Таҳорат: Таҳоратдан кейин қилинадиган суннатлар

0

Таҳоратдан кейин қилинадиган суннатлар

  1. Дуо қилиш

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлардан бирингиз тўла-тўкис таҳорат олиб бўлгач, «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва Росуулуҳ»[1], деса, албатта, унинг учун жаннатнинг саккизта эшиги очилади, хоҳлаганидан жаннатга киради»[2].

Термизийга оид бир ривоятда шундай қўшимча бор: «Аллоҳуммажъалний минат тавваабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн»[3].

Эслатма:

Ҳадисга оид баъзи ривоятларда келишича, инсон таҳоратдан кейин дуо қилиш асносида нигоҳини осмонга қаратади. Бироқ бу қўшимча саҳиҳ эмас[4].

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ким таҳорат олиб бўлгач, «Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта, астағфирука ва атуубу илайк», деса, айтган бу зикри бир саҳифага ёзилиб, (хатжилдга солинади). Сўнг устига муҳр босилади ва то қиёматга қадар муҳри бузилмайди»[5].

  1. Таҳоратдан кейин икки ракаат нафл намоз ўқиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: «Эй Билол, Исломни қабул қилганингдан бери савоб умид қилишга энг арзирли амалингни айтиб бер-чи. Зеро, жаннатда эканман олдимда шиппагингнинг товушларини эшитдим». Билол айтди: «Мен қуйидаги амалимдан кўра савоб умид қилишга арзийдиганроқ амал қилмадим: хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, қачон таҳорат олсам, албатта, ортидан шу таҳоратим билан насиб қилганича нафл намоз ўқиб келаман»[6].

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни худди ҳозир олган таҳоратим сингари таҳорат олиб, сўнг: «Ким мана шундай таҳорат олса, сўнг туриб икки ракаат намоз ўқиса, бу икки ракаат намози асносида хаёлга берилмаса (ўй-хаёлини жамлаб, хушуъ билан намоз ўқиса), албатта, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганларини эшитганман»[7].

Таҳоратдан сўнг хоҳ фарз, хоҳ равотиб[8] суннат ёки нафл намоз ўқисин, ҳадисда зикр қилинган фазилат ҳосил бўлаверади. Шунингдек, таҳоратдан кейин мазкур намозлардан бирини масжидга кирибоқ ўқиса, таҳийятул масжид намозининг ўрнига ҳам ўтади.

Ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «бу икки ракаат намози асносида хаёлга берилмаса» деган сўзининг шарҳида Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Бундан мақсад намозда дунёвий, шунингдек, намозга тааллуқли бўлмаган ишларни эсламаслик назарда тутилган. Агар намозда бирон дунёвий ўй-хаёл келса-ю, дарҳол ундан тийилса, хаёлини жамласа, бу иши афв этилади ва, иншааллоҳ, мазкур фазилат ҳосил бўлаверади. Чунки бу ҳол унинг ихтиёрида эмас. Дарҳақиқат, қарор топмайдиган ўткинчи ўй-хаёллар ушбу умматдан афв этилгандир»[9].

[1] Маъноси: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Унинг яккаю ягона ва шериксиз эканига, шунингдек, Муҳаммад (алайҳиссалом) У зотнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман».
[2] Муслим (234), Абу Довуд (460), Насоий (1/92), Термизий (55), Ибн Можа (470) ривояти.
[3] Термизий (55), Табароний «Авсат»да (5/140) ривоят қилишган. Албоний «Ирво»да (96) ҳасан деган. Дуонинг маъноси: «Ё Аллоҳ, мени кўп тавба қилувчилардан ва кўп покланувчилардан қил».
[4] Аҳмад (4/150) Абу Ақилнинг амакиваччасидан ривоят қилган. Бироқ, у мажҳул ровийдир.
[5] Насоий «Кубро»да (9909) ривоят қилиб, унинг мавқуф нақл эканини, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари эмас, балки Абу Саид розияллоҳу анҳунинг сўзи эканини тўғри деб билган. Албоний роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, бу асар марфуъ ҳукмида бўлади, чунки бу сўзлар шунчаки шахсий фикр ва ижтиҳоддан келиб чиқиб айтиладиган гаплар эмас.
[6] Бухорий (1149), Муслим (2458) ривояти.
[7] Бухорий (164), Муслим (226) ривояти.
[8] Равотиб суннатлар деганда фарз намозларга тобе, улардан олдин ёки кейин ўқиладиган суннат намозларга айтилади (Таржимон.).
[9] «Шарҳи саҳиҳи Муслим», 3/108.

Изоҳ қолдиринг