Чақалоққа оид ҳукмлар (3): «Ан ла таъувлув» ояти маъноси ҳақида

0

Бўлим

Аллоҳ азза ва жалланинг: Агар (кўп хотинлар ўртасида) адолат қилолмасликдан қўрқсанглар, битта хотин ёки қўл остингиздаги чўрилар билан чекланинглар. Ушбу (ҳукм) зулм ва тажовуз қилмасликларингизга яқинроқ бўлган ишдир (Нисо сураси, 3), ояти борасида нималар дейилган?

Имом Шофеий: “Оятдаги «ан ло таъувлув»дан мурод «бола-чақангиз кўпаймаслиги», деганидир. Шунга кўра, оят бола-чақанинг кам бўлиши афзалроқ эканига далил бўлди”, деган[1].

Аммо Шофеий роҳимаҳуллоҳнинг бу гапларига салафлар ва кейингилардан бўлган жумҳур муфассирлар хилоф қилиб, “оятнинг маъноси – зулм ва тажовуз қилмасликларингизга яқинроқ бўлган иш, деганидир”, дейишган.

Воҳидий «Басит»да айтади: “Оятдаги «таъувлув»нинг барча тафсир ва луғат аҳли ихтиёр қилган маъноси оғишлик ва зулмга кетиб қолишдир. Бу маъно ҳадисда марфуъ ривоят билан собит бўлган”[2].

Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ан ло таъувлув»нинг маъноси «зулм қилмаслигингиз» деганидир”, деб айтганларини ривоят қилган[3].

«Мойил бўлманглар, оғманглар», деган маъно ҳам ривоят қилинган. Бу Ибн Аббос, Ҳасан, Қатода, Рабеъ, Суддий, Ибн Молик, Икрима, Фарро, Зажжож, Ибн Қутайба ва Ибн Анборийларнинг қавлидир.

Айтаманки: “Шофеий айтган қавл Фарро Кисоийдан ҳикоя қилган луғатга[4] тўғри келса-да, қуйидаги сабабларга кўра биринчи маъно тўғри ҳисобланади:

Биринчиси: Ушбу маъно машҳур бўлиб, арабларнинг луғатида бундан бошқаси деярли билинмаган. «Оола – яъувлув» феъли бола-чақанинг кўпайишига далолат қиладиган маънони Кисоийдан бошқаси айтмаган, балки қолган барча луғат аҳли бунинг хилофини ихтиёр этганлар.

Иккинчиси: Бу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган. Ҳадис ғариб ҳисобланса-да, фикрни таржиҳ қилиш учун яроқли саналади.

Учинчиси: Бу маъно Ойша ва Ибн Аббосдан ривоят қилинган ва муфассирлардан бирортаси бунга қарши чиққани билинмаган. Абу Абдуллоҳ Ҳоким айтганидек: «Саҳобийнинг тафсири биз учун марфуъ ҳадиснинг ҳукмидадир».

Тўртинчиси: Кўп туғувчи бўлган аёлга уйланиш маҳбуб иш экани ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат кунида умматининг кўплиги билан бошқа умматларга фахрланиши борасида зикр қилган далилларимиз бу тафсирни[5] рад этади.

Бешинчиси: Оятнинг мазмуни «улар қўрққан бу жабру зулмдан бошқа нарсага уларни кўчириш»ни англатади. Чунки Аллоҳ таоло бу оятнинг аввалида: Қўл остингизда бўлган етим қизлар борасида адолат қилолмасликдан (яъни уларга бошқа аёлларга бергандек маҳр бермасликдан) қўрқсанглар, (уларни тарк қилинглар ва) ўзингизга маъқул бўлган бошқа аёлларга иккита, учта, тўрттагача уйланинглар (Нисо сураси, 3), деди. Бинобарин, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни етимларга зулм қилиб қўйишдан халос этадиган бошқа нарсага, яъни ўзларига маъқул бўлган, вояга етган аёлларга уйланишга йўллади ва бу ишни уларга мубоҳ қилди. Сўнг уларни ушбу аёллар ўртасида тенглик қила олмасликдан келиб чиқадиган жабру зулмдан халос этадиган ишга йўллаб, Агар (кўп хотинлар ўртасида) адолат қилолмасликдан қўрқсанглар, битта хотин ёки қўл остингиздаги чўрилар билан чекланинглар, деди. Сўнг Аллоҳ таоло битта аёл ёки чўри билан кифояланиш ҳақдан оғмасликка ва зулм қилмасликка яқинроқ иш эканини хабар берди. Оятда кўзланган, очиқ-ойдин бўлган маъно мана шудир.

Олтинчиси: Уларга: «Агар тўртта хотин ўртасида адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, юзта ёки ундан ортиқ чўрилар билан чекланинглар, чунки бу бола-чақангиз кўпаймаслигига яқинроқ бўлган ишдир», деб айтилиши мумкин бўлмаган гапдир.

Еттинчиси: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: «Агар адолат қилолмасликдан қўрқсанглар…» деди, “фақир ёки муҳтож бўлиб қолишдан қўрқсанглар”, демади. Агар оятдан мурод бола-чақанинг камайиши бўлганда, шундай дейилиши муносиброқ бўлар эди.

[1]Аксар муфассирлар ушбу қавлни Имом Шофеийга нисбат берганлар, баъзилари эса Шофеийнинг бу гапини инкор қилиб, бу ўринда хато қилганини айтганлар. Бу қавл Кисоий ва Ибн Арабийга нисбат берилган, шунингдек, у Зайд ибн Аслам ва Ибн Зайднинг сўзидир. Қаранг: «Вадоҳул бурҳон» (1/273-274), Илкиё Ҳарросий, «Аҳкомул Қуръон» (1/323), «Тафсирул хозин» (1/322), «Тафсири Ибн Касир» (1/451), «Тафсири Бағовий» (1/392), «Зодул масир» (2/9-10).

[2]Кейинги изоҳга қаранг.

[3]Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида (4029, 9/338-339) ривоят қилган. Қаранг: «Дуррул мансур» 2/119), «Тафсири Ибн Касир» (1/451), «Тафсири Қуртубий» (5/20).

[4]Фарро Кисоийдан ҳикоя қилишича, у: «Саҳобалардан баъзилари «оола – яъувлув» нинг маъноси бола-чақанинг кўпайишини англатишини айтганлар», деди. Кисоий: “Бу фасиҳ луғат бўлиб, уни араблардан эшитганман”, деган.

[5]Яъни Имом Шофеийга нисбат берилган тафсир.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг