Муфассирлар: Абу Исҳоқ Зажжож (2)

0

Ўтган мақоламиз сўнгида Зажжож билан Мубаррид ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақида сўз юритган эдик. Хуллас, илм олиш эвазига умрининг охирги лаҳзасигача ҳақ тўлаб ўтишга рози бўлган Зажжож устози Мубарриднинг этагини маҳкам ушлаб, ундан таълим олишга киришади. Мубаррид ваъдасига биноан қўлидан келгунча Зажжожга бор илмини ўргатади. Юксак рағбати, метиндек сабри ва зукколиги туфайли Зажжож Мубарриддан наҳв фанидаги басраликларнинг фикрларини ва араб адабиётини пухта ўзлаштиради, ҳатто Мубарриднинг энг ишончли ва энг кучли шогирдига айланади. Ҳатто ким Мубарриддан дарс олмоқчи бўлиб, унинг олдига келса, олдин Зажжожнинг олдига бориб, ундан дарс олишга буюрар эди. Шунингдек, Мубарриддан дарс олиш мақсадида ҳузурига шогирдлари келса, уларга: “Агар орангизда Абу Исҳоқ Зажжож бўлса, дарс қиламиз, бўлмаса, қайтиб кетаверинглар”, дер эди. Шу тариқа Зажжож одамлар орасида ном қозона бошлади ва ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб, Боғдоднинг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида зикр қилинадиган бўлади. Бу Зажжожнинг буюк мартабаларга юксалишининг илк поғоналари эди.

Эгаллаган мансаблари:

Зажжож одамлар орасида таниқли шахсга айланган бўлса-да, ҳамон моддий тангликда ҳаёт кечирарди. Кунига бир ярим ё икки дирҳам топар, унинг ҳам бир дирҳамини устозига берар эди. Аммо у бу қийинчиликларга парво қилмай илм олишда давом этаверди.

Кунларнинг бирида Саро дарёси яқинида яшовчи обрўли ва бой-бадавлат хонадонларнинг бири ўз фарзандларига наҳв фанидан дарс берадиган устоз топишга ёрдам беришни сўраб, Мубарридга мактуб йўллайди. Чунки Мубаррид ўша пайтда бу фанни пухта ўзлаштирган ва бу вазифани бажаришга қурби етадиган кўплаб шогирдларга эга Бағдоддаги кўзга кўринган олимларнинг бири эди. Шу воқеадан сўнг Зажжожнинг моддий ҳолати анча яхшиланади. Келинг, бу воқеани Зажжожнинг ўзидан тингласак.

Зажжож айтади: “Саролик нуфузли хонадонларнинг бири фарзандларига наҳвдан дарс берадиган ўқитувчи излаётганини ёзиб, Мубарридга хат юборишди. Мен унга: “Уларга мени тавсия қилинг”, дедим. У сўзимни инобатга олиб, мени тавсия қилди. Шундай қилиб, ушбу хонадоннинг фарзандларига дарс бера бошладим. Ҳар ой Мубарридга ўттиз дирҳам юборар, имконим борича унинг ҳолидан хабар олиб турар эдим[1].

Зажжож обрўли хонадон фарзандларига ўқитувчи бўлганидан сўнг унинг моддий ҳолати анча яхшиланади. Маълум бир вақт ўтганидан сўнг вазир Убайдуллоҳ ибн Сулаймон ўғли Қосимга таълим-тарбия берадиган моҳир бир устоз топишга ёрдам сўраб, Мубарридга мурожаат қилади. Мубаррид вазирга ҳам Зажжожни тавсия қилиб, ҳозирда у саролик хонадон фарзандларига устозлик қилаётганини айтади. Шунда вазир бу хонадон аҳлига Зажжожни ўз ўғлига таълим-тарбия берадиган устоз қилиб олмоқчилигини, шу боис уни ҳозирги вазифасидан озод этишларини илтимос қилиб мактуб йўллайди. Улар вазирнинг сўзини ерда қолдирмай, бунга рози бўлишади. Сўнг вазир Зажжожни олиб келиб, уғли Қосимни унинг қўлига топширади.

Шундай қилиб Зажжож вазир ўғлининг тарбиячиси ва устозига айланади. Кўп ўтмай Зажжож билан Қосим ўртасида илиқ муносабат, меҳр-оқибат пайдо бўлади ва у вазир хонадонининг ишончли вакилига айланди. Бунинг ортидан у катта обрўга ва кўп мол-дунёга эришади. Кунларнинг бирида Қосим устози Зажжожга: “Бир кун келиб вазир бўлсам, сизга йигирма минг динор бераман”, дея ваъда қилади. Орадан кўп ўтмай, Қосим отаси ўрнига вазир этиб тайинланади ва устозига берган ваъдаси устидан чиқади. Зажжож айтади: “Шу воқеа бойиб кетишимга сабаби бўлди. Мен Абул Аббос Мубарридга келишилган пулни то у вафот этгунига қадар бериб бордим[2].

Шу тарзда Зажжож вазирнинг устози деган олий мартабага эришади. Албатта, Зажжожнинг бундай олий мартабаларга кўтарилишида устози Мубарриднинг ҳиссаси катта бўлди. Шунингдек, Зажжожнинг қанча қийин бўлмасин, илм олиш йўлидаги машаққатларга сабр қилиши ва ўзи муҳтож бўлишига қарамай, илм йўлида мол-мудёсини сарфлаши самараси ҳам эди, десак янглишмаймиз.

Кунларнинг бирида халифа Мўътазид Аҳмад ибн Талҳа ўз аъёнлари билан суҳбатлашиб ўтирганида улардан бири “Жомеун нутқ” китобини мақтай кетади. Ушбу китоб араб тили қомуси бўлиб, уни Маҳбаратун Надим номи билан машҳур бўлган луғатшунос олим Муҳаммад ибн Яҳё халифа Мўътазид учун ёзган эди. Унинг сўзидан таъсирланган халифа ушбу китобни ўқимоқчи бўлади. Аммо китоб бироз қийинроқ услубда ёзилгани боис уни тушунишга қийналади ва вазиридан бу китобни шарҳлаб берадиган бир олим топишини сўрайди. Дастлаб вазир Қосим ўша пайтда араб тили ва адабиёти илмида Бағдод шаҳрининг пешво олимларидан бўлган Саълабга мурожаат қилади. Саълаб бу китобни варақлаб кўргач, уни шарҳлашга кучи етмаслигини айтади. Сўнг вазир бу таклиф билан Мубарридга мурожаат қилади. Мубаррид китобга назар солиб: “Китобнинг ҳажми катта экан. Уни изоҳлаш учун кўп вақт ва кўп куч сарфлаш керак бўлади. Мен эса кексайиб қолдим, уни шарҳлашга мадорим етмайди. Яхшиси, сизлар шогирдим Зажжожга мурожаат қилинглар. Бу иш унинг қўлидан келади деб умид қиламан”, деб жавоб беради. Сўнг вазир Қосим Мубарриднинг жавобига биноан устози Зажжожга мурожаат қилади. Зажжож китобни шарҳлаб беришга рози бўлади. У дастлаб китобнинг бир қисмини шарҳлаб, халифага тақдим қилади. Халифа китобни ўқигач, Зажжожнинг шарҳидан лол қолиб, унга уч юз динор мукофот беришга буюради ва китобнинг қолган қисмини ҳам шарҳлаб беришини сўрайди. Зажжож китобнинг қолган қисмини шарҳлашга киришади ва китобнинг барчасини шарҳлаб бўлгач, уни халифага тақдим қилади. Шу воқеадан сўнг халифа Зажжожни ёқтириб қолади ва уни ўзининг яқин аъёнларидан бири этиб тайинлайди. Шунингдек, Зажжожга ҳар ой уч юз динор маош беришга буюради[3]. Ҳолбуки, ўша пайтда аъёнлар, фуқаҳолар ва олимлар ойига юз динор маош олишар эди.

Шу тариқа Зажжожнинг мартабаси янада юксалади ва у энг бадавлат инсонларнинг бири қаторига қўшилади. Зажжож халифанинг яқин ва суюкли аъёнларидан бирига айланади.

(Давоми бор)

[1] Ибн Анборий, “Нузҳатул алиббо”, (184 бет).

[2] Ибн Анборий, “Нузҳатул алиббо”, (184 бет).

[3] Ёқут, “Мўъжамул удабо” (62-63 бет)

Изоҳ қолдиринг