Жамоавий зикрлар: Салафи солиҳларнинг жамоавий тарзда зикр ва дуо қилишга бўлган муносабатлари (4)

0

3. Жамоавий зикрни жоиз деганлар бу ишнинг жоизлигига Умар ва Маймуна розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ривоятларни далил қилишларига келсак, унга уч жиҳатдан жавоб бериш мумкин:

Биринчидан, Умарнинг такбир айтиши ҳақида келган ривоятда улар даъво қилганларидек, Минодагилар жамоавий тарзда биргаликда такбир айтганлари очиқ айтилмаган. Балки бу ривоятдан мурод шуки, одамлар Умар розияллоҳу анҳудан ўрнак олиб, унга ўхшаб баланд овозда такбир айтишган. Ҳожиларнинг кўплиги, овозларнинг бир-бирига киришиб, аралашиб кетиши натижасида Мино такбирлар садосидан ларзага келган. Бундан Умар розияллоҳу анҳу такбир айтгани, сўнг ортидан одамлар бир овозда жўр бўлиб такрорлаши учун жим бўлиб тургани каби ҳолат тушунилмайди. Бинобарин, мўътабар мазҳаблар уламоларининг бир овозда жўр бўлиб айтиладиган зикр, тасбеҳ, такбирларни эътироф этганлари ҳақида бирор нарса нақл қилинмаган. Агар улар мазкур ривоятлардан жамоавий зикрга чақирувчилар тушунган нарсани тушунган бўлганларида эди, албатта, бу ҳақда айтган бўлар эдилар. Лекин улар бу ривоятларни юқорида айтилганидек тушунганлар, валлоҳу аълам.

Маймунанинг ривоятига келсак, унга ҳам Умарнинг ривояти ҳақида айтилган сўзлар билан жавоб берилади. Фақат унда аёллар ҳам эркаклар билан масжидда такбир айтганлари келган.

Иккинчидан, Ибн Ваззоҳ нақл қилган ривоятда Умар розияллоҳу анҳу дуо, зикр ва шу каби ишлар учун йиғилганларни жазолаганлари айтилган. Уни биз жамоавий зикрдан ман этувчилар далил-ҳужжатларини зикр қилиш асносида келтириб ўтдик.

Учинчидан, Умар розияллоҳу анҳунинг такбирига одамлар ҳам қўшилиб жўр бўлиб такбир айтганлари ҳаж мавсуми ва Минодан бошқа кунларда ҳам бўлгани нақл қилинмаган.

Агар бу ҳукмни умумийлаштириб масжидларда, уйларда, намозлардан кейин ва бошқа вақтларда ҳам жамоавий зикр жоиз деб айтилса, бу билан Умар, Ибн Масъуд, Хаббоб ва бошқалардан (розияллоҳу анҳум) келтириб ўтилган ривоятларга очиқдан-очиқ хилоф қилинган бўлади.

4. Жамоавий зикр жоиз дегувчиларнинг жамоавий зикрда бир қанча фойдалар бор, деган даъволарига келадиган бўлсак, унга қуйидагича жавоб берилади[1]:

а) Жамоавий зикрда яхшилик ва тақво ишларида ҳамкорлик қилиш бор, деган сўзлари ботил гап бўлиб, уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалий ишлари рад этади. Чунки “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз” (Моида: 2) ояти Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган ва у зот бу оятга амал қилиб келган эдилар. Агар намозга ҳозир бўлганлар учун намоздан кейин ва ундан бошқа вақтларда жаҳрий дуо ва зикр учун йиғилиш яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш қабилидан бўлганда эди, шубҳасиз, унга биринчи амал қилувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлар ва аниқки, у зотнинг саҳобалари бу мусобақанинг ғолиблари бўлишар эди. Ҳолбуки, улардан бу нарса умуман нақл қилинмади, ким улар шундай қилганлар деб даъво қилса, шубҳасиз, ёлғон сўзлаган бўлади.

