ва мен уни яхши кўрар эдим. Отам Умар эса уни ёқтирмас эди. Отам менга: «Уни талоқ қил», деди, лекин мен рози бўлмадим. Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, буни у зотга айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Уни талоқ қил», дедилар»[1].

Ушбу ҳадис зоҳири отага итоат қилиш лозимлигига далолат қилади. Аёлни талоқ қилиш борасида она ҳам отанинг ҳукмида бўлади. Бироқ ҳадис мушоҳада қилиб кўрилса, бу ҳукм умумий ҳукм эмаслиги маълум бўлади. Балки бу муайян воқеа бўлиб, Умар розияллоҳу анҳу келинини бирон диний сабабга кўра ёқтирмаган ва шунинг учун ўғли Абдуллоҳни талоқ қилишга буюрган.

Шунинг учун бўлса керак, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан келинини талоқ қилишни талаб қилган ҳамда бунга Умар ва ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ўртасида бўлиб ўтган мазкур воқеани далил қилган отага итоат қилиш ёки қилмаслик тўғрисида сўралганда: «Отанг Умарга ўхшаган одамми?!», деб жавоб берган эди.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан сўралади: «Бир инсон уйланган, аёлидан фарзандлари бор. Бироқ онаси келинини ёқтирмайди ва ўғлидан уни талоқ қилишни талаб қилади. У онасининг гапига кириб аёлини талоқ қилиши жоизми?».

Саволга Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай жавоб беради: «Онасининг гапига кириб хотинини талоқ қилиши ҳалол бўлмайди. Унга вожиб бўлган иш онасига яхшилик қилиш, хотинини талоқ қилиши эса онасига яхшилик қилишга кирмайди, валлоҳу аълам»[2].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (5138), Термизий (1189) ва Ибн Можа (2088) ривоят қилишган.
[2] «Мажмуъул фатово» (33/112).

Изоҳ қолдиринг