Умар розияллоҳу анҳу: одамлар қалбидаги ҳайбат ва салобати

0

Умар розияллоҳу анҳу ўта кучли салобат ва маҳобат эгаси эди, кўпчилик ундан ҳайиқиб турар, унинг виқори одамларни нафс истак-хоҳишларидан тийиб турарди. Шуҳрати энг чўққига кўтарилган пайтда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни мансабидан бўшатгани ҳам бунга мисол бўлади. Холид ўзининг улкан жанговар маҳорати ва урушларда орттирган ҳарбий тажрибалари туфайли деярли барча жангларда ғалабани қўлга киритиб келарди. Умар розияллоҳу анҳу уни ғалабалардан маст бўлиб, ўзига бино қўйиб қолишидан хавотирланди. Холидни қўмондонлик мансабидан бўшатиш ҳақидаги фармон одамлар унга ўта муҳтож бўлиб турган бир кунда берилди. Бўшаш амри етиб келганда одамлар Ярмук кунида Рум қўшинига қарши саф тортиб туришган эди. Умар розияллоҳу анҳу қўшинга Абу Убайдани амир этиб тайинлади. Холид буйруқни: “Амирулмўъмининнинг фармони бош устига”, деб қабул қилди. Айрим кишилар бу ўзгариш сабабли қўшин ичида фитна чиқиши хавфидан огоҳлантирганида Холид: “Модомики Умар бор экан, фитнага ўрин йўқ”, деб жавоб берди. Бу эса бир томондан, Холиднинг музаффар ва севикли қўмондон бўлгани ҳолда халифанинг фармонига киприк қоқмай бўйсунишига, хокисорлик ва кичик кўнгиллилик билан мансабдан воз кечишига далил бўлса, иккинчи томондан, ҳазрати Умарнинг маҳобатига ва ишларнинг бошқарувини нақадар маҳкам тутганига далил бўлади[1].

Унинг одамлар қалбида жуда катта ҳайбати бор эди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир енгилтабиат аёлнинг эркаклар орасида гап-сўз бўлаётгани хабари етди. Умар у аёлни чорлаб одам юборди. Умар ўта салобатли одам эди. Унинг элчиси келганида аёл қўрқиб кетди, “Вой шўрим, Умарнинг менда нима иши бор экан?” деди қалтираб. Сўнг Умар ҳузурига борар экан, йўлда тўлғоқ тутиб, бола ташлаб қўйди. Боласи йиғлаб туғилиб, нобуд бўлди. Умар розияллоҳу анҳу воқеадан хабар топгач, саҳобаларни йиғиб, улар билан кенгашди, улар ичида бир киши ҳам бор эди. Улар: “Эй амирулмўъминин, сиз бошлиқсиз, адаб беришга ҳақлисиз, сиз уни адабга чақирмоқчи эдингиз”, дейишди. “Сиз нима дейсиз, эй фалончи?” деб сўради ўша кишидан Умар. У деди: “Менинг гапим бундай: агар қавм сизнинг хоҳиш ҳавойингизга эргашиб бу гапни айтган бўлса, қасамки, сизга холис насиҳат қилмади. Агар бу уларнинг ижтиҳодлари бўлса, қасамки, мен уларнинг ижтиҳодини хато деб биламан, эй амирулмўъминин”. “Ундай бўлса, сизга топшириқ шу, у аёлга бериладиган хун пулини шахсан сиз қавмдан йиғиб оласиз”, деди Умар унга”.

Ҳасандан: “У киши ким эди?” деб сўралди. “Али ибн Абу Толиб эди”, деб жавоб берди[2].

Али, Усмон, Талҳа, Зубайр, Абдураҳмон ва Саъд розияллоҳу анҳум йиғилиб қолишди. Ичларида Умарга журъат билан бемалолроқ гапирадигани Абдураҳмон ибн Авф эди. Улар: “Эй Абдураҳмон, Умарга айтсангиз, ҳожатманд одам унинг ҳузурига келади-да, ҳайбати босиб, ҳожатини айтолмай қайтиб кетади”, дедилар. Абдураҳмон Умар ҳузурига кириб шу гапни айтди. У: “Эй Абдураҳмон, Аллоҳ номи билан сўрайман, бу гапни айтишни сенга Али, Усмон, Талҳа, Зубайр ва Саъд буюрдими?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Умар: “Эй Абдураҳмон, Аллоҳга қасамки, мен одамларга юмшоқлик қилиб кўрдим ва ўта юмшоқлик борасида Аллоҳдан қўрқиб қолдим. Сўнг уларга қаттиққўллик қилиб, қаттиққўлликда ҳам Аллоҳдан қўрқаман. Қандай қилишни ҳам билмай қолдим”, деди. Абдураҳмон йиғлаб юборди ва шу кўйи ўрнидан туриб чиқар экан: “Нега ҳам уларнинг гапига кирдим-а?”, деди[3].

Умар ибн Мурра айтади: “Қурайшлик бир киши Умарга: “Бизга юмшоқ гапиринг, дилларимизни қўрқувга тўлдириб юбордингиз”, деган эди, Умар: “Бу ишим зулм бўлдими?” деб сўради. У: “Йўқ”, деди. “Ундай бўлса, Аллоҳдан маҳобатимни бундан ҳам зиёда қилишини сўрайман”, деб жавоб қайтарди[4].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Умар розияллоҳу анҳудан бир оят ҳақида сўрайман деб бир йил фурсат пойладим, унинг ҳайбати босиб, сўролмасдим”[5].

Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима айтади: “Умар ибн Хаттоб ўта салобатли инсон эди. Бир куни бир ҳижомачи  уни ҳижома қилаётганида Умар қаттиқроқ томоқ қирган эди, ҳижомачининг таҳорати кетиб қолди. Умар унга қирқ дирҳам бердирди”[6].

Одамлар ундан қаттиқ ҳайиқишларини кўрган Умар ибн Хаттоб Аллоҳга дуо қилиб: “Эй Аллоҳ, Ўзинг яхши биласанки, мен Сендан улар мендан қўрққанларидан кўпроқ қўрқаман”, дерди[7].

[1]Надвий, “Ал-муртазо” (107-бет).
[2]“Маноқиби Умар” (135-бет). “Маҳзус савоб” (1/273).
[3]“Аш-шайхони мин ривоятил балозарий” (220-бет).
[4]Ибн Жавзий, “Маноқиби Умар” (135-бет). “Маҳзус савоб” (1/273).
[5]Муслим ривояти, 1479.
[6]Ибн Саъд, “Табақот” (3/287).
[7]Ибн Жавзий, “Маноқиби Умар” (134-бет).

Изоҳ қолдиринг