б) Жамоавий зикр ижобат бўлишга яқинроқдир, деган сўзларига келсак, жамоавий зикрга ундаган бу сабаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам бор бўлган. У зот шак-шубҳасиз, дуолари ижобат этилувчи энг буюк зот бўлган эдилар. Агар чиндан ҳам жамоавий зикр ижобат бўлишга яқинроқ бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини йиғиб олиб, туну кун беш маҳал жамоат бўлиб дуо қилишга ҳақлироқ бўлур эдилар. Шунга қарамай, у зотдан бундай қилганлари нақл қилинмаган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлгани ҳамда у зотга итоат қилиш ва суннатларига эргашиш вожиб эканини баён этган кўп далилларга биноан ушбу амалга бидъат дея ҳукм қилиш вожиб бўлади.

в) Жамоавий зикр қилиш одамлар, хусусан авом кишилар учун дуо ва зикрларда хатога йўл қўймасликка ёрдам беради, деган сўзга келсак, унга қуйидагича жавоб берилади:

Биринчидан, хато қилмаслик дуонинг дуруст бўлиш шартларидан бўлмай, балки унда ихлос, Аллоҳга юзланиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш шарт қилинади. Фатҳлар кенгайиб исломга кирувчи ажамлар кўпайгани сабабли одамлар орасида араб тилидаги хатолар ёйилган пайтда саҳобалар етарлича бор эдилар. Шунга қарамай улардан бундай жамоавий зикрлар жоизлиги ҳақида бирор нарса нақл қилинмади.

Иккинчидан, жамоавий зикр тарафдорлари даъво қилган дуода йўл қўйилиши мумкин бўлган бундай хатолар ўша авом одамлар тарафидан Қуръон ўқишда, намозда ва бошқа ислом амалларида ҳам содир бўлиши мумкин. Улар аслида намозлардан кейин бу ҳукмларни инсонларга таълим беришлари муносиброқ эди, чунки бу амаллар мусулмон киши ўрганиши вожиб амаллар бўлиб, дуо эса мустаҳаб ишлардан саналади.

5. Жамоавий зикр тарафдорларининг даъво қилишича, одамлар шунга одатланган, кўпчилик мусулмонлар асрлар оша шунга амал қилиб келишмоқда экан.

Бу сўзга шундай жавоб бериш мумкин: одамларнинг ишларини шариатга қарши ҳужжат қилиш ботилдир. Аксинча, шариат одамларга ва уларнинг ишларига ҳужжат қилинади. Дин ишларида шариатдаги мўътабар далилларга эргашилади, бу борада омма инсонлар ва кўпчиликка эргашиш залолат саналади. Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз китобида қоралаб шундай дейди: “Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирадилар” (Анъом: 116). Бизлар одамларга итоат қилиш ва уларга эргашиш билан эмас, балки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиб, у зотга эргашиш билан Аллоҳга ибодат қилишга буюрилганмиз.

Абу Али ибн Шозон Абу Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Жаъфарийгача бўлган марфуъ санад билан келтиришича, у киши айтади: Абдуллоҳ ибн Ҳасан (ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб) Рабеа билан бирга кўп ўтирар эди. Бир куни улар иймонлашиб ўтиришар экан даврадаги бир киши уларга: “Амал бундай қилинмайди” (яъни, омманинг амали бунга тескаридир), деди. Шунда Абдуллоҳ айтди: “Айтчи, агар жоҳиллар кўпайиб, улар ҳукм қилувчи бўлсалар, ўшалар суннатга қарши ҳужжат бўлишадими?” Шунда Рабеа айтди: “Гувоҳлик бераманки, албатта, мана шу анбиёлар фарзандларининг сўзидир!”.

Абдуллоҳ ибн Ҳасан айтмоқчики, жоҳил ва бидъатчиларнинг кўплиги, уларнинг одамлар устидан ҳукмрон бўлиши, бидъатларини ёйиши суннатга ва шариатга қарши ҳужжат бўла олмайди. Ким бўлишидан қатъи назар бирон инсоннинг қилган иши билан Аллоҳнинг шариатига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қарши келиш жоиз эмас.

[1] Шотибийнинг «Эътисом»ига (1/461) тасарруф билан қаранг

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг