Никоҳ: Эмизишга оид мулоҳазалар ва эслатмалар

0

Эмизишга оид мулоҳазалар ва эслатмалар

  1. Шуни яхши билиш лозимки, эмиш сабабли маҳрамлик ҳосил бўлиши фақат аёлни эмган болага тегишли бўлиб, унинг даражасидаги ака-укалари ва опа-сингилларига таъсир қилмайди.

Масалан, бола бир аёлни эмса, эмизган аёл унга маҳрам бўлади. Шунингдек, аёлнинг барча қизлари ва опа-сингиллари ҳам унга маҳрам бўлиб қоладилар. Бироқ эмган боланинг ака-укаларидан бири эмизган аёлга ёки унинг қизлари ва опа-сингилларига уйланиши дурустдир. Айни пайтда сут соҳиби, яъни эмизган аёлнинг эри, унинг ота-боболари ва ўғиллари эмган боланинг опа-сингилларига уйланишлари ҳам жоиз.

Яъни маҳрамлик фақат аёлни эмган болага тааллуқли бўлади. Чунки айтиш мумкинки, кимда ким эмиш сабабли бир хонадонга кирган бўлса, гуёки ўша оиланинг насабдош фарзандига айланади. Бироқ эмган боланинг ака-укалари, опа-сингиллари бу хонадонга нисбатан маҳрам саналмайдилар, чунки улар аёлни эмган эмаслар.

  1. Қуда-андачилик сабабли маҳрамга айланган кишиларни эмиш ҳам маҳрамга айлантирадими?

Тўрт мазҳаббоши имомлар фикрига кўра, маҳрамга айлантиради. Лекин Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Агар биров маҳрамга айлантирмайди, деса, шу фикр кучлироқ бўлади»[1]. Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам Ибн Таймиянинг фикрини рожиҳ-устун деб билган[2].

Шунга биноан, инсон хотинининг насабдош онасига (яъни қайнонасига) уйланиши ҳаром бўлганидек, унинг эмикдош онасига ҳам уйланиши ҳаромдир (жумҳур уламолар фикрига кўра)[3].

Аммо Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига кўра, инсон аёлининг эмикдош онасига уйланиши жоиз.

  1. Қандай қилса, бир марта эмган ҳисобланади?

 Уламолар бу борада ихтилоф қилишган. Рожиҳ фикрга кўра, бу борада урфга қараб иш юритилади. Эмиш асносида боланинг нафаси тиқилиб қолиши, қисқа муддат дам олиши, нимагадир чалғиши ёки бир кўкракдан иккинчисига ўтиши туфайли эмишдан тўхташи билан бир марта эмган ҳисобланмай, балки бунинг учун у аёл кўкрагини ўз ихтиёри билан қўйиб юбориши лозим. Шунингдек, эмизувчи аёл боладан кўкрагини тортиб олса ҳам, бир марта эмган ҳисобланмайди. Чунки эмиш эмизувчи аёлнинг хатти-ҳаракати билан эмас, балки боланинг хатти-ҳаракати билан ниҳоясига етиши лозим.

  1. Бевосита кўкракдан эмиш шартми?

Зоҳирийлар мазҳабига кўра, бола бевосита аёлнинг кўкрагидан эмиши шарт. Чунки бусиз бола эмган саналмайди. Сутни бирон идишга соғиб, сўнг болага ичирилса, бу ишга «эмди» эмас, балки «ичди», дейилади. Шунинг учун, бу мазҳаб фикрига кўра, боланинг бевосита кўкракдан эмгани инобатга олинади, холос, унинг бурнига ёки оғзига томизилгани, шунингдек, нина орқали юборилгани, идишдан ичгани, овқатга қўшиб берилгани ва шунга ўхшаш билвосита боланинг ичига кирган сут билан эмикдошлик собит бўлмайди.

Аммо жумҳур уламолар фикрича, аёлнинг сути боланинг оғзига соғилса, уни идишдан ичса, нина орқали кирса, овқатга қўшиб берилса ёки шунга ўхшаш тарзда истеъмол қилса ҳам, маҳрамлик ҳукми собит бўлади. Чунки бу борада эътиборга олинадиган омил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Маҳрамликни келтириб чиқарадиган) эмизиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда содир бўлган эмизишдир» ҳамда «ичакларни тўлдирган …эмизиш сабаблигина маҳрамлик пайдо бўлади» деган сўзларида зикр қилинган омилдир. Ҳадисда қорин тўйиши ва сут билан ичакларнинг тўлиши-очилиши иллат-сабаб ўлароқ кўрсатилган. Бинобарин, қайси йўл билан бўлмасин, аёл сути билан боланинг қорни тўйса, ичаклари очилса, сутга тўлса, маҳрамлик собит бўлади.

Менимча, рожиҳ-устун фикр маҳрамлик келтириб чиқарадиган эмиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда бевосита кўкракдан эмишидир, валлоҳу аълам. Чунки, биринчи ҳадисда икки нарса шарт қилинган: биринчиси эмиш, иккинчиси эмишнинг вақти. Шунга кўра, эмиш белгиланган вақтда содир бўлса, ҳисобга олинади, маҳрамлик собит бўлади. Агар эмиш белгиланган вақтда содир бўлмаса, инобатга олинмайди. Шунингдек, хоҳ одатий эмизиш вақтида бўлсин, хоҳ ундан бошқа вақтда бўлсин, боланинг қорни сутни оғзи ёки бурнига томизиш ёки идишдан ичиш каби бевосита эмишдан бошқа йўл билан тўйдирилса, маҳрамлик собит бўлмайди.

 Иккинчи ҳадис («ичакларни тўлдирган …эмизиш сабаблигина маҳрамлик пайдо бўлади») ҳам биринчиси кабидир. Қолаверса, боланинг кўкракни сўриши сутни идишдан ичишидан фарқ қилади. Зеро, бола жағларини қимирлатиб, куч сарфлаб, кўкракни сўриши натижасида ичаклари тортилиб, очилади.

Борди-ю, ҳар қандай йўл билан аёлнинг сути боланинг қорнига кириши билан ҳам ичаклари очилиб, сутга тўлишига таслим бўлинган тақдирда ҳам, юқорида зикр қилинган ишлар ичида фақат идишдан ичишгагина эътироз бўлмайди. Чунки боланинг сутни идишдан ичиши кўкракдан эмишга ўхшаб кетади.

Бироқ сутни оғиз ва бурунга томизиш, нина орқали юбориш, дори сифатида ишлатиш, таомга қўшиб бериш, кўзга сурма қилиб қўйиш ва шунга ўхшаш фуқаҳолар бу борада доирани кенг олган ишларда бу омил учрамайди.

Менинг хулосам бўйича, валлоҳу аълам, маҳрамликни собит қиладиган эмиш боланинг бевосита аёлнинг кўкрагидан эмишидир. Бу хусусда уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Шунингдек, эҳтиёт юзасидан идишдан ичган ҳолатда ҳам маҳрамлик келтириб чиқаради, дейиш мумкин. Аммо ундан бошқа ҳолатларда маҳрамлик собит бўлмайди.

Лайс ибн Саъд роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёлнинг сутини боланинг бурнига томизиш ёки дори сифатида унга ичириш билан маҳрамлик собит бўлмайди. Чунки бунга эмиш дейилмайди, бевосита кўкрагидан эмсагина, эмиш бўлади».

Ато ибн Рабоҳдан аёлнинг сутини ёш боланинг бурнига томизиш ва уни боланинг кўзига суриш билан маҳрамлик собит бўлиш-бўлмаслиги ҳақида сўралганда у: «Бу билан маҳрамлик собит бўлишини ҳеч эшитмадим», деб жавоб берган.

  1. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Боланинг эмган-эммаганида ёки эмгани аниқ бўлса-да, маҳрамликни келтириб чиқарадиган даражада тўлиқ беш марта эмган-эммаганида шак пайдо бўлса, маҳрамлик собит бўлмайди. Чунки асл қоида эммаганидир. Бинобарин, талоқ тушган-тушмаганида шак қилинганидагига ўхшаш, шак билан аниқ ва ишончли ҳукм тарк қилинмайди»[4].

  2. Бокира аёл ёки ҳомиладор бўлмаган жувоннинг кўкрагига сут келса ва шу сути билан биронта болани эмизса, маҳрамлик собит бўлади[5].

Шунингдек, бирон дори истеъмол қилиш сабабли сут келса ва шу сути билан биронта болани эмизса ҳам маҳрамлик собит бўлади. Бироқ бу ҳолатда эмизиш эмизган аёлнинг эрига таъсир этмайди, яъни у боланинг эмикдош отасига айланмайди. Чунки сутнинг келишига эр сабабчи бўлмаган, валлоҳу аълам.

  1. Бировнинг боласини эмизиш масаласига бепарво ёндашмаслик керак. Агар шундай ҳолат юз берса, аёл эмизган боласини, бола томон эса эмизган аёл, унинг фарзандлари ва опа-сингиллари, эри ва эрининг маҳрамлари кимлигини ажратиб олишлари лозим. Яхшиси, эҳтиёт йўлидан бориб, бирон зарурат туғилмаса, келажакда ҳаром ишга қўл уриб қўймаслик учун бировнинг боласини эмизмаган маъқул.

  2. Агар бир эркак билан аёл турмуш қуришса-ю, сўнг ўрталарида эмикдошлик жиҳатидан маҳрамлик борлиги маълум бўлса, дарҳол ажрашишлари лозим бўлади. Агар бу иш жинсий яқинликдан олдин маълум бўлса, аёлга маҳр берилмайди. Борди-ю, жинсий яқинликдан кейин маълум бўлса, аёл маҳрга ҳақли бўлади. Агар ўрталарида фарзанд туғилса, эрга нисбат берилади.

[1] Ибн Қаййимнинг «Зодул маъод» (5/55-564-бетлар) китобидаги ушбу мавзуга оид баҳсга мурожаат қилинг.
[2] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ», 5/203-206-бетлар. «Ал-ислаамийя» нашриёти.
[3] Масалан, сиз бир аёлга уйландингиз. У ёшлигида бир аёлни эмган ва у аёлингизнинг эмикдош онасига айланган. Ушбу ҳолатда сиз аёлингизни эмизган аёлга уйланишингиз жоизми ёки у ҳам аёлингизнинг ҳақиқий онаси (яъни қайнонангиз) сингари сизга маҳрам бўлиб қоладими?
[4] «Ал-муғний», 7/537.
[5] Қаранг: «Ал-умм» (4/42), «Ал-муғний» (7/546).

Изоҳ қолдиринг