Фарзандда Аллоҳ ва Расулига муҳаббат уйғотиш (1)

0

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Муҳаббат олийжаноб туйғу бўлиб, у мусаффо қалбларда яшайди. Аллоҳнинг муҳаббати эса инсонни хато ва гуноҳларга тушиб қолишдан қўрийдиган қўрғондир. Ёшлигидан Аллоҳни яхши кўришга тарбияланган киши ҳар қанча хатога қўл урмасин, (ахир ким ҳам хато қилмайди), йўлдан оғиб, ортга қайтиб кетиши мумкин эмас, балки, албатта тўғри йўлга қайтади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг шариатига амал қилганлар, сизлардан ким динидан қайтса ва динини яҳудийлик, насронийлик ёки бошқа бирор динга алмаштирса, бу билан Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмагай ва Аллоҳ улардан кўра яхшироқ бўлган, Ўзи яхши кўрадиган ва улар ҳам Уни яхши кўрадиган бир қавмни келтиргай…» [Моида: 54]

Аллоҳнинг муҳаббатидан узоқлашиш инсонни гуноҳга йўлиқтиради ва бора-бора уни диндан воз кечишгача олиб боради, Аллоҳ сақласин! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатига эришиш икки олам саодатини хоҳлаган ҳар бир киши рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиладиган буюк мақсаддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа ҳамма нарсадан суюкли бўлиши, бировни яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши[1].

Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббати:

Аллоҳ таолонинг бандаларига нақадар муҳаббатли эканини билишимиз Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг белгиларидандир. Аллоҳ бандаларининг гуноҳларини савобларга айлантиради, уларга ризқ ато этади ва охиратда мукофотланишлари учун Ўзи берган ризқдан эҳсон қилишга буюради.

Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, иймон Аллоҳнинг муҳаббати билангина комил бўлар экан. Бироқ ушбу муҳаббатга қандай эришамиз? Фарзандларимизга Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатини қандай таълим берамиз?

Баъзи одамлар Аллоҳ унга ризқини, бирон дунёвий неъматларни мўл-кўл қилиб қўйгани учун Аллоҳ мени яхши кўради деб ўйлаши мумкин. Лекин бу тўғри эмас. Чунки мол-дунё ёки бола-чақанинг мўл-кўллиги ёки мансаб Аллоҳнинг бандага ғазаби сабабидан бўлиши ҳам мумкин. Бунга энг яхши далил Иблисдир. У Парвардигоридан азобни охиратгача кечиктиришини сўраганда Аллоҳ унинг бу талабини қондирган эди.

Аллоҳни яхши кўришимизни қандай биламиз?

  1. Аллоҳ таоло бизларни баъзи ишларга буюриб, баъзи ишлардан қайтарган. Агар биз буюрилган ишларни маҳкам тутиб, қайтарилган ишларни розилик билан қабул қилиб, улардан четлансак, Аллоҳ биз билан эканини биламиз.

  2. Агар банда таом еб Аллоҳга ҳамд айтса, бундай бандасидан Аллоҳ таоло рози бўлади. Бинобарин, неъматларга шукр қилиш инъом этувчи Зотга бўлган муҳаббатимизга далолат қилади.

  3. Ким бирор нарсани яхши кўрса, уни кўп эслайди. Аллоҳни кўп зикр қилиш қалбнинг У Зотга боғланишига олиб боради.

Нима қилсак фарзандларимиз Аллоҳни яхши кўрадиган бўлишади?

«Аллоҳ мен билан, Аллоҳ мени кузатиб турибди, Аллоҳ менга гувоҳ». Ушбу уч калимани фарзандларимиз онгига сингдира олсак, уларни Аллоҳнинг муҳаббатига тарбиялаган, У Зотга боғлаган бўламиз.

  1. Бола ота-онасини, ака-укаларини ва атрофидаги яқин одамларни яхши кўради. Чунки у уларни доим кўриб туради, унга бўлган эътиборларидан завқланади, муҳаббатларини ҳис қилади. Она хонадонига келаётган ҳар бир неъмат ёки яхшиликни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг фазлу марҳаматига боғлаши, «Аллоҳ биз билан ва У бизни барча ёмонликлардан қўриқлайди, У бизнинг қилаётган ишларимизни, амалларимизни кузатиб туради, Қуръонда нозил қилган оятлари билан бизни икки дунё саодатига элтувчи йўлга чорлайди» дея фарзандларига бот-бот эслатиб туриши керак.

  2. Гўзал намуна: она ўзида йўқ бўлган, ўзи амал қилмаган қадриятларни фарзандларига ўргатиши етарли эмас. Барча ишда Аллоҳга итоат қиладиган уй болалар учун иймоний муҳитни ҳозирлайди. Бола ота-онасининг ҳар бир неъматга шукр қилаётганларини, ўзларига фарз қилинган амалларни бажараётганларини, Қуръон ўқиётганларини кўрса, бу қадриятлар унинг зеҳнига мустаҳкам ўрнашиб, шунга биноан улғаяди.

  3. Болани Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббатли қилишнинг асосий омилларидан бири бола Аллоҳнинг унга бўлган марҳаматини билишидир. Агар у бирор ножўя ишга қўл урадиган бўлса, унга қарата: «Дўзахда куйгур!» деб айтиш мумкин эмас. Балки унга: «Бу ишинг Аллоҳни рози қилмайди» деб айтиш керак. Агар у яхши иш қиладиган бўлса унга: «Аллоҳ сендан рози бўлсин» деб айтилади. Оталари вафот этган бир бола ва қизча оналаридан: «Дадамиз қаердалар?» деб сўрашди. Шунда оналари: «Уни Аллоҳ қайтариб олди» деб жавоб берди. Бироздан сўнг уларнинг: «Биз Аллоҳни ёмон кўрамиз, чунки у отамизни олиб қўйди» деяётганларини эшитди. Бошқа бир қизча эса онаси билан бирга намозни адо этиб, сўнг: «Бу ишим Аллоҳни рози қиладими?» деб сўрар эди.

  4. Болага Аллоҳнинг китобини поғонама-поғона ёдлатиш асосида тарбиялаш. Буни бола икки ёшга тўлганидан кейин бошлаш мақсадга мувофиқдир.

  5. Болани ёшига муносиб бўлган, Аллоҳ таолонинг қудратини баён қиладиган нашидалар тинглашга одатлантириш. Жумладан:

Агар бўлса бир каромат ажойиб ҳам ғаройиб,

Якка Аллоҳ қудрати бу, якка Аллоҳ қудрати!

  1. Болаларга бериладиган кунлик пулнинг бир қисмини эҳсон қилишга қизиқтириш. Зеро, молни эҳсон қилиш бандани Аллоҳ таоло билан боғлайди. Шунингдек, болаларга Аллоҳ таоло Ўз йўлида сарфланган молнинг ўрнини дунёю охиратда тўлдиришини ҳам уқтириш лозим.

  2. Умра, ҳаж ёки табиат қўйнига қилинган саёҳат сафарларига болаларни ҳам олиб бориш, уларга Аллоҳнинг қудратини томоша қилишлари учун имкон яратиш. Бу нарса онанинг заковатига ва борлиқни қай даражада Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг фазлу-марҳаматига боғлай олиш маҳоратига боғлиқ.

  3. Болани яхши ҳамроҳлар томон йўллаш ва ёмон ўртоқлардан узоқ тутиш.

  4. Боланинг тилини тўғрилаш ва уни чиройли, равон ва яхши сўзлашга одатлантириш.

Булар ёш болани Аллоҳга боғлаш борасидаги баъзи услублар бўлиб, бундан ташқари барча она болаларига муносиб бўлган услубларни ўйлаб топиши мақсадга мувофиқдир.

[1] Бухорий: 16, Муслим: 43.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг