Тафсир: Бақара сураси, 28-29 оятлар

0

كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (28)

  1. Эй инсонлар! Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар?! Ҳолбуки, сизлар ўлик эдингиз, У зот сизларни тирилтирди. Сўнгра сизларни ўлдириб, сўнг яна тирилтиражак. Сўнг, Унинг ҳузурига қайтарилажаксиз.

Бу Аллоҳ таоло тарафидан таажжуб, дашном ва инкор маъносидаги сўроқ гапдир. Яъни сизларни йўқдан бор қилган, турли-туман неъматлар ато этган, сўнг ажалингиз етганида ўлдирадиган, қабрларда қисман мукофот ёки жазо берадиган, сўнг қайта тирилиш кунида сизларни яна тирилтирадиган, сўнг Ўзининг ҳузурига қайтариб, тўла-тўкис мукофот ёки жазо берадиган Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар, У зотни қандай қилиб инкор этасизлар?! Модомики, сизлар Аллоҳнинг тасарруфи, бошқаруви, яхшилиги, диний буйруқлари, ундан кейин У зотнинг ҳисоб-китоби ва мукофот ёки жазоси остида экансизлар, куфр келтиришингиз нимаси?! Ахир бу иш ўта нодонлик ва ҳаддан ташқари эсипастлик эмасми?! Аслида, сизларга лойиқ ва муносиб иш У зотга тақво ва шукр қилиш, иймон келтириб, азобидан қўрқиш, савобини умид қилиш эмасмиди?!

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاء فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ (29)

  1. У шундай улуғ бир Зотки, ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратди. Сўнг осмонни қасд қилди ва уни етти осмон ўлароқ тартибга келтирди. У ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

Аллоҳ яхшилик ва раҳмат ўлароқ, ер юзидаги барча нарсани сизлар фойдаланишингиз, қувнаб-яйрашингиз ва ибрат олишингиз учун яратди.

Мазкур оятдан аслида ер юзидаги барча нарса ҳалол ва пок эканига далил олинади. Чунки бу оят Аллоҳ таоло бандаларига ато этган яхшиликлари ва неъматларини миннат қилиши асносида зикр этилди. Бироқ бу нарсалар ичидан ифлос ва зарарли нарсалар чиқиб кетади. Зеро, уларнинг ҳаромлиги ҳам шу оят мазмунидан тушунилади. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсаларни бизлар учун, бизларнинг фойда ва манфаатларимизни кўзлаб яратдими, демак, зарарли нарсалар бундан мустаснодир. Бизларнинг манфаатимизни кўзлаб ифлос ва зарарли нарсалардан узоқ туришимизни талаб этиши ҳам Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларининг тўкислигидандир.

Сўнг осмонни қасд қилди ва уни етти осмон ўлароқ тартибга келтирди. У ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

«Иставо» феъли Қуръони каримда уч хил маънода келади. Гоҳида бу феъл ҳеч қандай олд қўшимчасиз келиб, «камолга етиш» маъносини англатади. Бунга Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом тўғрисида айтган қуйидаги сўзини мисол қилиш мумкин: «Мусо (жисмоний ва ақлий жиҳатдан) қувват ва камолга етганида…» (Қасас сураси, 14). Гоҳида эса «алаа» олд қўшичаси ёрдамида «устига чиқди, кўтарилди» маъноларини ифода этади. Масалан, «Раҳмон арш устига чиқди (ёки аршга кўтарилди)» (Тоҳа сураси, 5), «Унинг (яъни уловнинг) устларига чиқишингиз (яъни унга минишингиз) учун» (Зухруф сураси, 13). Ундан ташқари, тафсир қилаётган оятимиздаги сингари, «илаа» олд қўшимчаси ёрдамида келса, «қасд қилиш» маъносини англатади. Яъни Аллоҳ таоло ерни яратгач, осмонларни яратишни қасд қилди ва уларни еттита осмон шаклига келтирди, уларни ниҳоят даражада пухта, мустаҳкам, аниқ ва ажойиб қилиб яратди. Аллоҳ барча нарсани билувчи олим Зот бўлиб, ерга нима киряпти-ю ундан нима чиқаётганини, осмондан нима тушаётгани-ю унга нима чиқаётганини, сизлар нимани сир тутяпсизлар-у нимани ошкор қилаётганингизни, сирни ва энг махфий нарсаларни ҳам билиб туради.

Аллоҳ таоло мазкур оятдаги каби кўпинча яратувчанлиги билан билувчанлигини  кетма-кет зикр қилади. Буни, жумладан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида ҳам кўриш мумкин: «Ахир яратган Аллоҳ (ёки Аллоҳ Ўзи яратганини) билмайдими?! Ҳолбуки, Аллоҳ (энг нозик ва яширин нарсаларни ҳам билувчи, уларни лутф, ҳикмат ва юмшоқлик билан бошқарувчи) латиф ва (барча нарсанинг икир-чикиридан хабардор бўлган) хабир зотдир» (Мулк сураси, 14). Чунки Аллоҳ махлуқотларни яратиши Унинг илми, ҳикмати ва қудратига далолат қилувчи энг ёрқин далил саналади.

Изоҳ қолдиринг