Жамоавий зикрлар: Сўфийларга оид зикрларнинг тўқима «фазилат»лари (1)

0

Агар сўфийлар шаклан ва мазмунан саёз зикрларини ёзаётганларида уларни Аллоҳ ва Расулига нисбат бермаганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз ёзиб олишганини даъво қилмаганларида бало бир мунча енгил бўлар ва биз бу зикрларни сўфийлар Аллоҳга ибодат қилиш учун тўқиб чиқарган бидъат дуо ва зикрлар, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга таълим берган, у зотдан саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги Бухорий, Муслим, «Сунан» ва «Муснад» китобларининг муаллифлари каби улуғ имомлар ўз китобларида нақл қилган бундан кўра афзалроқ дуо ва зикрларни тарк қилишди, деб қўяқолган бўлар эдик. Лекин Аллоҳ номидан гапирадиган анави сўфийлар бу зикрларини ўзларига нисбат беришмади, балки уларни Аллоҳ ва Расулига нисбат бериб, У Зот тарафидан ваҳий ва илҳом орқали уларга келганини ёки уйғоқ ҳолатларида (уйқуларида эмас) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга айтиб, ёздирганини даъво қилишди. Кошки эди, сўфийлар ушбу зикрлари учун худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида зикрлар учун айтиб кетган фазилатлар каби фазилатларни тўқиб, масалан, «ким бу зикрни айтса ўнта қул озод қилгандек бўлади», «қурбонлик қилгандек бўлади», «ҳеч бир кимса қиёмат кунида бу ишни қилган кишичалик савоб билан келолмайди», «Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуради» ва ҳоказо фазилатларни айтсалар эди… Лекин анави сўфийлар ўзларининг тўқима ва ёлғон зикрларига тавсифлашга таъбир ожиз қоладиган ва чек-чегараси бўлмаган фазилат ва ажрларни ўйлаб топдилар. Сўнг тариқат пирларидан ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ва унинг жамоатига хослаб берганини даъво қилган зикрнинг фазилати тўғрисида оғиз кўпиртириб гапирдилар, ўта муболағага бордилар. Мисол учун, Тижония тариқатининг пири Аҳмад Тижонийнинг даъво қилишича, унинг «Фатҳ салавоти» деб аталмиш зикрини бир марта ўқиш Қуръонни олти минг марта ўқишга тенг бўлар экан!!

«Жавоҳирул маоний» китобининг муаллифи Али Ҳарозим китобнинг биринчи қисмида (94-бетда) шундай дейди:

«Фотиҳ (беркитилганларни очувчи) салавоти»нинг фазилатига келадиган бўлсак, … пиримизнинг шундай деганларини эшитдим:

“Ҳаждан Таламсонга қайтган пайтимда фотиҳ салавоти зикри билан машғул бўлдим. Сабаби, бу зикрнинг хосиятини билган эдим. «Вардатул жуюб»да зикр қилинганидек, бу салавотни бир бор айтиш олти юз минг салавотга тенг келади. «Варда» китоби муаллифининг айтишича, «Фотиҳ» салавотининг соҳиби саййидимиз Муҳаммад Бакрий Сиддиқий Мисрда яшар, тариқат қутбларидан эди. У шундай дейди: «Ким бу салавотни зикр қилиб, жаннатга кирмаса, салавот соҳибининг жони Аллоҳнинг ҳузурида узилсин». Таламсондан Бусамғунга кўчгунимча шу салавотни айтиб юрдим. Кейин «Далоилул хайрот» китобида биттаси етмиш минг салавотга тенг келадиган салавотни кўргач, фотиҳ салавотини ташлаб, унинг ўрнига ўша фазилати кўпроқ бўлган салавот билан машғул бўлдим. У қуйидагича эди: «Эй Аллоҳ, саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли-оиласига Сен яхши кўрган бандаларингга айтган барча салавотларга тенг келадиган салавот йўлла ва саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли-оиласига ҳам уларнинг саломига тенг салом йўлла». Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени фотиҳ салавотига қайтишга буюрдилар. Мени фотиҳ салавотига қайтишга буюрганларидан кейин бу салавотнинг фазилати тўғрисида сўрадим. Аввалига бу салавотни бир бор айтиш олти марта Қуръонни хатм қилишга тенг, дедилар. Иккинчисида эса, бу салавотни бир марта айтиш борлиқда айтилган барча тасбеҳларга, барча зикрларга, каттаю кичик барча дуоларга ва Қуръонни олти минг марта хатм қилишга тенг бўлади, чунки у зикрлардандир, дедилар” [Иқтибос тугади, Жавоҳирул маоний, 94-бет].

Бу ёлғончиларнинг гапига қаранг… Бу сўфийлар қандай қилиб фатҳ салавотига ўхшаган бор-йўғи икки қатор ёки йигирмата сўздан иборат бўлган саёз гапни айтишнинг ажри Қуръонни олти минг марта ўқиганнинг ажрига тенг бўлишини даъво қилишади?! Бу ўта бемаъни ёлғон бўлиб, унинг бемаънилигини изоҳлаш ёки баён этишга ҳожат йўқ. Бениҳоят фазилатли деб даъво қилинган салавот қуйидагичадир: «Эй Аллоҳ, беркилганни очувчи, ўтганларни хотималовчи, ҳақ билан ҳаққа нусрат берувчи, тўғри йўлингга чақирувчи бўлган саййидимиз Муҳаммадга салавот йўлла»!!

Ажабланарлиси шуки, бу заиф гапларнинг ҳаммаси ғирт жаҳолатдир. Ўзи ёпиқ бўлган, сўнг уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очган нарса нима эканлиги зикрда айтилмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ нусрат берган ҳақ нима-ю, унга қайси ҳақ ила нусрат бергани ҳам, ўтган нарсага Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотима қилгани ҳам мажҳулдир. Бу мужмал гапни тўғри маънога йўйиб, бошқа сўзлар билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, тижонийларнинг ўзлари бузуқ маънолар билан изоҳлашганидек, уни бузуқ маъноларга буриб изоҳлаш ҳам мумкин. Масалан, кимдир «ўтганларни хотималовчи» деган сўзни «пайғамбарларнинг энг охиргиси», деб изоҳлаши мумкин. Бу тўғри маъно бўлса-да, лекин аслида «фотиҳ салавоти» деб аталмиш бу зикрда бу маъно йўқ. Чунки тижонийларнинг ўзлари бунга хилоф қилишади ва нубувват ҳали тугамаган, деб билишади. Бунга далил ўлароқ, фотиҳ салавоти вараққа қудрат қалами ила ёзилиб, уларга осмондан тушганини зикр қилишади!! Шунга кўра, у Аллоҳ таолонинг каломидан бўлиб, уни бандаси тўқимаган деб айтишади!! (Қаранг: «Ал-ҳадийятул ҳодия ила тариқати тижонийя», 105-бет).

Зеро, салавотдаги «ўтганларни хотималовчи» деган сўздан нубувват ва ваҳий қасд қилинмаган, чунки улар бу тўқима салавотни Қуръонни тўлдирган ваҳий деб билишади. Бинобарин, уларнинг даъвосича, бу салавот Қуръондан кўра комилроқ, чунки у осмондан ёзилган ҳолатда тушган, Қуръон эса оғзаки ва эшитиш орқали нозил бўлган. Маълумки, ёзилган нарса исботлашда эшитилган нарсадан кўра юқорироқ туради. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тавротни ёзилган ҳолатда туширганини миннат қилиши шунга далолат қилади: “Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани — насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлагин ҳамда қавмингни у панд-насиҳатларнинг энг гўзалларини олишларига буюргин» (дедик). Энди сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини кўрсатурман” (Аъроф: 145).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг