Таҳорат: Таҳоратни бузувчи амаллар (1)

0

Таҳоратни бузувчи амаллар

Биринчидан: олд ва орқа авратдан чиққан нарсалар.

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, орқа авратдан ахлат чиқиши, эркак ёки аёлнинг олд авратидан сийдик ёки мазий чиқиши, орқа авратдан ел чиқиши ҳамда қандай йўл билан бўлмасин ақлнинг кетиши таҳоратни бузадиган амаллардир»[1].

Мазкур амалларнинг таҳоратни бузишига далиллар:

Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сизлардан бирингиз ҳожат еридан келса (яъни ҳожат чиқарса)» (Нисо сураси, 43).

Маҳсига масҳ тортиш тўғрисидаги Сафвон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида шундай дейилади: «Агар сафарда бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ҳожат ёки уйқу сабабли маҳсиларимизни уч кундуз-у уч кеча ечмасликка буюрар эдилар. Жанобат ҳолати бундан мустасно (бўлиб, жунуб бўлсак мазкур муддат асносида ҳам маҳсиларимизни ечишга буюрар эдилар)»[2].

Юқоридаги оят ва ҳадисдан ҳожатга чиқиш таҳоратни бузиши ва у сабабли таҳорат олиш вожиблигига далолат қилади.

Ел чиқариш таҳоратни бузишига келсак, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Таҳоратини бузган киши таҳорат олмагунча Аллоҳ намозини қабул қилмайди». Ҳазрамавтлик бир киши Абу Ҳурайрадан сўради: «Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни бузадиган нарса нима?» Абу Ҳурайра деди: «Овозсиз ёки овозли ел чиқаришдир»[3].

Мазий таҳоратни бузишига келсак, Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у ҳақда сўраганида у зот шундай жавоб берадилар: «Таҳорат қил ва олатингни юв»[4].

Вадий ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «Маний, вадий ва мазий. Маний чиқса, ғусл қилинади. Аммо мазий ва вадий чиқса, мукаммал таҳорат олиниб, олат ювилади»[5].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Агар орқа авратдан қурт, майда тош ва шунга ўхшаш ноодатий бирон нарса чиқса, аксар уламоларнинг фикрича, таҳорат бузилади.

  2. Агар олд ёки орқа авратга бирон нарса киргизилиб-чиқарилса, таҳорат бузилади. Чунки бу авратлар одатда ҳўл нажосатдан холи бўлмайди.

  3. Агар олд ёки орқа авратдан бошқа жойдан ахлат ёки сийдик чиқса, рожиҳ фикрга кўра, таҳорат бузилади. Юқорида келтирилган Сафвон розияллоҳу анҳу ҳадисидаги «ҳожат ёки уйқу сабабли» деган сўзнинг умумий маъноси шунга далолат қилади. Чунки ҳадисда бу нажосатларнинг одатий жойдан ёки бошқа жойдан чиқиши ажратилмаган.

Иккинчидан: уйқу.

Юқоридаги Сафвоннинг ҳадисида уйқу таҳоратни бузадиган амаллардан бири экани ўтди. Ундан ташқари уйқу таҳоратни бузиши тўғрисида бошқа талай ҳадислар ҳам келган.

Жумладан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Кўз орқа авратнинг боғичидир. Кимда ким ухласа, таҳорат қилсин»[6].

Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бу ҳадисга зид келмайди. Ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари хуфтон намози(нинг вақти)ни кутиб ўтирар эдилар. Ҳатто (кутавериб) бошлари эгилиб (ухлаб) қолар эди. Сўнг (янгидан) таҳорат қилмасдан намоз ўқир эдилар»[7]. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида «ерга ёнбошлаб ухлар эдилар», дейилса, Термизийга оид бир ривоятда эса «Ҳатто улардан хуррак товушлари эшитилар эди», дейилади.

Сиртдан қараганда бир-бирига қарама-қарши бўлган мазкур ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш мумкин. Унга кўра, таҳоратни бузадиган уйқудан мурод инсондаги ҳис аъзолари ҳаракатдан тўхтаган чуқур уйқудир. Аммо чуқур уйқуга кетишдан олдинги енгил уйқу таҳоратни бузмайди.

Эслатмалар:

а) Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар иттифоқ қилишича, ақлдан озиш ёки ҳушдан кетиш сабабли ақлнинг кетиши ёки ароқ, вино, наркоз ёки бирон дори ичиш сабабли маст бўлиш таҳоратни бузади. Бунинг учун инсон  ақлини йўқотган ёки маст бўлган муддатнинг қисқа ёки узунлиги, шунингдек, бу вақтда унинг кети билан ерга ўрнашиб ўтирган-ўтирмаганининг аҳамияти йўқ»[8];

б) Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шофеий мазҳаби уламолари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошлаб ухласалар ҳам, таҳоратлари бузилмас эди. Бу у зотга хос хусусиятлардан биридир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухладилар, ҳаттоки у зотнинг хуррак отганларини эшитдим. Сўнг (уйқудан уйғониб) таҳорат олмасдан намоз ўқидилар»,[9] деган саҳиҳ ҳадис шунга далолат қилади»[10].

(Давоми бор)

[1] «Ал-ижмоъ», 3-бет.
[2] Санади ҳасан. Термизий (96, 3535), Насоий (1/83, 84), Ибн Можа (478), Аҳмад (4/240) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (104) ҳасан деган.
[3] Бухорий (135), Муслим (225), Абу Довуд (60), Термиий (76) ривояти.
[4] Бухорий (269), Муслим (303), Абу Довуд (206), Термизий (114), Насоий (1/96), Ибн Можа (504) ривояти.
[5] Саҳиҳ. Ибн Абу Шайба (1/89), Байҳақий (1/169) ривояти.
[6] Санади ҳасан. Абу Довуд (203), Ибн Можа (477), Аҳмад (1/111) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (200), Дорақутний (1/130), Байҳақий (1/119) ривояти. Шунингдек, Муслим (376) ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган.
[8] “Шарҳу Саҳиҳи Муслим”, 4/74.
[9] Бухорий (117, 138, 183), Муслим (763), Абу Довуд (58) ривояти.
[10] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 4/74.

Изоҳ қолдиринг