Чақалоққа оид ҳукмлар (2): Фарзанддан хоҳланадиган нарсалар ҳақида

0

Фарзанддан хоҳланадиган нарсалар ҳақида

Фарзанддан умид қилинадиган нарсалардан бири Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Ҳассондан ривоят қилган ҳадисда келган: “Менинг иккита ўғлим вафот этди. Шунда Абу Ҳурайрага: “Ўликларимиз (мусибати)дан кўнгилларимизни ёриштирадиган бирор ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бўлсангиз, айтиб беринг”, дедим. Шунда у айтди: “Хўп. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): «Кичкинтойларингиз жаннатнинг капалакларидир (ёки, ажралмас аҳлидандир). Улардан бирлари (охиратда) отаси ёки ота-онасига йўлиқади ва унинг кийимининг этагидан ёки қўлидан тутади, худди мен ҳозир сенинг кийимингнинг четидан тутиб турганим каби. Сўнг токи Аллоҳ уни ва отасини жаннатга киритмагунча у(ота-онаси)ни қўйиб юбормайди”[1].

Имом Аҳмад айтади: “Бизга Вакеъ Шуъбадан, у Муовия ибн  Қуррадан, у отасидан ривоят қилишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига ўғли билан келиб турар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишидан: «Уни яхши кўрасанми?» деб сўрадилар. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, мен уни суйганимдек Аллоҳ сизни суйсин”, деб жавоб берди. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у (бола)ни йўқлаб, “Фалончининг ўғлига нима бўлди?” деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, у вафот этди”, дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг отасига: “Жаннат эшикларидан истаган бирор эшик олдига келишинг, сўнг у сени ўша ерда кутиб турганини топишинг сени хурсанд қилмайдими?” дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, бу гап фақат унга тегишлими ёки барчамизгами?” деб сўради. У зот: “Йўқ, барчангиз учун”, деб айтдилар[2].

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан ким икки боласидан айрилса, жаннатга киради”, дедилар. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, агар битта боласидан айрилган бўлса-чи?” деб сўради. У зот: “Битта боласи бўлса ҳам, эй (яхшиликларга) муваффақ бўлгур”, дедилар. Ойша: “Умматингиз орасида боласидан айрилмагани-чи?” деб сўради кейин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен умматимдан олдин вафот этувчиман, улар менинг мусибатим(дан оғирроқ) мусибатга йўлиқмайдилар”[3] дедилар.

«Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга қарата шундай дедилар: “Сизлардан бирор аёлнинг учта боласи вафот этса, у учун дўзахдан парда бўладилар”. Шунда бир аёл: “Иккита бўлса-чи?” деди. У зот: “Иккита бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар[4].

“Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънодаги ҳадис ривоят қилинган. Ибн Масъуд ва Абу Барза ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ҳадис ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси мусулмоннинг гуноҳ (ёзиладиган ёш)га етмаган уч боласи ўлса, у одам дўзахга тушмайди, фақатгина қасам ўталиши учун (дўзахнинг устидан олиб ўтилади, холос)”[5].

“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бирор мусулмон бўлган одамнинг гуноҳ (ёшига) етмаган учта боласи вафот этса, Аллоҳ у (болалар)га раҳм-шафқатининг фазилатидан у (инсон)ни ҳам жаннатга киритади”[6].

“Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривот қилинади: “Бир аёл ёш боласи билан келди ва: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, унинг ҳаққига Аллоҳдан (сўраб) дуо қилинг, дарҳақиқат, мен учта (болам)ни кўмганман”, деди. Шунда у зот: “Учтасини дафн этдингми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлга: “Дарҳақиқат, кучли қўрғон ила дўзахдан ҳимояланибсан”, дедилар[7]. Шундай экан, агар фарзанд ота-онасидан кейин яшаса ҳам уларга фойда келтиради, улардан олдин вафот топса ҳам фойда келтиради.

Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида ушбу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қачонки бирор инсон вафот этса, унинг амали узилади, фақат уч (тараф)дан узилмайди: садақайи жория ёки манфаатли илм ёки унинг ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд (қолдирган бўлса)”, дедилар”[8].

[1] Муслим (2625).

[2] Аҳмад ривояти (3/436). Санади саҳиҳ.

[3] Термизий (1062), Аҳмад (1/334) ривоятлари. Ҳадиснинг санади заиф.

[4] Бухорий (1/195), Муслим (2643).

[5] Бухорий (3/118), Муслим (2632) ривоятлари.

[6] Бухорий: (3/118).

[7] Муслим: 6236.

[8] Муслим: 1631.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг