Қирқ ҳадис: 10-ҳадис шарҳи

0

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло покдир, фақат пок нарсаларни қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбарлар, пок ва ҳалол нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар» [Мўъминун, 51]. Яна айтади: «Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг пок ва ҳалолидан еб-ичингиз» [Бақара, 172]». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини мисол ўлароқ зикр қилдилар: «У соч-соқоли тўзғиган ва чанг-тўзонга ботган ҳолида узоқ сафар қилади. Қўлларини самога чўзиб: «Ё Раб, ё Раб!» дея дуо қилади. Ҳолбуки, еб-ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаром билан озиқланган бўлади. Шундай экан, қаёқдан дуоси мустажоб бўлсин!» [Муслим ривояти][1].

Шарҳ

«Аллоҳ таоло покдир».

Аллоҳ таоло айб-нуқсонлардан пок бўлган, ҳар қандай нопоклик ва расволикдан йироқ Зотдир. Маълумки, покликнинг зидди расволикдир. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Расволик билан поклик тенг бўлмайди» [Моида сураси, 100]. Яна айтади: «Расво сўз ва хатти-ҳаракатлар расво одамлар учун муносиб, расво одамлар расво сўз ва хатти-ҳаракатлар учун муносибдир. Шунингдек, пок сўз ва хатти-ҳаракатлар пок инсонлар учун муносиб, пок инсонлар пок сўз ва хатти-ҳаракатлар учун муносибдир» [Нур сураси,  26].

Аллоҳ таоло ҳар қандай айб ва ноқисликдан покдир. Аллоҳ азза ва жалланинг зоти ҳам, сифатлари ҳам, ҳукмлари ҳам, ишлари ҳам, хуллас, Ундан содир бўлган барча нарса пок, уларда бирон бир ёмонлик йўқдир.

«…фақат пок нарсаларни қабул қилади».

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фақат пок сўзлар ва пок амалларни, шунингдек, бошқа ҳар қандай нарсанинг покизасинигина қабул қилади. Бирорта ёмон ва расво нарса Аллоҳнинг даргоҳига етиб бормайди. Зеро, Аллоҳ таоло фақат покиза ва ҳалол нарсани қабул қилади. Жумладан, Аллоҳ таоло нопок молдан қилинган садақани қабул этмайди. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда айтилади: «Ким ҳалол ва пок (мол-мулки)дан бир хурмо мисолича нарсани садақа қилса – Аллоҳ фақат ҳалол ва пок нарсани қабул қилади – албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан олади ва бир инсон сутдан чиққан чорва ҳайвонини (ёхуд тойчоғини) парваришлаганидек, уни парвариш қилади. Ҳаттоки у (ёки унинг савоби қиёматда) тоғдек катта бўлади»[2].

Покиза амаллар холис Аллоҳ учун қилинган ва шариатга мувофиқ бўлган амаллардир.

Покиза мол-мулклар эса ҳалол йўлдан топилган моллар бўлиб, ҳаром йўллардан топилганлари нопок ва расводир.

«Дарҳақиқат, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди».

Бу гап билан мўминлар шаъни кўтарилмоқда ва пайғамбарларга буюрилган ишларга улар ҳам муносиб эканига ишора қилинмоқда. Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарлар тўғрисида «Эй пайғамбарлар, пок ва ҳалол нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар» [Мўъминун, 51], деган. Аллоҳ таоло пайғамбарларни ҳалол ва шаръий йўл билан топилган нарсалардан ейишга буюрди. Ароқ каби Аллоҳ ҳаром нарсалар еб-ичилмайди. Шунингдек, Аллоҳ ҳалол қилган, бироқ ҳаром йўл билан топилган нарсаларни ейиш ҳам жоиз эмас. Мен бунга иккита мисол келтираман:

  1. Бир киши ўлимтик қўй гўштидан еса, ҳалол-пок нарса емаган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ўлимтикни ҳаром қилган. Ўлимтик асли ҳаром нарсадир.

  2. Бир киши бировнинг қўйини тортиб олиб, сўйиб еса, бу ҳам ҳалол ва пок нарса емаган бўлади. Чунки қўйнинг ўзи аслида ҳалол бўлса-да, лекин қўлга киритиш жиҳатидан унга ҳаромдир.

«…ва солиҳ амал қилинглар».

Аллоҳ таоло пайғамбарларни аввало бадан ҳаётини таъминловчи еб-ичишга, сўнг еб-ичиш натижаси бўлган амалга буюрди. Лекин У зот «солиҳ амал қилинглар», деди. Ихлос ва суннатга эргашишни ўзида мужассам этган амал солиҳ амалдир.

Шунинг учун салаф уламоларидан бири айтади: «Солиҳ амал холис ва тўғри амал, яъни холис Аллоҳ учун ва Унинг шариатига мувофиқ бўлган амалдир».

Аллоҳ таоло мўминларга буюриб деди: «Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг пок ва ҳалолидан еб-ичингиз» [Бақара, 172]. Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарларга амр этган ишни мўминларга ҳам буюрди.

Бинобарин, пайғамбарлар ҳалол ва пок нарсалардан еб-ичишга буюрилганларидек, мўминлар ҳам ҳалол ва пок нарсалардан еб-ичишга буюрилдилар.

«Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини мисол ўлароқ зикр қилдилар. У соч-соқоли тўзғиган ва чанг-тўзонга ботган ҳолида узоқ сафар қилади».

Сафарда бўлиш, айниқса, узоқ сафарга чиқиш дуонинг ижобат бўлиш сабабларидан биридир. Сафарга чиққан бу инсон соч-соқоли тўзғиган, чанг-тўзонга ботган ҳолида дуо қилади. Унинг бу ҳолатидан маълум бўладики, унинг ўзи билан иши йўқ, бутун эътибори дуога қаратилган.

«Қўлларини самога чўзиб: «Ё Раб, ё Раб!» дея дуо қилади».

Қўлларни осмонга кўтариш ҳам дуонинг ижобат  бўлиш сабабларидандир. Зеро, ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Албатта, Аллоҳ кўп ҳаёли ва сахийдир. Қўлларини Унга кўтариб дуо қилган бандасининг қўлларини бўш қайтаришдан ҳаё қилади»[3].

Банда «Ё Раб, ё Раб!» дея рубубият сифати ила Аллоҳга нидо қиляпти. Чунки бу ҳам дуонинг ижобат бўлиш сабабларидан биридир. Зеро, дуонинг ижобат қилиниши рубубият сифатининг инъикосидир.

«Ҳолбуки, еб-ичгани ҳаром…»

Яъни унинг еган ва ичган нарсасининг ўзи ҳаром ёки аслида ҳалол бўлса-да, ҳаром йўл билан топилган.

«…ва ҳаром билан озиқланган».

Яъни бошқаси топган ҳаром билан озиқланган.

«Шундай экан, қаёқдан дуоси мустажоб бўлсин!»

Дуонинг ижобат этилиши учун сабаб ва омиллар муҳайё бўлишига қарамасдан, бундай кимсанинг дуоси мустажоб бўлиши мушкул. Ҳадисда ҳаром еб-ичиш, кийиниш ва озиқланишдан огоҳлантирилмоқда.

[1]  Муслим (1015, 65) ривояти.
[2] Бухорий (1410), Муслим (1014, 63) ривояти.
[3] Абу Довуд (1488), Термизий (3556) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг