Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (19)

0

Жисмоний тарбия

«Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) яхшилик қил қил. Ерда (зулму зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас» [Қасос: 77].

Ушбу ояти карима инсоний хулқ-атвордаги мувозанат меъёри, тананинг моддий ва табиий истакларини ҳурмат қилиш, танага ғамхўрлик кўрсатиш, ҳаётнинг барча жабҳаларига эътибор қаратиш ҳақида сўз юритади, шунингдек, абадият ва боқийлик диёри бўлмиш охират тўғрисида фикр юритиш ва амал қилишга чорлайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни табиий майл-истаклар, ақл, хоҳиш, ва ҳис-туйғулардан иборат мукаммал мавжудот қилиб яратди. Соғлом тарбия руҳий ва жисмоний қадриятлар ўртасида узилиш пайдо бўлмаслиги ва шахс мувозанатига путур етмаслиги учун инсоннинг моддий, жисмоний, ақлий ва руҳий эҳтиёжларини инобатга олган ва уни охират ҳаётига боғлашга эътибор қаратган тарбиядир. Дарҳақиқат, Ислом таркидунёчилик ва танани ўз ҳуқуқларидан маҳрум этишни рад этди ва талай аҳкомлари ва кўрсатмаларида баданни парвариш қилиш ва унга эътибор қаратишга чақирди.

Юқорида зикр қилинган оят ва бошқа муфассал оятлар шуни кўрсатадики, Ислом дини еб-ичиш, даволаниш, кийиниш, уй-жой қилиш, қовушиш ва ҳоказо баданнинг эҳтиёжларини қондиришга буюради ва буларни инсон учун таъминланиши лозим бўлган ҳаётий заруратлар деб ҳисоблайди.

Шунга кўра, исломий тарбия ушбу тушунчаларни боланинг ақли ва руҳиятига сингдиришга ҳаракат қилади. Фарзандларга жисмоний тарбия бериш масъулияти ота-оналар зиммасига тушади. Ислом динининг болага жисмоний жиҳатдан эътибори онасининг қорнида бир томчи уруғ бўлган пайтидан бошланади. Исломий таълимотлар бола хилқати комил ва чиройли кўринишда бўлиши учун ҳомиладор онани турли таомлар тановул қилишга тарғиб қилади.

Шунингдек, «Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ»[1] деган ҳадиси шарифдан келиб чиқиб Ислом шариати ҳомилага зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилади. Бинобарин, бу кўрсатмалар ҳомиладор оналарни бугунги кунимизда аксарият ҳолларда боланинг майиб-мажруҳ бўлишига, унга жисмоний ва руҳий зарар етишига сабаб бўлувчи дориларни, ҳомиладорликдан сақлайдиган баъзи дори воситаларини истеъмол қилишдан аввал яхшилаб мулоҳаза қилишга чорлайди. Болага зарар етказиш, унинг хилқатига путур етказиш ҳаром амал бўлиши билан бирга шаръий масъулият ҳамдир. Бола туғилгач эса ота-оналарнинг унга ғамхўрлик қилиш ва болаларга хос бўлган турли касалликлардан муҳофаза қилишдаги шаръий масъулиятлари бошланади.

Аксар оталар болани касалликдан ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлашда бепарволик қиладилар ёки болада вақти-вақти билан намоён бўладиган баъзи касаллик ҳолатларига эътиборсиз қарайдилар. Натижада бу ҳолат авж олиб, даволаш мушкул бўлган оғир дардга айланади. Ота фарзандларини касалликлардан сақлашга, уларни керакли озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш орқали уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга шаръий жавобгардир. Бу ўринда иқтисодий қурби етмагани сабабли ёки болалар соғлигини сақлашга ихтисослашган давлат муассасаларидан ёрдам ололмагани туфайли чорасиз қолган оталардан бошқаси узрли саналмайди.

Ота-она болани Ислом эътибор қаратишга ундаган саломатликни сақлашга ёрдам берадиган чиройли урф-одатларга ўргатишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хохлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас [Аъроф: 31].

Болаларни, юқоридаги оятда айтилганидек, еб-ичиш, кийиниш ва моддий сарф-харажатларда исроф қилмасликка тарбиялаш ўша одатлар жумласидандир.

Шунингдек, болани бадан, кийим, уй ва атроф-муҳит тозалигига эътибор берадиган, дид билан овқатланадиган ва кийинадиган қилиб тарбиялаш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «…Аллоҳ сизларни машаққатга солишни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» [Моида: 6].

«Айтинг, (эй Муҳаммад): «Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!» Айтинг: «Улар (яъни безак ва ҳалол ризқлар) дунё ҳаётида иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўлур), қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир». Биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз» [Аъроф: 32].

Ислом куч-қувват ва довюраклик динидир. Шунинг учун, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда мусулмонларни ҳар қандай куч-қувват воситаларини ҳозирлашга, жисмоний жиҳатдан чиниқишга буюради: «(Эй мўминлар), кофирларга қарши имконингиз борича кучларни тайёрлаб қўйингиз…» [Анфол: 60].

Шунинг учун болани жисмоний чиниқишга эътиборли қилиб тарбиялаш, унинг юрагига жасурлик руҳини сингдириш баркамол авлод етиштириш ва уммат барпо қилишнинг энг асосий тамойилларидан бири бўлди. Бундан ташқари болада кучлилик ва довюраклик руҳиятининг бўлиши ёш бола ёки ўсмирнинг соғлигини сақлаш, шахсиятини ўстириш ва қийинчиликларни енгиб ўтишда ўзига бўлган ишончни сақлаб қолишга таъсири ҳам каттадир.

Саҳобадан нақл қилинган ривоятда: «Болаларингизга сузишни ва камондан ўқ узишни ўргатинг…»[2] дейилади.

Спорт ва жисмоний тарбияга эътибор қаратишга ундайдиган омиллардан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалий сийратларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чавандоз ва жангчи киши бўлиб, гоҳида от чоптириш мусобақаларига қатнашар, аксар ҳолларда пойгада ютиб чиқар эдилар. У зот қатнашган мусобақаларнинг бирида туялари пойгада бой бергани ҳам зикр қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ўртасида мусобақалар уюштирар, улардаги куч, чиниқиш ва довюраклик руҳиятини қўллаб-қувватлаш учун ғолибларни совғалар билан тақдирлар эдилар.

У зот куч-қувват ва ғолиблик билан танилган Рукона исмли киши билан кураш тушиб, уни енгган эдилар[3].

Уйқу инсоннинг жисмоний, ақлий ва руҳий ҳаётидаги асосий унсурлардан биридир. Вақтни қадрига етиш, болани эрта ухлаб, эрта уйғонишга одатлантириш унинг жисмоний ва руҳий саломатлигини, вақтидан унумли фойдаланишини таъминлайдиган муҳим тарбиявий унсурлардан саналади.

[1] Ушбу ҳадисни Шофеий «Умм» китобида (8/639), Молик «Муватто»да (2/745) ва Байҳақий (11718) Яҳё Мозинийдан ривоят қилишган.

[2] Албоний заиф деган. Қаранг: «Заифа» (8/334). Аммо камондан ўқ отишга тарғиб қилган саҳиҳ ҳадис бор. Қаранг: «Саҳиҳи Муслим» (1917).

[3] Ушбу мазмундаги ҳадисни шайхулислом Ибн Таймия «Мустадрак алал мажмуъ»да (1/221) ривоят қилиб, «ҳадиснинг санади яхши» деган. Албоний ҳадисни «Ирвоул ғалил»да (1503) Муҳаммад ибн Али ибн Язид ибн Руконадан ривоят қилиб, «ҳасан ҳадис» деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг