Қози Шурайҳ (2)

0

Шурайҳнинг ажойиботларига далолат қилувчи яна бир воқеа:

Кунларнинг бирида Шурайҳнинг ўғли отасига:

– Отажон, мен билан бир қавм ўртасида келишмовчилик юз берди. Эшитиб кўринг, агар ҳақ мен тарафда бўлса, улар билан даъволашаман. Борди-ю, ҳақ улар тарафда бўлса, уларни сулҳга чақираман, – дея отасига ҳолатни баён қилди. Шурайҳ воқеа тафсилотларини эшитгач:

– Улар билан даъволашавер, – деди.

Отанинг маслаҳати билан ўғил уларни қозига бориб даъволашишга чақирди. Улар рози бўлишиб, ҳаммалари қозининг ҳузурига бордилар. Шурайҳ икки томон даъвосини эшитгач, қавмнинг фойдасига, ўғлининг зарарига ҳукм қилди. Ота бола уйга қайтгач, ўғли:

– Ота, мени шарманда қилдингиз. Аввал сиз билан маслаҳатлашмаганимда эди, сизни маломат қилмаган бўлардим, – деди. Шунда Шурайҳ ўғлига деди:

– Эй ўғлим, Аллоҳга қасамки, сен мен учун улардан суюклироқсан. Лекин Аллоҳ азза ва жалла менга сендан-да азиздир! Менга маслаҳат солганингда, ҳақ улар тарафида эканини сенга айтмаганим, сен буни билгач, уларни сулҳга кўндиришинг, натижада, уларнинг баъзи ҳақлари зое бўлишидан қўрқдим. Шунинг учун сенга шундай деган эдим.

Яна бир нодир ҳолат: Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушди. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетди. Шурайҳ кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоқга ташлади ва ўзи ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб турди.

Баъзан қозихонага даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг кўнгли тўлмас, аксинча, қалбида уларга нисбатан шубҳалар пайдо бўларди. Аммо гувоҳлар гувоҳликка ярайдиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: “Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизларни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен қиёматда сизларни рўкач қилиб, дўзахдан сақланаман, аслида, дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга муҳимроқдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмаслик имконингиз бор”. Агар шундан кейин ҳам улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига қарата: “Билиб қўй, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки, ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг шаҳодати билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди”, дер эди.

Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозихонада тез-тез айтиб турадиган сўзлардан бири қуйидаги эди:

“Эртага қиёматда золим киши аслида ким ютқизганини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши уни қўлдан бой бергани учун асло пушаймон қилган эмас”.

Шурайҳ фақат Аллоҳ, Унинг Китоби ва Расулига тааллуқли бурчини адо қилибгина қолмай, балки мусулмонларнинг олим ва амирлари ҳамда оммага ҳам қўлидан келган эзгуликни улашар, уларга нисбатан зиммасидаги вазифасини садоқат билан бажарар эди. Бунга қуйидаги воқеани далил қилиш мумкин:

Бир киши дўстидан шикоят қилаётганини эшитиб қолган Шурайҳ уни қўлидан ушлаб четга тортди-да, шундай деди: “Укажоним, сенга насиҳатим Аллоҳ азза ва жалладан Ўзгага шикоят қилишдан сақлан. Чунки сен шикоят қилган киши ё дўст, ёки душман бўлади… Дўст бўлса, унинг кўнглини ранжитасан, душман бўлса, устингдан кулади, уни севинтирасан”. Сўнгра унга қарата: “Менинг мана бу кўзимга боқ, – деб бир кўзига ишора қилди, – Аллоҳга қасамки, мана шу кўзим билан ўн беш йилдирки на бир одамни ва на теварак-атрофни кўра оламан… Ўн беш йилдан бери шу кўзим кўрмайди, аммо ҳеч кимга бу ҳақда шикоят қилмаганман. Сенга ибрат бўлсин, деб айтдим, холос. Солиҳ банда Яъқуб алайҳиссаломнинг сўзларини эшитмаганмисан: “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан…” (Юсуф сураси, 86). Бошингга бирон мусибат тушса Аллоҳгагина шикоят қил, Унга дардингни тўкиб сол, зеро, Аллоҳ сўралувчиларнинг энг саховатлиси ва дуони ижобат қилишга энг яқин Зотдир”.

Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан тиланаётганини кўриб: “Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташини сўраса, ўзини қулликка маҳкум қилган бўлади. Агар сўралувчи унинг хожатини ўтаса, бу билан уни қул қилган бўлади. Борди-ю, ҳожатини ўтамай рад қилса, иккаласига ҳам хорлик етади… Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига рад қилиниш хорлиги. Шунинг учун сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг, ҳам Аллоҳдан сўра. Шуни билки, банда учун Аллоҳнинг мадади ва тавфиқисиз бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш ҳам ва бу ҳолатда давом этиш учун қувват ҳам бўлмайди”, деб насиҳат қилди.

Кўфада вабо касали тарқаганида Шурайҳнинг бир дўсти вабодан қочиб Нажаф деган тарафларга кетиб қолди. Шунда Шурайҳ дўстига мана бундай мазмунда хат юборган экан: “Аммо баъд… Дўстим, сен ташлаб кетган ер сенга ажалингни яқин қилмас ва тақдирда битилган умрингни сендан тортиб олмас эди. Сен борган у ерлар ҳам, чора-тадбир қилиш Уни ожиз қолдирмайдиган ва Ундан қочиб қутулиб бўлмайдиган Зотнинг қабзидадир. Биз ҳам, сен ҳам бир Подшохнинг бисотидамиз. Нажаф эса қудрат Эгасига яқинроқдир”.

Буларнинг барига қўшимча тарзда Шурайҳ жуда қобилиятли, хилма-хил мавзуларда шеър ёзадиган қалами ўткир шоирлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ривоятларга кўра, Шурайҳнинг ўн ёшлардаги, жуда ўйинқароқ, шўх боласи бор экан. Бир куни болани излаб борса, мактабдан кетиб, итларни томоша қилаётган экан. Уйга қайтгач, ўғлидан: “Намоз ўқидингми?” деб сўраганида, у: “Йўқ”, деб жавоб берибди. Шунда қоғоз ва қалам келтиришга буюриб, боланинг тарбиячисига ушбуларни битган экан: (Шеърнинг мазмуни):

“Илакишиб итларга, намозини ташлади,

Ёмонларга қўшилиб, дилимизни ғашлади.

Ҳузурингизга ушбу мактуб ила борганда,

Адаб беринг яхшилаб, таъзирин есин анда.

Уришга ҳожат бўлса, майли, дарра урингиз,

Уч даррадан ошиғи кўплик қилар, билингиз.

Қаршингиздаги бола гарчи шўхдир, ёмондир,

Бироқ бизга жигарбанд, бизга ширин бир жондир”.

Умар Форуқдан Аллоҳ рози бўлсин, дарҳақиқат, у Исломдаги қозилик мансабини соф ва адолатли қози билан зийнатлаб кетди… Мусулмонлар то бугунги кунга қадар унинг Аллоҳ таолонинг шариатига доир илмий зиёсидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари хусусидаги тушунчасининг нуридан  баҳра оладиган ҳамда қиёмат кунида бошқа умматлар олдида у билан фахрланадиган ёрқин чироқни инъом этди.

Қози Шурайҳни Аллоҳ раҳматига олсин. Олтмиш йил мобайнида одамлар орасида адолатни барпо қилиб турди. Бирон кимсага жабр-зулм этмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу гадога баб-баравар муомала қилди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг