Пайғамбарлар қиссаси: Исҳоқ алайҳиссалом туғилишининг зикри

0

Исҳоқ алайҳиссалом туғилишининг зикри

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Иброҳимга солиҳ пайғамбарлардан бўлажак Исҳоқнинг туғилиши ҳақида хушхабар бердик. Унга ҳам, Исҳоққа ҳам хайр-барака ёғдирдик. Улар иккисининг зурриётидан солиҳ-тақводорлар ҳам ва ўзига очиқ зулм қилгувчилар ҳам чиқажак» (Соффот, 112-113).

Исҳоқ алайҳиссалом туғилишининг башорати Иброҳим алайҳиссалом ва хотини Сорага фаришталар тарафидан етказилган эди. У фаришталар Лут алайҳиссалом қавмининг куфр ва бузуқликлари сабабли шаҳарларини яксон қилиш учун кетаётиб, йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссалом хонадонида меҳмон бўлишганида ушбу хушхабарни берган эдилар. Бу ҳақда келгусида ўз ўрнида айтиб ўтилади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат, фаришта-элчиларимиз Иброҳимга хушхабар олиб келдилар. Фаришталар унга: «Салом бўлсин», дедилар. У ҳам: «Салом бўлсин», деди. Орадан кўп ўтмай Иброҳим ўтда пиширилган семиз бир бузоқни келтирди. Улар қўлларини таомга узатмаётганини кўргач, (улар тўғрисида) ёмон гумонга борди ва ичига қўрқув тушди. Шунда меҳмонлар: «Қўрқманг, биз Лут қавмига (ҳалок қилиш учун) юборилдик», дедилар. Иброҳимнинг аёли тик турган эди, буни эшитиб кулди. Биз унга Исҳоқнинг, унинг ортидан (невараси) Яъқубнинг туғилиши хушхабарини бердик. У деди: «Вой, шўрим, кампир ҳолимда бола туғарканманми, устига-устак манави эрим ҳам кексайиб қолган бўлса?! Бу жуда ажойиб-ку?!» Фаришталар дедилар: «Аллоҳнинг ишидан ажабланяпсанми?! Эй хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин». Албатта, У мақтовга сазовор ва улуғ зотдир» (Ҳуд, 69-73).

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг. Улар Иброҳимнинг уйига киришиб: «Салом бўлсин», дедилар. Иброҳим: «Биз сизлардан ҳадикдамиз», деди. Улар: «Қўрқманг, биз сизга билимдон бир фарзанд туғилишининг хушхабарини келтирдик», дедилар. Иброҳим деди: «Во ажаб, кексайган чоғимда шундай хушхабар келтирдингларми?! Ниманинг хушхабарини келтирдинглар?!» Дедилар: «Сизга (рўёбга чиқиши аниқ бўлган) ҳақ башорат келтирдик. Шундай экан, ноумидлардан бўлманг». Иброҳим деди: «Раббининг раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр, 51-56).

Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга Иброҳимнинг ҳурматли ва иззат-икром қилинган меҳмонларининг хабари етдими? Ўшанда улар Иброҳимнинг хонадонига кириб: «Салом бўлсин», дедилар. У ҳам бунга жавобан: «Салом бўлсин! Аммо сизларни таниёлмадим», деди. У меҳмонларга сездирмаган ҳолда дарҳол аёлининг олдига бориб, (ўтда пиширилган) семиз бир бузоқ келтирди. Уни меҳмонларга тақдим қилар экан: «Қани, олинглар», деди. Уларнинг қўли таомга етмаётганини кўргач, қалбига қўрқув тушди. Меҳмонлар: «Қўрқманг», дейишди ва унга билимдон бир фарзанд хушхабарини беришди. Бундан таажжубланган Иброҳимнинг аёли қичқирганча юзига тарсакилаб: «Бепушт кампир ҳолимда туғар эканманми?!» деди. «Ҳа, Раббинг шундай деди. Албатта, У ҳикматли ва билимдон Зотдир», деди меҳмонлар» (Зориёт, 24-30).

 Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда зикр қилишича, фаришталар ҳузурига ташриф буюришгач, Иброҳим алайҳиссалом уларга меҳмонга қилинадиган муомала кўрсатди. Энг яхши моллари ичидан семиз бузоқни танлаб, сўйиб, пишириб, дастурхонга қўйди. Иброҳим алайҳиссалом меҳмонларда бузоқ гўштига умуман иштаҳалари йўқлигини кўрди. Негаки, фаришталарда таомга эҳтиёж бўлмайди. Уларнинг бу ҳолати Иброҳим алайҳиссаломни ҳайратга ва айни пайтда ташвишга ҳам солди: «(улар тўғрисида) ёмон гумонга борди ва ичига қўрқув тушди. Шунда меҳмонлар: «Қўрқманг, биз Лут қавмига (ҳалок қилиш учун) юборилдик», дедилар» (Ҳуд, 70). Шунда Сора бу қавмнинг қилмишидан Аллоҳ учун норозилигининг ифодаси ўлароқ, уларга етажак ҳалокат хабаридан шодланди. Бу пайтда у араблар ва бошқа халқлардаги одатга кўра, меҳмонларга хизмат қилиш билан овора эди. Сора фаришталар хабар берган бу ишдан хурсанд бўлиб кулган чоғда Аллоҳ таоло шундай деди:  «Биз унга Исҳоқнинг, унинг ортидан (невараси) Яъқубнинг туғилишининг хушхабарини бердик» (Ҳуд, 71). Яъни, фаришталар унга бу хушхабарни етказдилар. «Бундан таажжубланган Иброҳимнинг аёли қичқирганча юзига тарсакилаб: «Бепушт кампир ҳолимда туғар эканманми?!» деди» (Зориёт, 29). Одатда, аёллар бирон нарсадан таажжублансалар юзига тарсаки урадилар. «У деди: «Вой, шўрим, кампир ҳолимда бола туғарканманми, устига-устак манави эрим ҳам кексайиб қолган бўлса?!» (Ҳуд, 72). Яъни «Ахир менга ўхшаш кекса ва бепушт аёл қаёқдан туғсин, устига-устак эрим ҳам қари чол бўлса?!» Сора мазкур ҳолатда фарзанд туғилишидан таажжубга тушди ва шу боис деди: «Бу жуда ажойиб-ку?!» Фаришталар дедилар: «Аллоҳнинг ишидан ажабланяпсанми?! Эй хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин». Албатта, У зот мақтовга сазовор ва улуғ зотдир» (Ҳуд, 72-73).

Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ҳам бу хушхабардан суюнганидан ва хабарга аниқлик киритиш мақсадида таажжубланди: «Иброҳим деди: «Во ажаб, кексайган чоғимда шундай хушхабар келтирдингларми?! Ниманинг хушхабарини келтирдинглар?!» Дедилар: «Сизга (рўёбга чиқиши аниқ бўлган) ҳақ башорат келтирдик. Шундай экан, ноумидлардан бўлманг» (Ҳижр, 54-55). Фаришталар бу хушхабарнинг ҳақ эканини таъкидладилар.

Фаришталар Иброҳим алайҳиссалом ва Сорага «билимдон бола» бўлмиш Исҳоқ хушхабарини келтирдилар. Унинг акаси Исмоил эса «ҳалим бола»дир. Исмоил алайҳиссаломнинг бундай сифатланиши унинг мақоми ва сабр-матонатига муносибдир. Шунингдек, Парвардигор уни ваъдага содиқлик ва сабрлилик билан ҳам сифатлади.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Биз унга Исҳоқнинг, унинг ортидан (невараси) Яъқубнинг туғилиши хушхабарини бердик» (Ҳуд, 71).

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ва ундан бошқа айрим уламолар қурбонликка аталган киши Исмоил алайҳиссалом эканига ушбу оятни далил қилганлар. Уларнинг айтишича, Исҳоқ алайҳиссалом ва кейин унинг фарзанди Яъқуб алайҳиссаломнинг дунёга келиши башорат қилингач, Исҳоқ алайҳиссаломнинг сўйишга буюрилиши ножоиздир. Қолаверса, Яъқуб исми «ақиб» (яъни кишининг ортидан келувчи фарзанди) сўзидан олинган.

Аллоҳ таолонинг: «Биз унга Исҳоқнинг, унинг ортидан (невараси) Яъқубнинг туғилиши хушхабарини бердик» (Ҳуд, 71), деган сўзи  Соранинг фарзанди Исҳоқнинг роҳатини кўриши, сўнгра ундан невараси Яъқубнинг туғилишига далилдир. Яъни бу оятдан Иброҳим алайҳиссалом ва Соранинг ҳаётлик даврларида неваралари Яъқуб туғилиши ва фарзандлари Исҳоқ дунёга келганида суюнишганидек, неваралари Яъқубнинг дунёга келишига ҳам гувоҳ бўладилар ва бундан бениҳоят суюнадилар, деган хулоса чиқади. Агар оятдан бу нарса ирода қилинмас экан, Яъқуб алайҳиссаломни ёд этиш, Исҳоқ алайҳиссаломнинг бошқа фарзандлари қолиб, айнан Яъқубни алоҳида зикр қилишнинг бирон-бир фойдаси бўлмас эди. Модомики, алоҳида тилга олиндими, демак, эр-хотин фарзандлари Исҳоқнинг роҳатини кўрадилар ва у туғилганида қувончга тўлганлари сингари унинг ўғли – неваралари Яъқубнинг дунёга келиши билан ҳам  қувонч ва шодликка тўладилар.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз Иброҳимга Исҳоқ ва (невараси) Яъқубни ҳадя этдик. Уларнинг барчаларини ҳидоят қилдик» (Анъом, 84).

Аллоҳ таоло яна айтади: «Иброҳим қавмидан ҳам ва Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларидан ҳам четлангач, унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик» (Марям, 49).

Бу илмий хулоса, иншооллоҳ, очиқ ва кучли хулоса бўлиб, уни «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»[1]да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Абу Зар розияллоҳу анҳу шундай дейди:

Мен: «Эй Расулуллоҳ, қайси масжидга дастлаб асос солинган?» дедим.

«Масжидул Ҳаром», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

«Сўнгра қайси?»

«Масжидул Ақсо».

«Улар иккиси ўртасида қанча вақт ўтган?»

«Қирқ йил».

«Сўнгра қайси?»

«Сўнгра қаерда намоз вақтига дуч келсанг, намоз ўқийвер. Зеро, ер юзининг барчаси саждагоҳдир», дедилар у зот».

Аҳли китоблардаги манбаларга[2] кўра, Масжидул Ақсога асос солган зот Яъқуб алайҳиссаломдир. Маълумки, Масжидул Ақсо Байтил Мақдис шаҳридаги “Элиё” масжидидир.

Бу тўғри маълумот. Уни биз юқорида зикр қилган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Шунга биноан, Иброҳим ва ўғли Исмоил алайҳимассалом  Масжидул Ҳаромни бино қилганларидан роппа-роса қирқ йилдан сўнг Яъқуб (яъни Исроил) алайҳиссалом Масжидул Ақсони бино қилган. Ота-бола Масжидул Ҳаромни Исҳоқ алайҳиссалом дунёга келгач, бино қилганлар. Негаки, Иброҳим алайҳиссалом дуосида шундай деган эди: «Эсланг, Иброҳим деди: «Эй Раббим, бу диёрни тинч ва хотиржам, мени ва зурриётимни бутларга ибодат қилишдан узоқ қил. Зеро, эй Раббим, бу бутлар кўплаб одамларни йўлдан оздирдилар. Ким менга эргашса, албатта, у мендан, ким менга осийлик қилса, албатта, Ўзинг мағфиратли ва раҳмли Зотсан. Эй Раббимиз, мен зурриётимдан баъзиларини тўла-тўкис намоз ўқишлари учун Ўзингнинг ҳурматли уйинг – Каъбага яқин жойдаги гиёҳ ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Шундай экан, шояд улар шукр этишлари учун одамларнинг қалбларини уларга мойил қилгин, уларни турли мева-чевалардан ризқлантиргин. Эй Раббимиз, албатта, Сен бизларнинг махфий тутганимизни ҳам, ошкор қилганимизни ҳам билурсан. Аллоҳга ерда ҳам, осмонда бирон нарса махфий эмас. Кексайган чоғимда менга Исмоил ва Исҳоқни ҳадя этган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин. Дарҳақиқат, Раббим дуони аниқ эшитиб ижобат қилгувчидир. Эй Раббим, мени намозни тўла-тўкис адо этадиганлардан қил ва зурриётимдан ҳам шундайларни чиқар. Эй Раббимиз, дуоларимни қабул эт. Эй Раббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб-китоб кунида мағфират қил» (Иброҳим, 35-41).

Энди, айрим ҳадисларда зикр қилинган Сулаймон ибн Довуд алайҳимассалом Байтул Мақдисни бино қилган чоғда Аллоҳдан учта хислатни сўраганига келсак (биз буни Аллоҳ таолонинг: «Сулаймон деди: «Эй Раббим, гуноҳларимни мағфират қил ва менга мендан кейин ҳеч кимса насиб қилмайдиган бир мулк ато эт» (Сод, 35), деган сўзининг тафсирида айтиб ўтганмиз[3] ва келгусида Сулаймон алайҳиссалом қиссасида ҳам зикр қилажакмиз), бундан мақсад, валлоҳу аълам, Сулаймон алайҳиссалом Масжидул Ақсони янгидан бино қилганидир. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу икки масжид қурилиши ўртасидаги вақт қирқ йилдан иборатдир. Ибн Ҳиббон ўзининг «Ал-тақосийм вал анвоъ»[4] асаридаги билдирган фикрни инобатга олмаганда, ҳеч кимса «Сулаймон алайҳиссалом билан Иброҳим алайҳиссалом ўртасида қирқ йил муддат бор», деган фикрни илгари сурмаган. Ибн Ҳиббоннинг бу фикрига келсак, ундан олдин бу фикрни бирон киши айтмаган ва бу фикрга ҳеч ким қўшилмаган ҳам, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (3366) ва Муслим (520) ривоят қилган.
[2] «Ал-Аҳдул қадим» (насоролар эътиқодида Ийсо алайҳиссаломдан олдин ёзилган муқаддас китоблар): «Сифрут-таквин» (ўша китобларнинг биринчиси): Исҳоҳ (боб, бўлим): 28, 35.  Албатта қаранг: «Зодул маъод», 1/49.
[3] «Тафсирул Қуръонил азийм», 4/34.
[4] 14/120, «Эҳсон» нашри.

Изоҳ қолдиринг