Сийрат: Расулуллоҳнинг дунёга келишлари

0

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари

Севикли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни туғилганлари хусусида асло хилоф йўқ, аксар тарихчилар фикрига кўра рабиул аввал ойининг ўн иккинчи кечаси туғилганлар. У зотнинг таваллуд топишлари фил йилига тўғри келган, дунёга келишлари Абу Толибнинг Бани Ҳошим маҳалласидаги ҳовлисида содир бўлган[1].

Энага ва эмизувчилари

У зотга оталарининг чўриси Умму Айман Барака Ҳабашия доялик қилди, биринчи эмизган аёл амакилари Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба бўлди.

Зайнаб бинти Абу Салама ривоят қилишича, мўминлар онаси Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Расулуллоҳ, синглимга – Абу Суфённинг қизига уйлансангиз”, дедим. “Сен шуни истайсанми?” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ҳа. Усиз ҳам мен кундошлик аёлман. Яхшиликда синглим менга шерик бўлишини истайман”, дедим. “Бу иш менга ҳалол бўлмайди”, дедилар. “Биз сизни Абу Саламанинг қизига уйланмоқчи эканингиз ҳақидаги гапларни эшитяпмиз”, дедим. “Умму Саламанинг қизигами?” дедилар. “Ҳа”, дедим. “Аввало, у менинг қарамоғимдаги (ўгай) қизим. Мабодо шундай бўлмаганида ҳам унга уйланишим мен учун ҳалол бўлмас эди. Чунки у эмикдош биродаримниг қизи. Мени ҳам, Абу Саламани ҳам Сувайба эмизган. Менга қизларингиз ва сингилларингизни таклиф қилманглар”, дедилар”[2].

Усома ибн Зайднинг онаси бўлмиш Умму Айманга келсак, у Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибнинг чўриси эди, ўзи ҳабашистонлик эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келгач, Умму Айман у зотга энагалик қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинчалик Умму Айманни озод қилиб, Зайд ибн Ҳорисага турмушга узатганлар. Умму Айман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан беш ой кейин вафот этган[3].

У зотни Бани Саъд қабиласидан бўлган Ҳалима Саъдия ҳам эмизди. Ҳалима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тарбия қилар экан, бу муборак гўдакнинг баракоти ва шарофатига кўп бора гувоҳ бўлди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топгач, Саъд ибн Бакр қабиласидан бўлган Ҳалима бинти Ҳорис исмли аёл қабиладош хотинлар билан бирга Маккага, эмизишга бола олиш учун келди. Ҳалиманинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Мен эрим Ҳорис ибн Абдулуззо ҳамроҳлигида бани саъдлик аёлларга қўшилиб, эмизишга бола олгани йўлга чиқдим. Ўша йили қурғоқчилик бўлиб, одамлар очликдан силласи қуриб қолган эди. Эгари яғрига ботиб қонатиб юборган оқиш эшагимизни миниб олдим. Бир қари туямизни ҳам етакладик, очликдан унинг елинида бир томчи ҳам сути йўқ эди. Қўлимда эмизикли болам бор эди, очликдан чирқираб, тун бўйи ухламасди. Уни юпатишга ҳеч вақомиз йўқ. Биз фақат ёмғир ёғиб, чорваларимиз елинига сут битишини ва шу билан аҳволимиз ўнгланишини умид қилардик. Маккага етиб келганимиздан сўнг биз билан келган ҳар битта аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизишга олишни таклиф қилишди. Бироқ ҳеч ким уни олишни истамади. Чунки у етим эди. Биз асосан боланинг отасидан бирон нарса ундиришни умид қилардик. «Бу бола бир етим бўлса, унинг онаси, амакиси ё бобоси нима ҳам қилиб берарди», деб уни олгимиз келмасди. Шерикларим ҳаммаси эмизишга бола олди. Фақат мен қолдим. Бошқа бола топилмагач, қайтиб бориб, уни олдим. Қасам ичиб айтаманки, мен фақат бошқа бола тополмаганим учунгина уни олдим. Эримга шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, Бани Абдулмутталибнинг шу етимини оламан. Шояд, Аллоҳ бизга шу етим сабабли хайру баракот ато этса. Ҳамроҳларим ичида ёлғиз ўзим боласиз қайтишни истамайман». У: «Тўғри айтасан, шундай қиламиз», деди. Сўнг бориб, ўша болани олдим ва нарсаларимиз ёнига қайтдим. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, уни бағримга олишим билан икки кўкрагимга тўлиб сут келди. Бола тўйгунича эмди. Кейин эмикдошини ҳам тўйгунича эмиздим. Отаси туямизнинг олдига борса, унинг елини сутга тўлиб турган экан. У сут соғиб келди. Иккаламиз ҳам қониб ичдик. Эрим: “Билиб қўй, эй Ҳалима, Аллоҳга қасамки, бизга муборак бир бола насиб этди. У сабабли Аллоҳ бизга кутилмаган яхшиликларни ато этмоқда”, деди. Биз тунни яхши ўтказдик. Шу пайтгача боламиз туфайли ухлаёлмасдик.

Эртасига эрталаб эшагимга миниб, болани қўлимга олиб, шерикларимиз билан ўз юртимизга қараб йўлга чиқдик. Аллоҳга қасамки, эшагим шундай йўрғалашга тушдики, ҳамроҳларим орқада қолиб кетиб: “Ҳой, бизни ҳам кутиб тур! Бу уйингдан миниб чиққан ўша эшагингми?!” дея бошладилар. “Ҳа, ўша”, дедим. “Келаётганимизда инқиллаб зўрға юраётган эди-ку! Нима бўлди унга?!” дейишди. “Аллоҳга қасамки, унга баракали бир болани миндирдим”, дедим.

Сўнг йўлда давом этдик, Аллоҳ кун сайин бизга яхшиликларини зиёда қиларди. Кейин уйимизга етиб келдик. Юртимизда қурғоқчилик авж олган эди. Чўпонларимиз эрталаб чорваларимизни ҳайдаб кетиб, кечқурун қайтариб келишар, Бани Саъднинг қўйлари оч ва елинлари бўш қайтар, бизнинг қўйларимиз қоринлари эса, тўйиб, елинлари сутга тўлиб келар ва биз уларни соғиб ичар эдик. Одамлар чўпонларига: «Нега Ҳорис ибн Абдулуззо ва Ҳалиманинг қўйлари тўқ ва елини сутга тўлиб қайтади-ю, сизларнинг қўйларингиз оч қайтади?! Ҳой қуриб кетгурлар, сизлар ҳам қўйларни уларнинг чўпони қўй боқадиган ерга ҳайдасаларинг-чи!» дейишарди. Барибир уларнинг қўйлари олдингидек оч қайтар, бизнинг қўйларимиз эса тўйиб, елинлари сутга тўлиб келарди.

[1] Ибн Касир, “Сийрати набавия” (1/203).
[2] Бухорий, 5101.
[3] Муслим, 1771.

Изоҳ қолдиринг