Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (2)

0

 

Шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу рухсат сўраш одоби ҳақидаги ҳадисни билмаганлар. Бу ҳақда у кишига Абу Мусо хабар берган ва бунга ансорларни гувоҳ қилиб келтирган эди. Ҳолбуки, Умар ушбу ҳадисни унга етказган кишидан кўра олимроқ эдилар.

Бундан ташқари, Умар розияллоҳу анҳу аёл киши эрининг дияси (хун пули)дан мерос олишини билмас, дия оқиланинг (яъни эркак қариндошларнинг) ҳаққи деб билардилар. Заҳҳок ибн Суфён у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ашям Забобийнинг аёлига эрининг диясидан мерос бердирганлари ҳақида ёзиб юборганидан кейингина бу фикрларидан қайтганлар ва: «Агар буни эшитмаганимизда, зиддига ҳукм қилиб юраверар эканмиз», деганлар.

Умар мажусийлардан олинадиган жизянинг ҳукмини ҳам билмас эдилар, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга аҳли китобнинг муомаласини қилинглар», деганлар”, деб хабар берганлар.

Умар розияллоҳу анҳу Шомга юриш қилиб, Сарғ деган жойга етганларида Шомда вабо тарқалгани ҳақида хабар келади. Шунда олдин дастлабки муҳожирлар билан, кейин ансорлар билан, кейин Фатҳ йили мусулмон бўлганлар билан маслаҳатлашадилар. Ҳар ким ўз фикрини билдиради, бироқ ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борадаги суннатларидан хабардор эмас экан. Охирида Абдураҳмон ибн Авф етиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вабо ҳақидаги суннатларидан хабар беради ва у зотнинг: «Агар сизлар турган ерда вабо тарқалса, у ердан қочиб чиқманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга кирманглар», деган ҳадисларини айтиб беради.

Ҳазрат Умар бир куни Ибн Аббос билан намоз асносида шак қилиб қолган киши нима қилиши ҳақида баҳслашиб қоладилар. Бу борадаги суннат у кишига етиб келмаган эди. Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Шакни тарк этади ва ишончи комил бўлган нарсага биноан иш тутади», деганларини айтиб беради.

Бир марта сафарда эканларида шамол туради. Шунда у киши: «Ким шамол ҳақида ҳадис айтиб бера олади?» дея сўрай бошлайдилар. Абу Ҳурайра айтади: «Мен орқароқда эдим, туямни ниқтаб унинг олдига етиб келдим ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шамол эсган пайт нима қилишга буюрганларини айтиб бердим».

Буларнинг барини Умар розияллоҳу анҳу илми ўзиникидан кам бўлган кишилардан эшитиб билганлар. Бошқа баъзи ўринларда эса ўша мавзудаги ҳадисдан бехабар бўлганлари учун бошқача фатво берганлар. Мисол учун, бармоқларнинг дияси (хун пули) ҳақида уларнинг одамга етказадиган фойдасига қараб ҳар хил тўлов тайин қилганлар. Ваҳоланки, Абу Мусо ва Ибн Аббос – иккаласи ҳам ундан кўра илмда анча паст кишилар эди – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бу ва бу – яъни, бош бармоқ ва жимжилоқ – тенг», деган ҳадисларини билган эканлар. Бу суннат Муовия розияллоҳу анҳуга унинг амирлик даврида етиб борганида шунга кўра ҳукм қилган ва мусулмонлар унга эргашмасликка чора қолмаган эди. Айрим ҳадисларни билмаслиги Умар розияллоҳу анҳу шаънига айб саналмади.

Шунингдек, у киши, ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ва бошқа саҳобалар эҳромдаги кишининг эҳромга киришидан олдин ва тош отгандан сўнг Маккага тушишидан олдин хушбўйланишини ман қилишарди, чунки уларга Ойша розияллоҳу анҳонинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳромга киришларидан олдин эҳром учун ва тавоф қилишларидан олдин эҳромдан чиқиш учун хушбўйлаб қўйдим», деган сўзлари етиб келмаган эди.

Умар маҳси кийган кишини то ўзи маҳсисини ечгунига қадар унга масҳ тортиб юраверишга буюрар, унга вақт чекламас эдилар. Салафлардан бир тоифаси бу хусусда унга эргашган, уларга ўзларидан илмда паст бўлган баъзиларга етган масҳ тортиш муддати ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар етиб келмаган эди. Чунки, масҳ тортиш ҳақидаги ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча йўллар орқали ривоят қилинган.

Шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу эри вафот этган аёл эрининг уйида идда сақлаши кераклигини билмаганлар, Абу Саид Худрийнинг синглиси Фурайъа бинти Молик эри вафот этганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «То идданг тугагунича уйингда ўтир», деганларини айтиб берганидан кейин Усмон шу ҳукмни олган эдилар.

Бир марта у кишига (эҳромдалик пайтларида) ўзларига атаб овланган ов ҳадя қилинди. Энди ундан емоқчи бўлганларида Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (эҳромда эканларида) ўзларига ҳадя қилинган гўштни қайтарганларини айтиб бердилар.

Шунингдек, Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадисни эшитсам, ундан мени Аллоҳ Ўзи истаганича фойдалантирар, агар бошқа бировдан ҳадис эшитсам, унга қасам ичирардим ва қасам ичса, айтган ҳадисини тасдиқлар эдим”.

Али, Ибн Аббос ва бошқалар – розияллоҳу анҳум – эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, икки муддатнинг энг узоғида идда сақлайди, деб фатво беришган. Чунки уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сабиъа Асламияга «Унинг иддаси ҳомиласидан бўшангунича», деб фатво берганларидан хабарлари йўқ эди.

Али, Зайд, Ибн Умар ва бошқалар маҳри белгиланмаган ва эри унинг олдига кирмаган аёлнинг эри вафот этса, унга маҳр берилмайди, деб фатво беришган. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бирваъ бинти Вошиқ хусусидаги суннатлари (яъни унга қавмининг аёлларига бериладиган миқдорда маҳр берилиши, тўла идда сақлаши ва меросга ҳақли бўлиши ҳақидаги ҳукмлари – тарж.) етиб келмаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп содир бўлган. Улардан бошқалардан эса бу каби ишлар мингларча содир бўлган бўлиб, уларнинг саноғига етиш имконсиз. Улар умматнинг энг олим, энг фақиҳ, энг тақводор, энг афзал кишилари эди. Кимки саҳиҳ ҳадислар ҳаммаси имомларнинг ҳар бирига ёки муайян бир имомга, албатта етган, деб эътиқод қилса, у қаттиқ адашган бўлади.

Кимдир: «Ҳадислар жамланиб, китоб шаклига киритиб бўлинган, шундай экан, улардан бехабар қолиш мумкин эмасди», деб қолиши мумкин. Бу ҳам тўғри эмас. Чунки машҳур ҳадис девонлари асосан кўпчилик эргашадиган имомлар давридан кейин жамланган. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ҳадислари муайян ҳадис девонларига тўла кирган деб даъво қилиш ҳам тўғри эмас. Гарчи шундай бўлган, деб фараз қилинганда ҳам, бирон бир олим китоблардаги барча маълумотларни тўла эгаллаган бўлиши имкондан ташқари иш ва бу қарийб ҳеч кимга насиб бўлмаган.

Баъзан бир одамда барча девонлар бўлиши мумкин, бироқ бу дегани у уларнинг ичида ёзилганларни тўла-тўкис эгаллаган, деган гап эмас. Балки мазкур девонлар тузилишидан олдин яшаб ўтган зотлар суннатни кейингилардан кўра анча яхши билганлар. Зеро, уларга етиб борган ва уларнинг наздида саҳиҳ бўлган кўпгина ҳадислар бизларга мажҳул бўлиб ёки узуқ санадлар билан ёки нотўлиқ тарзда етиб келган бўлиши мумкин. Зотан, уларнинг қалблари мазкур девонлардаги маълумотларнинг бир неча баробарини ичига олган девонлар эди. Масаладан яхши хабардор бўлган кишига бу нарсалар махфий қолиши мумкин эмас.

«Ким ҳадисларнинг ҳаммасини тўла билмаса, унинг мужтаҳид бўлиши мумкин эмас», деган гап ҳам хато. Чунки мужтаҳид бўлиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларга оид айтган ёки қилган ҳар бир сўз ва хатти-ҳаракатларини билиш шарти қўйилсайди, уммат ичида битта ҳам мужтаҳид бўлмасди. Зотан, киши олим бўлиши учун мазкур нарсаларнинг аксарини – айрим тафсилотларини билмаса ҳам – пухта билиши кифоя. Кейин у ўзи билган тафсилотларга таяниб, бошқа баъзи тафсилотларга зид сўз айтиши ҳам мумкин.

 

Изоҳ қолдиринг